23 июнь —Халқаро Олимпия қўмитасига асос солинган кун
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Бундан 126 йил аввал барон Пьер де Кубертен бошчилигида Олимпиадани тиклаш учун энг катта қадам қўйилди, яъни 1894 йилнинг 23 июнь куни Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ)га асос солинди. Шундан буён ушбу сана «Олимпия куни» сифатида нишонлаб келинади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири
Бугунги кунга келиб “Олимпия куни” дунёда энг оммавий тарзда нишонланадиган спорт байрамларидан бирига айланган. Ҳар йили Халқаро Oлимпия қўмитасига аъзо 205 давлат иштирокида ўтказиладиган спорт ва саломатлик байрамида миллионлаб инсон бевосита иштирок этишмоқда. Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини ҳамда Олимпизм ғояларини кенг тарғиб этиш, катта-ю, кичик қалбида жисмоний тарбия ва спортга бўлган меҳрни янада юксалтиришдан иборат.
Мамлакатимизда аҳоли ўртасида спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жаҳон ареналарида спортчиларимизнинг муносиб иштирок этиб, юқори марраларни забт этиши учун шу кунга қадар Президентимизнинг жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга оид ўндан ортиқ фармон ва қарори, улар асосида Вазирлар Маҳкамасининг кўплаб қарорлари қабул қилинмоқда.
Коронавирус сабаб 2020 йилга белгиланган Олимпия ва Паралимпия ўйинлари 1 йилга қолдирилди. Бироқ «Олимпия куни» ортга сурилмайдиган умумбашарий байрамдир. Шу боис ҳам дунёнинг барча мамлакатларида ушбу кун катта шодиёна билан нишонланмоқда. Жумладан, мамлакатимизда ҳам «Олимпия куни» 20 июнь куни пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда катта онлайн тадбир қилиб нишонланди. Шу куни “ZOOM” платформасида ўзбек спортининг ёрқин юлдузлари, федерация ва ассоциациялар раҳбарлари, спортчи ва мураббийлар, санъат олами вакиллари жам бўлиб, бир-бирларини «Олимпия куни» билан қутлашди.
Қайд этиш жоиз, мазкур мулоқот чоғида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишнинг инсон саломатлиги учун фойдали экани яна бир карра таъкидлаб ўтилди.
Миллий олимпия қўмитаси бу йилги «Олимпия куни» тантаналарини 15 июнь кунидан бошлади. Шу куни «Виртуал югуриш мусобақаси»га старт берилди ва бугунги кунга қадар мазкур онлайн мусобақада 500 га яқин юртдошимиз иштирок этди. Мазкур мусобақа 22 июнга қадар давом этди. Шунингдек, 17 июнь кунидан бошлаб республика оммавий ахборот воситалари, давлат ва хусусий телеканаллар, интернет сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқларда «Олимпиада бу…..» рукни остида янги лойиҳа ташкил этилди.
Таъкидлаш керак, мазкур лойиҳада ўзбек ва жаҳон спортининг энг ёрқин вакиллари иштирок этиши, унга бўлган қизиқишни икки карра оширди.
UzA