Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Адолат ва қонун устуворлиги — инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий шарти

Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O'zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovlari O’zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovlari Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Адолат ва қонун устуворлиги — инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий шарти

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон КОМИЛОВнинг “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳарририга интервьюси

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи — ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ВА СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ИСЛОҲ ҚИЛИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ бўйича амалга оширилган ишлар
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида бундан беш йил олдин халқимиз билан бамаслаҳат 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Ўтган даврда ушбу стратегия асосида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида, шу жумладан, суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Козимжон Фозилович, гап шу ҳақда борар экан, Сиз билан суҳбатимиз аввалида Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлилига тўхталишни жоиз топдик.
Айтинг-чи, бу йўналишдаги ислоҳотлар, энг аввало, қайси жиҳатларда кўзга ташланади?
— Ўтган беш йиллик ҳақида гап очдингиз. Миллий тараққиётимизнинг бу йиллари қизғин ислоҳотлар даврида яшадик. Президентимиз раҳбарлигида тарихий ўзгаришларга асос солинди. Янги Ўзбекистонни қуриш, халқимизнинг кўп йиллик орзуларини рўёбга чиқариш, инсон ҳуқуқларини энг олий қадрият даражасига кўтариш, мавжуд муаммоларга ечим топиш йўлида улуғ мақсадларимизга эриша бошладик.
Одил судлов қачонки чинакам мустақил суд ҳокимияти томонидан амалга оширилса, инсон қадр-қиммати таъминланади, адолат ва қонун устуворлиги қарор топади. Шу маънода, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришнинг муҳим шартларидандир. Гап шу ҳақда кетганида, Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган маросимдаги маърузасида илгари сурган ташаббуслар ёдга тушади.
“Суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга ва одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш олдимизга қўйган мақсадларга эришишнинг муҳим кафолатидир. Судларда ишларни кўриш сифатини ошириш, айниқса, фуқаролик ишларида овора бўлиб юришларнинг олдини олиш, айнан бир инстанция судида ишни бир неча маротаба кўриб турли қарорлар қабул қилиш амалиётига чек қўйиш вақти келди”, деган эди давлатимиз раҳбари.
Ўтган қисқа даврда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Аввало, Ҳаракатлар стратегияси асосидаги ислоҳотлар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судларнинг фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини оширишга замин яратди.
Сўнгги 5 йилда ушбу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарор қабул қилинди. Суд тизимига оид нормативҳуқуқий ҳужжатлар ислоҳотларга мос равишда янгиланди.
Жумладан, 3 та кодекс янгидан қабул қилинди, бошқа бир қатор кодексларга жиддий ўзгартиришлар киритилди. Янги “Судлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Шу ҳуқуқий асосда суд тизими тубдан такомиллаштирилди.
Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга қаратилган ислоҳотлар, энг аввало, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялашга хизмат қилмоқда. Бу борадаги самаралар судлар тузилмасини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган институционал ислоҳотлар мисолида яққол намоён бўлди.
Жумладан, Президентимизнинг судьяларнинг ваколат муддатини узайтириш, суд ишларида адолатли қарорлар қабул қилишга қодир бўлган, юксак малакали суд ходимлари корпусини шакллантириш борасидаги беш йил олдинги ташаббуси асосида судьялик лавозимларига номзодларни саралаш ва тайинлашнинг янги тартиб-таомиллари жорий этилди.
Судлар мустақил экани ва фақат қонунга бўйсунишини таъминлашда судья лавозимида бўлишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик ва сўнг муддатсиз давр белгиланиши муҳим аҳамият касб этди. Шу билан бирга, судьяларнинг лавозимига кейинги муддатга қайта сайланиши ёки тайинланиши, ўз вазифаларини намунали адо этгач, кейинчалик ўн йилга ва ҳатто муддатсиз даврга сайланиши ёки тайинланиши рағбатлантириш манбаи бўлиб ҳам хизмат қилмоқда.
Судларни молиялаштириш тизими халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. Президентимизнинг 2021 йил 13 январдаги “Суд органлари фаолиятини молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, судья ва суд органлари ходимларининг иш ҳақлари ҳамда қўшимча тўловлари тўлиқ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.
Судьяларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди. Бу ҳам, албатта, суд мустақиллигини таъминловчи муҳим кафолатлардандир.
Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш масаласи ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бинобарин, Президентимизнинг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, судьянинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига ҳар қандай аралашувнинг олдини олиш мақсадида:
биринчидан, судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Кенгаш раиси томонидан прокуратура органларига тақдимнома киритиш;
иккинчидан, судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйиш тартиби ўрнатилди.
Ислоҳотлар аввалида ягона суд амалиётини йўлга қўйиш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Олий судга бирлаштирилгани ўз самарасини берди.
Шу муносабат билан вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда, вилоят даражасидаги умумюрисдикция судлари ташкил этилди. Таъкидлаш лозимки, бу амалиёт суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилмоқда.
— Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш борасида ҳам кенг миқёсли ишлар амалга оширилди. Бугун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси таъминлангани ҳақида сўз борганида шу ва бошқа ислоҳотларни таҳлил қилиш имконига эгамиз. Шундай экан, бу борадаги таъсирчан чора-тадбирлар мазмун-моҳияти ҳақида ҳам батафсил гапириб берсангиз.
— Бу кўп йиллар халқимиз орзиқиб кутган жуда муҳим ислоҳот бўлди. Одил судловни амалга ошириш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш судларнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.
Бу борада ўтган даврда комплекс чора-тадбирлар кўрилди. Жумладан, илк бор давлат органлари қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатини таъминлашга хизмат қиладиган маъмурий судлар ташкил этилди.
Мисол учун, 2017-2020 йиллар ва 2021 йилнинг 9 ойи мобайнида маъмурий судлар томонидан 67 минг 990 та ариза кўрилиб, шундан 44 минг 388 таси, яъни 65 фоизи қаноатлантирилган. Ҳокимларнинг 5 минг 478 та қарори ҳақиқий эмас, деб топилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.
Инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги яна бир муҳим ислоҳот — “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, жиноий жазоларни либераллаштириш, суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашни янада кучайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди. Қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига жазонинг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил турларини қўллаш имконияти кенгайтирилди ва далилларга баҳо бериш институти тубдан такомиллаштирилди.
Бу, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилишига, натижада оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратди.
Хусусан, ўтган 5 йилда 3 минг 513 нафар, фақат 2021 йилнинг 9 ойида 743 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган. Шунингдек, 18 026 нафар шахс суд залидан озод қилиниб, 33 минг 515 фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловлардан чиқарилган ёки ўзгартирилган.
Бир қарашда ушбу кўрсаткичлар оддий рақамлар бўлиб кўриниши мумкин. Лекин ноҳақ айбланган шунча инсоннинг оиласи бағрига қайтишини, озодликка чиқишини кўз олдимизга келтириб кўрсак, албатта, ислоҳотлар самараси оддий бир инсон тақдирида қандай акс этганини аниқ тасаввур қиламиз.
Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг яққол натижасидир. Зеро, эркинлик — инсон учун энг олий неъмат.
Бу борадаги яна бир муҳим ислоҳот — инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш мақсадида суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганидир. Эътибор беринг, 2017 йилга қадар 7 та суд инстанциясида суд қарорлари қайта кўриб чиқилган бўлса, кейинги уч йилда бу инстанциялар сони 3 тага қисқартирилди.
Суд инстанциялари қисқартирилиши нима дегани? Бу, албатта, бузилган ҳуқуқнинг тезроқ муддатда ортиқча оворагарчилик ва сарф-харажатларсиз самарали тикланишини англатади.
Шу сабабли халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилди: биринчи инстанция (туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича — вилоят судлари), апелляция инстанцияси (вилоят даражасидаги судлар) ва кассация инстанцияси (Олий суд) дан иборат бўлган “Бир суд — бир инстанция” тамойили жорий қилинди.
Халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган назорат инстанцияси тўлиқ бекор қилинди.
“Бир суд — бир инстанция” тамойилининг жорий этилиши натижасида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси ошаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Суд процессида тортишувлик принципини ҳамда тарафларнинг тенглигини таъминлаш мақсадида судланувчи, жабрланувчи ва уларнинг вакиллари томонидан кассация тартибида берилган шикоятнинг мақоми прокурорнинг протести билан тенглаштирилди.
Хусусан, жиноят процессида аввал янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлаш фақат прокурорнинг ташаббусига кўра амалга оширилган бўлса, энди бундай ҳуқуқ жиноят процессининг бошқа иштирокчилари, яъни маҳкум, оқланган шахс, уларнинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари, жабрланувчи ва унинг вакилига ҳам берилди. Улар судга янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қўзғатиш тўғрисида илтимоснома бериш ҳуқуқига эга бўлди.
— Ҳаракатлар стратегиясида маъмурий, жиноят, фуқаролик ва иқтисодий қонунчиликни такомиллаштириш ҳам кўзда тутилган эди. Бу жараёнда бугун Ўзбекистонда қандай тизим мавжуд?
— Тўғри таъкидлаганингиздек, Ҳаракатлар стратегиясида бу борада тўртта муҳим жиҳат белгиланган эди.
Биринчи — жиноят ва жиноятпроцессуал қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш, алоҳида жиноий қилмишларни декриминаллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлаштириш.
Иккинчи — одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ва сифатини ошириш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва иқтисодий суд иш юритувининг процессуал асосларини такомиллаштириш.
Учинчи — жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишларни кўриб чиқиш тартибини такомиллаштириш, бир-бирини такрорлайдиган ваколат ва инстанцияларни қисқартириш.
Тўртинчи — электрон тартибда суд ва ижро ишини юритишнинг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш.
Ана шу мақсадларни амалга ошириш йўлида, аввало, янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекс ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс қабул қилинди. Уларда суд ишларини юритишга оид процессуал тартиблар халқаро стандартга мос равишда, ҳуқуқни қўллаш амалиётини чуқур таҳлил қилган ҳолда, илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштирилди ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга оид янги нормалар киритилди.
Фуқаролик ва иқтисодий ишларни кўришда прокурор иштироки билан боғлиқ нормалар халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. Прокурор қонунда назарда тутилган ёки ўзининг даъво аризаси асосида қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши, иш бўйича тарафларнинг мурожаатлари мавжуд бўлган тақдирда кассация протестини киритиш масаласини ҳал қилиш учун суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли экани белгиланди.
“Медиация тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Унда судгача фуқаролик ишлари ва иқтисодий низоларни ҳал этишнинг асосий тушунчалари, мақсадлари, вазифалари, механизмлари белгиланди.
Суд ишларини юритишга янги институтлар киритилди, мавжудлари такомиллаштирилди. Жумладан, жиноят процессида ярашув институти кенгайтирилиб, у барча инстанцияларда қўлланиладиган бўлди.
Жиноят иши бўйича — дастлабки эшитув, фуқаролик ва иқтисодий судларда — судгача мажлис, соддалаштирилган тартибда иш юритиш, медиация институтлари жорий қилинди. Терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институти бекор қилинди. Жумладан, жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди. Қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имконияти кенгайтирилди ва далилларга баҳо бериш институти тубдан такомиллаштирилди.
Вояга етмаганлар учун назарда тутилган жиноий жазоларни либераллаштириш, процессуал ҳаракатларни ўтказишда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш чоралари кўрилди.
Қилмишнинг жиноийлигини истисно этадиган, жазони енгиллаштирадиган ёки шахснинг аҳволини бошқача тарзда яхшилайдиган қонунни қўллаш тартиби белгиланди.
Судланганлик ҳолатининг тугалланиши ва олиб ташланишининг амалдаги муддатлари қисқартирилди. Ярашув муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш институти кенгайтирилди. Ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш орқали тарбиявий таъсир кўрсатиш чораларини кучайтиришга қаратилган “мажбурий жамоат ишлари” жиноий жазоси киритилди.
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган, бозор муносабатлари асосларига мувофиқ келмайдиган ҳамда тадбиркорликнинг ривожланишини ва иқтисодий айланмани тўхтатиб турувчи айрим иқтисодий жиноятлар декриминаллаштирилди. Жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш босқичига “дастлабки эшитув” институти жорий этилди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг шаффофлиги ҳамда самарадорлигини ошириш, иқтисодиётнинг ривожланиши ҳолати, замонавий талаблардан, халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, ахбороткоммуникация технологияларини кенг жалб этишни назарда тутган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноятпроцессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди.
Мазкур концепция асосида Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳалари тайёрланди. Уларда:
жиноят қонунчилиги нормаларини унификация қилиш; жиноий жавобгарлик ва жазо тизимини такомиллаштириш;
фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларининг таъсирчан ва ишончли муҳофаза қилинишини таъминлаш; жиноят-процессуал қонунчилиги нормаларини тизимлаштириш ва уйғунлаштириш;
жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини ишончли таъминлаш механизмларини такомиллаштириш;
жиноят процессининг янги шакл ва тартиб-таомилларини киритиш назарда тутилган.
Маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлашнинг қўшимча механизмларини жорий этиш, пенитенциар тизимда халқаро стандартларни кенг жорий этиш мақсадида 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди.
Жумладан, концепцияда:
жиноят-ижроия қонунчилиги нормаларини унификация қилиш, тизимлаштириш ва уйғунлаштириш; маҳкумлар ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилишини, уларнинг шаъни ва қадрқиммати ҳурмат қилинишини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги механизмларини жорий этиш;
маҳкумлар онгида қонунга итоаткор хулқ-атворни, инсонга, меҳнатга, ижтимоий турмуш қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини шакллантириш тизимини такомиллаштириш;
умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос равишда маҳкумлар ҳуқуқлари доирасини янада кенгайтириш;
маҳкумлар, биринчи навбатда, вояга етмаганлар ва ёшларнинг таълим олиши, касбий тайёргарлигини ташкил этиш ҳамда бандлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш;
озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш механизмларини тубдан қайта кўриб чиқиш, шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат самарадорлигини ошириш;
жазони ижро этиш муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, уларнинг озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод этилган шахсларни ижтимоий мослаштиришда фуқаролик жамияти институтлари билан узвий ҳамкорлигини таъминлаш белгиланди.
Бу каби ислоҳотлар самарасида халқимизнинг одил судловга бўлган ишончи мустаҳкамланди.
— Янги Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари ишини самарали режалаштириш, ҳуқуқбузарликларни аниқлашдан кўра, уларга имконият яратаётган сабаб ва шароитларни бартараф этиш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари ходимлари малакасини ошириш, уларни халққа яқинлаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмлари самарадорлигини юксалтириш, пировардида фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби янги механизмлар самарадорлиги бугун нималарда кўзга ташланади? Ҳаётимизнинг қайси жабҳаларида сезилмоқда?
— Судьяларни танлаш ва лавозимга тайинлашда очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида судьялар ҳамжамияти органи сифатида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Судьялар олий кенгаши ташкил этилгани бу борада ғоят муҳим аҳамият касб этди.
Кенгаш таркибининг камида ярмини судьялар ҳисобидан шакллантириш, унга фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассисларни киритиш тартиби белгиланди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар кенгаш таркибидан чиқарилди.
Судьялик лавозимларига номзодларни, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш янада такомиллаштирилди. Судьялар олий мактаби ташкил этилди. Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимининг асосий вазифалари белгиланди. Хусусан:
судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишнинг ягона тизимини ташкил этиш;
судьялик лавозимларига номзодларда назарий билимлар, касбий этика, психология, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмалари, музокаралар олиб бориш тактикаси, ахборот билан ишлаш технологияси, ҳуқуқ нормаларига шарҳ бериш ва қўллашни ривожлантириш;
судьялик лавозимларига номзодлар стажировка ўташининг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш, шу жумладан, илмий-тадқиқот фаолияти ва ўқув жараёни билан узвий боғлиқлигини таъминлаш;
иш юритиш ва танқидий таҳлил қилиш, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда асосланган қарорлар қабул қилиш кўникмаларини ривожлантирадиган интерфаол ўқитиш услубларини таълим жараёнига жорий этиш;
судьялик лавозимларига номзодларни қонунчиликдаги долзарб янгиликлар, мамлакатимиз ва хориждаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда норма ижодкорлиги фаолияти ҳолати ва тенденциялари билан таништириш ана шундай вазифалар жумласига киради.
2019 йил 10 январдан бошлаб: судьялик фаолиятини амалга ошириш ва судлар ишини ташкил этиш, касбий этика, ишчанлик мулоқоти ва вақтнибошқариш кўникмаларини ўқитишга, суд кадрларининг илмий-таҳлилий ва креатив салоҳиятини шакллантиришга қаратилган, грант асосида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича амалга ошириладиган судьялик лавозимларини эгаллаш учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш;
касбий билимларни чуқурлаштириш ва суд маъмуриятчилигини юритиш кўникмаларини эгаллашга, шунингдек, иш ва бошқарувни ташкил этишнинг инновацион шакл ва услубларини ўзлаштиришга қаратилган, давомийлиги икки ой бўлган, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш;
қонунчиликдаги янгиликларнинг мазмун ва моҳиятини етказишга, касбий, жумладан, ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш ва қўллаш масалаларига доир кўникма ва қобилиятларни такомиллаштиришга қаратилган, давомийлиги икки ҳафтадан кам бўлмаган, судьялар ва судлар аппарати ходимлари малакасини ошириш тартиблари жорий этилди.
Бу ҳам ўтган беш йиллик тараққиётимиз, хусусан, фуқаролик жамиятини барпо этишдек улуғвор мақсадларимизга эришиш йўлидаги муҳим қадамлардан бўлди, десак асло муболаға қилмаган бўламиз.
— Президентимиз “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби муқаддимасида: “Дунёда ҳеч қачон бир хил тонг отган эмас. Мазкур ибора пайдо бўлганидан буён минг йиллар ўтди. Бу бутун коинот, табиат ва башарият доимий ўзгаришда, янгиланишда деганидир. Дарҳақиқат, инсоният ҳам ана шу азалий қонуният асосида яшайди ва ҳаёт кечиради. Ҳар қандай янгиланишнинг мазмунмоҳияти, намоён бўлиш хусусияти шундай”, деган фалсафий фикр билдирган. Бугун, янги Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврига ўтиш чоғида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг навбатдаги мақсадлари қандай бўлиши ҳақида нима дейсиз?
— Бу саволга жавобни Президентимизнинг “Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳеч қачон ортга қайтмайди” деган ишончли ва бахтли келажагимизга даъваткор гапи билан бошлайман.
Бугун давлатимиз раҳбари “Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари” тамойилини асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйган. Бунда биз ўтган беш йилда ҳаётимизга теран татбиқ этган қамровдор ва тизимли ислоҳотларнинг узвийлиги ҳамда давомийлигини таъминлаш мақсади кўзда тутилмоқда.
Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг навбатдаги мақсадлари ҳақида сўрадингиз. Бунга жавобан айтиш мумкинки, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида суд тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг Конституция куни муносабати билан байрам табригида айтилганидек, “Айни вақтда биз Конституциямиз нормаларини ҳаётга тўла татбиқ этиш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадр-қимматини янада самарали таъминлаш борасида ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини яхши тасаввур қиламиз. Олдимизда турган вазифаларни амалга ошириш учун Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида кенг кўламли ислоҳотларимизни изчил давом эттирамиз”. Юқорида таъкидланганидек, ўтган даврда соҳада кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилди. Лекин биз соҳадаги барча муаммолар ўз ечимини топди, деб айта олмаймиз. Суд тизими олдида халқнинг судга тўлақонли ишончига эришиш, уларни суддан рози қилиш йўлида муҳим вазифа ва мақсадлар турибди. Айниқса, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмларини замонга мос равишда, халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириб бориш биринчи навбатдаги вазифадир.
Шу билан бирга, мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили, бугунги кескин ўзгаришлар, глобаллашув шароитида ижтимоий муносабатлар тобора кенгайиб бораётгани давлатимизда қонун устуворлигини ва адолатни таъминлаш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришни тақозо этмоқда. Бу суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини оширишга қаратилган мутлақо янги босқични бошлашни ҳаётий заруратга айлантирмоқда.
Ислоҳотларнинг янги босқичида судларни ҳақиқий халқ судига, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, тадбиркорлар қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоячисига айлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинган.
Шу нуқтаи назардан, одил судлов соҳасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, соҳани янада такомиллаштириш, айниқса, судья лавозимига кадрларни тарбиялаш, танлаш ва жой-жойига қўйиш, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш муҳим стратегик аҳамиятга эга вазифалар ҳисобланади.
Президентимиз таъкидлаганидек, “адолат ва қонун устуворлиги — халқчил давлат қуриш, инсон қадрқимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шартидир”. Зеро, адолат давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди. Фақатгина мустақил суд ҳокимияти фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний ва адолатли ҳимоя қилиши мумкин.
Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Салим ДОНИЁРОВ суҳбатлашди.
АА" Дунё"