3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" биринчи саммити бўлиб ўтади
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" биринчи саммити бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтадиган саммит ишида Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта, Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этади.
"Келажакка сармоя киритиш" шиори остида ўтказиладиган тадбирда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Европа инвестиция банки раҳбарлари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилади.
Инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва товар айирбошлашни кўпайтириш, инновациялар, "яшил" энергетика, тоғ-кон, қишлоқ хўжалиги, транспорт, логистика ва рақамлаштириш соҳаларида қўшма дастур ва кооперация лойиҳаларини илгари суриш, маданият, туризм, фан, таълим ва бошқа устувор йўналишларда фаол алмашинувларни давом эттириш масалалари диққат марказида бўлади.
Делегациялар раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашадилар.
Дастурга мувофиқ, Марказий Осиё давлатлари етакчилари ва Европа Иттифоқининг асосий институтлари раҳбарлари 4 апрель куни ўз ишини бошлайдиган Самарқанд халқаро иқлим форумининг ялпи мажлисида иштирок этади.
Бундан ташқари, саммит доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти хорижий делегациялар раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиши кўзда тутилган.