Қирғизистон Президенти Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг раисини қабул қилди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Бишкекка расмий ташрифи доирасида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Парламент юқори палатасидан маълум қилишларича, Қирғизистон Президенти мустақилликнинг 30 йиллиги нишонланаётган кунларда амалга оширилган ушбу ташрифнинг аҳамияти ва муҳимлигини қайд этди. Шунингдек, у қардош ўзбек халқини мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги билан қутлади.
Томонлар муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шу жумладан, парламентлараро ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Президент Садир Жапаров дўстлик, аҳил қўшничилик ва стратегик ҳамкорлик тамойилларига асосланган Қирғизистон - Ўзбекистон муносабатлари юксак даражага етганини мамнуният билан қайд этди. Икки давлат раҳбарларининг очиқ ва ишончли алоқалари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашнинг муҳим асоси эканини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан Президент Садир Жапаров икки томонлама ҳамкорликда жорий йилнинг март ойида Тошкентга амалга оширган давлат ташрифи муҳимлигини таъкидлади.
Садир Жапаров Ўзбекистоннинг гендер сиёсатни амалга ошириш, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари, шу жумладан, «Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти» ташаббусига юқори баҳо берди. Шу кунларда бўлиб ўтаётган «Қирғизистон ва Ўзбекистон тадбиркор аёллари мулоқоти» бизнес-форумига муваффақият тилади ва бундай лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раҳбари Танзила Норбоева самимий меҳмондўстлик учун Қирғизистон томонига чин дилдан миннатдорлик билдирди. Сенат раҳбари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий табриги ва эзгу тилакларини етказди ҳамда Ўзбекистон раҳбари Қирғизистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлашини билдирди.
Суҳбат давомида томонлар юксак даражадаги келишувларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш ва самарали парламент назоратини таъминлаш, икки мамлакат минтақалари ўртасидаги ҳамкорлик, шу жумладан, чегара ҳудудларининг маҳаллий муниципал Кенгашларининг самарали алоқаларини фаоллаштиришга қаратилган икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштиришни таъкидладилар. Бундан ташқари, икки мамлакат аҳолисининг кенг қатламлари ўртасида яқин маданий-гуманитар алоқалар ва мулоқот учун барча зарур қулай шарт-шароитлар яратишнинг муҳимлигини таъкидладилар.
Учрашув чоғида, шунингдек, икки томонлама аҳамитятга молик бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
/«Дунё» АА/.