Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

АДОЛАТ — ҲАЁТИМИЗ ВА ДАСТУРИМИЗНИНГ БОШ МЕЗОНИ

2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили 2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O'zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovlari - 2021 O’zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovlari - 2021 Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
АДОЛАТ — ҲАЁТИМИЗ ВА ДАСТУРИМИЗНИНГ БОШ МЕЗОНИ

Мамлакатимиз келажагига доир муҳим сиёсий жараёнда Президентликка номзод сифатида иштирок этиш фақат мен учун эмас, балки партиямиз учун ҳам катта синовдир. Шу маънода айтиш жоизки, Ўзбекистоннинг бугунгача бўлган тараққиёти натижаларини умумлаштириб ва камчиликларини бартараф этиш учун билдирган таклифларимиз асосида сайловолди дастуримизни ишлаб чиқдик. Бу дастур халқимизни ўйлантираётган ва ечимини кутаётган масалалар ўрин олгани билан ажралиб туради. Сайловолди дастуримиз “Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони”, деган бош шиоримиз билан бошланади. Биз мамлакатимиз тараққиётига ғов бўлаётган айрим тўсиқларни бартараф этиш мақсадида яқин ва ўрта муддатли стратегик вазифаларни белгилаб олдик.

БИРИНЧИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШ — адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қуриш
Депутатларнинг сайловчилар олдидаги масъулияти, ҳисобдорлигини ошириш, уларнинг фаолиятини халқ ҳаёти билан узвий боғлаш чораларини кўрамиз. Ишончни оқламаган депутатларни чақириб олишнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқамиз. Маҳаллий Кенгашларининг вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини ишга қабул қилиш ва озод этишдаги, уларни жавобгарликка тортиш масаласидаги, ҳудуднинг кадрлар сиёсатига таъсиридаги ваколатларини кенгайтирамиз. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига танлов асосида ишга қабул қиламиз ва ходимлар сонини мақбуллаштирамиз. Аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳити ва маданиятини шакллантириб, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига “Тоза қўллар” сиёсатини сингдирамиз, қонун устуворлигини таъминлаймиз. Мансабдорларнинг ўз мавқеидан фойдаланган ҳолда ер майдонлари ва барча табиий ресурсларни тақсимлашига мутлақо чек қўямиз.
ИККИНЧИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШ — адолат ва қонун устуворлиги
Биз адолатсиз жазо ва жарималарни қайта кўриб чиқамиз. Жарималар, биринчи навбатда, халқнинг реал даромадига мутаносиб бўлишини, шунингдек, жарималар ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб белгиланишини таъминлаймиз. Айрим жиноят турларига маънавий жазо чоралари қўллашни илгари сурамиз.
Прокуратура, адлия органлари ва суд ходимлари ўртасидаги ижтимоий тенгсизликни тугатамиз.
Ноҳақликнинг олдини олиш ва суд фаолияти сифатини ошириш мақсадида амалдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш орқали ягона юрисдикция судларини ташкил этиш жараёнини қуйи поғоналарга — туман (шаҳар) даражасига туширамиз.
Барча жазолар одил судлов органлари томонидан амалга оширилади. Ҳар қандай кўринишдаги “самосуд” учун қатъий жазо белгилаймиз.
Адвокатларнинг нуфузи ва мақомини янада кўтариб, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини кучайтирамиз. Бу борада амалдаги қонунлар ижроси юзасидан кучли ва самарали назорат ўрнатиб, суд жараёнида адвокатура ва прокуратура ҳуқуқлари тенглиги принципини таъминлаймиз. Судда ҳам, давлат идораларида ҳам кам таъминланган аҳоли манфаатларини ҳимоя қиладиган бепул давлат юридик ёрдами кўламини кенгайтирамиз.
Ижро билан боғлиқ барча ваколатларни ва жазони ижро этиш муассасаларини суриштирув ҳамда тергов ваколатига эга бўлмаган холис орган — адлия идоралари бошқарувига берамиз.
Дастлабки тергов устидан назоратни кучайтириш мақсадида, мамлакатда ягона тергов органи — Тергов қўмитасини ташкил этамиз.
УЧИНЧИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШ — ижтимоий адолатни қарор топтириш
Меҳнат қонунчилиги устуворлигига эришамиз, ходимни эксплуатация қилишга қарши кескин курашамиз. Мамлакат ялпи аҳолисининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, ҳар бир инсонни бой қилиш чораларини кўрамиз. “Иш ҳақи минимуми”, “Яшаш минимуми” каби тушунчаларнинг қонуний асосларини яратамиз.
Уй-жойлар нархини кескин камайтирамиз. Ҳаммабоп ва ҳамёнбоп уйлар ижтимоий ҳимоянинг муҳим шартидир. Шу маънода, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муниципал уйлар билан таъминлаймиз.
Мамлакатимизда ҳамда чет элда ишлаётган ёлланма ва мавсумий ишчиларга кенг шароитлар яратиб берамиз, уларнинг меҳнати қадрланиши ва муҳофаза қилинишини, ишлаган меҳнатига яраша ҳақ олишини, меҳнат стажига қўшилишини ва келажакда муносиб пенсия олишини кафолатлаймиз.
Пенсиядаги юқори чекловларни бекор қиламиз ва ҳар кимнинг меҳнатига, олган маошига, ижтимоий тўловларига яраша пенсия таъминотини йўлга қўямиз.
Фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича “Инқирозга қарши кураш – 2030” дастурини ишлаб чиқамиз.
ТЎРТИНЧИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШ — таълим соҳасида адолат устуворлигини таъминлаш
Болаларни мактабгача таълим ташкилотларига ҳозиргидек 3 ёшдан эмас, 2 ёшдан бошлаб, ҳеч қандай навбатларсиз, юз фоиз қамраб олиб, давлат мактабгача таълим тизимини тўлиқ бепул қиламиз.
Ўқитувчилар обрў-эътибори ва ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини ошириш мақсадида “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” қонун ишлаб чиқамиз.
Умумтаълим мактаблари учун дарсликларнинг янги, замонавий авлодини яратиш учун Дарсликлар бўйича илмий-тадқиқот институтини ташкил қиламиз.
Кам таъминланган иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаймиз. Жамиятдаги ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир инсонга олий маълумот олиш имкониятини яратамиз.
Биз олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қиламиз ва ҳар кимга олий таълим олиш ҳуқуқи эркинлигини ҳамда рейтинги юқори бўлган талабаларнинг бепул олий таълим олишини кафолатлаймиз. Олий маълумотлилар сони бўйича мамлакат даражасини кўтариш мақсадида олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклини янада кенг жорий этиш чоралари кўрилади.
Олий таълим тизимига рейтинг амалиётини киритамиз ва йил якунлари бўйича энг юқори рейтингга эга бўлган талабаларни грант асосида, рейтинги паст бўла туриб грантда ўқийдиган талабаларни контракт асосида ўқиш учун рўйхатларни қайта кўриб чиқиш тартибини ўрнатамиз.
Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларини ягона — Таълим вазирлигига айлантирамиз.
БЕШИНЧИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШ — илм-фан — адолат ва тараққиёт омили
Таълим ва илм-фан билан шуғулланувчиларга бепул уй-жой таклиф қиламиз. Илм-фанни молиялаштиришга сарфланадиган маблағни сезиларли ошириб, давлат бюджетидан молиялаштиришни босқичма-босқич таъминлаймиз.
Олимларни, ихтирочиларни қўллаб-қувватлаймиз, рағбатлантирамиз, уларга зарур шароитларни яратамиз. Иқтисодиётнинг ҳақиқий локомотиви бўлган инженер, технолог, агроном-механизатор каби мутахассислар сонини кўпайтирамиз ва малакасини оширамиз.
Мамлакатда “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – 2030” концепциясини ва манзилли дастурлар ишлаб чиқамиз. Бунда алоҳида эътибор Картахена протоколининг амалга оширилиши, ген муҳандислик усуллари ёрдамида ўзгартирилган организм маҳсулотларини яратиш ва фойдаланиш тамойилларига қаратилади.
ОЛТИНЧИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШ — аҳоли саломатлиги
Аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш механизмини қўллаймиз, замонавий технология ва даволаш усулларидан кенг фойдаланамиз.
“Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириб, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича “Миллий дастур” қабул қиламиз.
Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш кодекси лойиҳасини янада такомиллаштириб, аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлишини таъминлаймиз.
“Тиббиёт ходими” мақомини белгилаймиз, уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш ва турли тазйиқларнинг олдини олиш мақсадида мавжуд ҳуқуқий базани янада такомиллаштирамиз.
Репродуктив саломатлик масаласи, онкология, сил, қанд касалликларининг олдини олиш ва тўлиқ давлат ҳисобидан даволаш алоҳида диққат-эътиборимизда бўлади.
Давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхати қайта шакллантирилиб, улар билан аҳолини кафолатли таъминлаш тизимини босқичма-босқич йўлга қўямиз. Бу мақсадда дориларнинг ягона электрон базаси тизими шакллантирилиб, дори-дармон спекуляциясига, дориларнинг нархи асоссиз оширилишига чек қўйилади!
Қишлоқда ва таълим тизимида тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарамиз. Болалар орасида кенг тарқалаётган ва уларнинг соғлом ривожланишига тўсиқ бўладиган ясситовонлик, сколиоз, тиш касалликларига биринчи ва ўта муҳим масала сифатида қараймиз.
ЕТТИНЧИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШ — аёл — муқаддас, оила — жамият асоси
Репродуктив саломатлик ва оиланинг демографик ривожланишини барқарор таъминлаш мақсадида “Соғлом оила — соғлом жамият” концептуал ғоясини амалга оширамиз.
Ижтимоий адолатни қарор топтиришда партия ўз олдига хотин-қизларни қўллабқувватлаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотинқизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатишни ташкил этишни мақсад қилиб олган.
Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, айниқса, қишлоқ жойлардаги қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилади. Барча бўғиндаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хотин-қизлар вакилларини кўпайтирамиз.
САККИЗИНЧИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШ — юқори маънавият билан адолат сари
Жамиятда соғлом фикр ҳамда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини ишлаб чиқамиз.
“Адолат” СДП давлат барча маданий, тарихий ва табиат ёдгорликларини рўйхатдан ўтказиши ва сақлаши, уларга маблағ ажратишини шарт, деб ҳисоблайди ҳамда қадриятларимизга асосланган “Жамиятда юриш-туриш одоб-ахлоқ қоидалари”ни яратиш ва жорий этишни илгари суради.
Ўзбекистонда адолатли жамият ва адолатпарвар давлат барпо этиш жараёнлари, бунёдкор халқимиз ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, ёшларни юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ташаббускорлик, фидойилик, ахлоқий фазилатларни шакллантириш, халқимиз, ёшларимизнинг руҳий дунёсини издан чиқаришга қаратилган турли бузғунчи кучлар, маънавий таҳдидлар, ахборот хуружларининг олдини олишда маънавий хавфсизликни таъминлашнинг қонуний асосларини яратамиз.
ТЎҚҚИЗИНЧИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШ — самарали иқтисодиёт — тараққиёт омили
Рақобатни кучайтириш орқали монополияга барҳам берамиз. Буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасида тузиладиган шартномани ҳуқуқий воситага айлантирамиз ва бу жараёнга ҳокимият аралашувига чек қўямиз. Ҳар қандай низо суд қарори билан ечим топади.
Биз бозорни бошқариш, тартибга солиб туриш зарур, деб биламиз ҳамда “рақобат — мумкин қадар, давлат бошқаруви — зарурат қадар” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш тарафдоримиз.
Аҳолининг катта қисми яшаётган қишлоқ ҳаётини тубдан янгилаймиз, куз-қиш мавсумида ҳар бир қишлоқда узлуксиз ва эҳтиёжни тўлиқ таъминлайдиган даражада табиий газ ва электр энергияси етказадиган тизимни жорий қиламиз.
Адолатли ва рақобатбардош тадбиркорлик фаолиятини жорий қиламиз. Монополиянинг ҳар қандай кўринишига чек қўямиз. Хусусан, “ЎзАвтоМоторс” АЖга берилган имтиёзлар ва автомобиллар импортига белгиланган божхона тўловларини ҳар йили 15 фоиздан камайтириб, очиқ рақобатга ўтишини, божхона тушумлари камайишини эса тўланадиган солиқлар билан қопланишини таъминлаймиз.
Декларациялар топшириш тизимини янада такомиллаштириб ҳаётга чуқурроқ интеграция қиламиз. Барча даромад олувчилар декларация топширишига қаратилган сиёсатни олиб бориш билан бирга, катта миқдордаги харажатларни ҳам декларациялаш тамойилларини жорий қиламиз.
Янгича саноат сиёсатини юритамиз.
Ялпи ички маҳсулотда кичик ва ўрта бизнес улушини кескин оширамиз.
Тадбиркорларга қонуний имконият ва имтиёзлар берамиз. Маҳсулот сифатини қатъий давлат назоратига оламиз, аниқ стандартлар жорий этиб, сифатсиз маҳсулот чиқариш ҳамда нарх-наволарни сунъий кўтаришга қаратилган хатти-ҳаракатлар учун кучайтирилган жазо чораларини қўллаймиз.
“Рақамли иқтисодиётда аҳоли бандлигини таъминлаш концепцияси – 2030” дастурини ишлаб чиқишни таклиф қиламиз.
Иқтисодий соҳада макроиқтисодий барқарорликни таъминлаб, ўсиш суръатларини давом эттирамиз. Бюджет ҳамда миллий валютамиз барқарорлигини таъминлаб, банк ва суғурта тизимларини янада мустаҳкамлаймиз.
Адолатли ва самарали солиқ ҳамда бюджет сиёсатини амалга оширамиз.
Ижтимоий тенглик ўрнатиш мақсадида қимматбаҳо буюмларга солиқ ва катта майдондаги ер ва кўчмас мулк учун прогрессив солиқларни жорий этамиз.
Ундириладиган барча тўловларни (жарималар, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий ундирувлар) тўлалигича давлат бюджетига йўналтирамиз. Барча даражадаги давлат ташкилотларининг турли махсус жамғармаларини бекор қилиб, давлат бюджетига тушишини таъминлаймиз.
ЎНИНЧИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШ — тинчликсевар, адолатли ва прогрессив ташқи сиёсат
Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига интеграциясини янада чуқурлаштириш, узоқ ва яқин хорижий мамлакатлар билан икки томонлама манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирокини янада кенгайтирамиз.
Ҳеч қандай ҳарбий блокларга ва коалицияларга қўшилмаслик, ҳарбий мақсадларни назарда тутувчи ҳаракат ва ташкилотлар билан алоқа ўрнатмаслик, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан сиёсий, иқтисодий, гуманитар алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорликка йўналтирилган сиёсат олиб борамиз.
Яқин қўшниларимиз билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш руҳидаги алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори бўламиз.
Мақсадимиз ҳаммамиз учун азиз ва мўътабар шу заминда, ҳар бир хонадонда тинчликосойишталикни, барқарорликни сақлаш.
Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси эркин, адолатли, тинч ва фаровон яшашга ҳақлидир!
Биз олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қиламиз ва ҳар кимга олий таълим олиш ҳуқуқи эркинлигини ҳамда рейтинги юқори бўлган талабаларнинг бепул олий таълим олишини кафолатлаймиз. олий маълумотлилар сони бўйича мамлакат даражасини кўтариш мақсадида олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклини янада кенг жорий этиш чоралари кўрилади.
Иқтисодий соҳада макроиқтисодий барқарорликни таъминлаб, ўсиш суръатларини давом эттирамиз. бюджет ҳамда миллий валютамиз барқарорлигини таъминлаб, банк ва суғурта тизимларини янада мустаҳкамлаймиз. адолатли ва самарали солиқ ҳамда бюджет сиёсатини амалга оширамиз.
Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,
“Адолат” социал-демократик партиясидан
Ўзбекистон Президентлигига номзод
/«Дунё» АА/.