Америка хайрия жамғармаси Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида иқлим ўзгариши ва Орол денгизининг қуриши оқибатларини юмшатиш борасидаги саъй-ҳаракатларни халқаро даражада қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистонлик дипломатларнинг «UN Foundation» («БМТ жамғармаси») хайрия ташкилоти катта вице-президенти Питер Йэо билан бўлиб ўтган музокаралари чоғида ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Жамғарма раҳбариятига Оролбўйи минтақасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, иқлим ўзгариши ва Орол денгизи қуриши оқибатларини юмшатиш, Қорақалпоғистон аҳолисининг экологик, ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва турмуш шароитини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлар халқаро миқёсда қўллаб-қувватланишининг аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида бу масалага бир неча бор тўхталгани, халқаро саммитларда муҳим таклифларни илгари сургани алоҳида таъкидланди. Хусусан, 2021 йил май ойида БМТ Бош Ассамблеяси Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.
Бундан ташқари, мамлакатимиз ҳукумати дунёдаги энг жиддий экологик офатлардан бирининг салбий оқибатларини камайтириш бўйича амалий ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда денгизнинг қуриган тубидаги 1,5 миллион гектар майдонда ўрмонзорлар ташкил этилди. Бундан ташқари, жорий йилда қўшимча 100 минг гектар майдонга чўл ўсимликларини экиш режалаштирилган.
Ўз навбатида, Питер Йэо Ўзбекистон томонидан Оролбўйи флораси ва фаунасини тиклаш ва маҳаллий аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолар экан, глобал донорлар ҳамжамияти ва АҚШ хусусий секторининг Қорақалпоғистонда, шу жумладан, Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди доирасида лойиҳаларни амалга оширишдаги иштирокини рағбатлантиришга тайёр эканлигини билдирди. Хусусан, ҳосилдорликни ошириш ва сув ресурсларидан янада самарали фойдаланиш, қурғоқчилик ва тупроқ шўрланишига чидамли ем-хашак ва қишлоқ хўжалиги экинларининг янги мослаштирилган навларини яратиш мақсадида минтақада янги технологиялар ва ноу-хауларни жорий этиш юзасидан жамғарма билан ҳамкорлик қилиш имконияти мавжудлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, БМТ жамғармаси вакили томонидан Термиз шаҳридаги логистика марказининг ташкилотга ва унинг ҳамкор тузилмаларига Афғонистонда давом этаётган гуманитар инқироздан зарар кўрган аҳолига инсонпарварлик ёрдамини етказиш имкониятларини ўрганишга ҳам қизиқиш билдирди.
Петер Йэо, шунингдек, 2022 йил апрель ойида сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар ва муваффақиятлар билан танишиш учун Жамғарма АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг тегишли қўмиталари билан биргаликда республикага келиш ниятида эканини маълум қилди. Сафар давомида Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ва тараққиёт, хусусан, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш борасида амалга оширилган ишлар билан танишиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жамғармаси («UN Foundation») 1998 йилда ташкил этилган. Жамғарма қароргоҳи Вашингтон шаҳрида жойлашган. Ушбу Халқаро хайрия ташкилотининг асосий фаолияти барқарор ривожланиш ва иқлим ўзгариши, глобал соғлиқни сақлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муаммоларни ҳал қилишда БМТнинг қўллаб-қувватлашини кенгайтириш учун маблағ йиғиш, ташаббуслар, кампаниялар, давлат-хусусий шериклиги, жамоалар ва касаба уюшмаларини тарғиб қилишга қаратилган. Жамғарма турли хил хайрия, корпоратив, ҳукумат ва хусусий донорлар томонидан қўллаб-қувватланади.
«Дунё» АА