Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Бахтим, ғурурим ва... оғриғимсан, она тилим!

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Бахтим, ғурурим ва... оғриғимсан, она тилим!

Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Сўзлашиш қобилияти — мавжуд неъматлар ичида энг қимматлиси, шарафлиси. Бугун инсон эришган тараққиёт, маънавий-маданий бойликларнинг бирортасини тил иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Аристотель машҳур “Табиатга тақлид” назариясида инсониятнинг илк сўзлари табиий товушларга тақлид натижасида юзага келган, деб тушунтиради ва бу ҳолни онг билан изоҳлайди.
Аммо юқоридаги гап анчайин баҳсли. Воҳада туғилиб ўсганим учун болалик ҳаётим ҳайвонлар орасида ўтган. Отдан йиқилганимда от менга қўшилиб йиғлагани, ит хурсанд ёки хафа бўлганига кўп бора гувоҳ бўлганман. Уларнинг онг даражасини икки ёшли гўдакдан паст дея олмаймиз. Бироқ гўдакдан фарқли ўлароқ, уларда бирор марта гапиришга истак, уриниш кўрмадим.
Инсондаги сўзлашиш қобилияти туғма ёки кейин шаклланиши борасида ҳам кўп эҳтимоллар мавжуд бўлса-да, дунё олимлари умумий хулосага келмаган. Шунга қарамай, инсонда нутқ билан таъминлайдиган психофизиологик лисоний манба мавжуд эканини ҳамма эътироф этади. Оддийроқ тушунтирганда, унда сўз ўрганиш “ноль”дан бошланмайди. Жумладан, америкалик тилшунос ва файласуф Авраам Хомский таълимотига кўра, одамдаги лисоний қобилият туғма ҳамда индивидуал кўникмаларни ўз ичига олади. Яъни инсон туғма қобилиятсиз гапиролмайди ва тушунмайди, айни пайтда бу муҳитнинг таъсирисиз ривожланмайди ҳам.
Шу ўринда фандаги “оламнинг лисоний манзараси” иборасига тўхталиб ўтиш жоиз. “Оламнинг лисоний манзараси” тушунчаси “оламнинг манзараси”дан тушунча сифатида фарқ қилади. Дейлик, олам манзараси деганда, замон ва маконни тушунсак, оламнинг лисоний манзараси деганда, инсоннинг мана шу замон ва маконга бўлган муносабатини тушунамиз. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳар битта инсон оламни ўзининг илк сўзни талаффуз қилган, илк сўзларни эшитган она тили, таъбир жоиз бўлса, она маданиятидан келиб чиқиб англайди. (“Агар Ньютон инглизча гапириб, инглизча фикрламаганида, унинг коинот ҳақидаги кашфиётлари ҳам бир қадар бошқача бўларди!” Ли Уорф Бинжамин). Биз буни оммавий қилиб “миллийлик” деймиз. Демак, фарзандларимизни бошқа тилни яхшироқ ўргансин, дея рус, инглиз тилли боғча ва мактабларга топшириш улардаги миллий тушунчаларга ҳам жиддий таъсир кўрсатмай қолмайди. Бугун ёшлар орасида миллатимизга ёт бўлган айрим иллатларнинг илдиз отиш негизи, тарихимизга, қадриятларга нисбатан беписандлик илдизи эҳтимол мана шу ерда ётгандир...
Бир сўз билан айтганда, тилнинг қиммати, беқиёс шарафи, улуғлиги биз учун юксак вазифалар ҳам туғдиради. Улардан яна бири олий неъмат — тил олдидаги жавобгарлик. Мантиқан қараганда ҳам нима қиммат, бебаҳо ҳисобланса, у асрабавайлашни, муҳофазани талаб қилмайдими? Ахир бежиз бир миллат ўзга миллатни босиб олса, аввало, унинг тил ва маданиятини йўқотишга уринмаган. Тилни асраш — миллатни асраш, тилни ривожлантириш — миллатни ривожлантириш демак. Шунинг учун тил ва маданиятимиз билан боғлиқ муаммолар, камчиликларни яширмасдан рўй-рост гапириш, уларни вақтида ҳал қилиш зарур. Бу ишни ўзимиз қилмасак, биз учун бошқа биров бажармайди.
Яна бир долзарб масалага эътиборингизни тортмоқчиман.
Шоир бобомиз Турди Фароғий ёзади:
Тор кўнгилли беклар, “ман-ман” деманг, кенглик қилинг,
Тўқсон икки бовли ўзбек эли бу, тенглик қилинг.
Мисрадан кўриниб турибди — “ўзбек” номи билан бирлашган халқ узоқ тарихий тараққиёт таъсирида, кўплаб уруғ ва қабилаларнинг бирикувидан ташкил топган. Бу эса XII-XIV асрларни ўз ичига олади. Бироқ бунда битта аниқлик киритилиши керак бўлган нуқта бор. Биз халқнинг ёшини ҳар доим ҳам унинг номи билан боғлашимиз хато. XII-XIV асрлар халқимиз ёшини эмас, номининг ёшини ифода этади, холос. Айнан мана шундай ҳолатни тилимиз билан ҳам кўришимиз мумкин. Айрим ўқув қўлланмалар ва интернет манбаларга қарасангиз, ўзбек тилининг вужудга келиш (айрим манбаларда шаклланиши) даври сифатида XI-XIX асрлар кўрсатилганига гувоҳ бўламиз. Тўғри, бундан фарқли таҳлиллар йўқ эмас. Хусусан, филология фанлари доктори, профессор Насим Раҳмонов “Минг йиллик, туман кунлик битигим” мақоласида қадимги туркий-рун ёзувини ўзбек тилининг тарихий илдизи сифатида эътироф этиб, тилимизнинг асл ёшини милоддан аввалги III асрдан ҳам илгарироққа олиб бориб тақайди. Фикрини асослаш учун Ўрхун-Энасой обидаларидан топилган Элетмиш билга хоқон битик тоши ва Моюн чур битик тошини далил қилиб кўрсатади. Қуйида мақоладан парча келтираман:
“Элетмиш билга хоқон битик тошида бундай маълумот бор: “Bing yiliq tuman kunluk bitigimin, balgumin bunta yasi tashqa yaratdim, tolqu tashqa toqutdim”.
Моюн чур битик тошида ушбу маълумот айнан такрорланади. Мана шу икки парча қадимги туркий тил заминида ётган ўзбек тилининг милоддан аввалги III асрдан ҳам илгарироқ шаклланганига ишончли, айни пайтда муҳим тарихий далил сифатида эътироф этилиши керак”.
Мақолада битик тошдаги сўзларнинг фонетик ўзгаришларга учраган бугунги ўзбек тилидаги вариантлари ҳам қўлланилади. Бироқ шахсан ўзимга битикдаги сўзлар изоҳсиз ҳам тушунарли бўлгани учун уларнинг таржимасини келтиришни лозим топмадим. Энди профессор Насим Раҳмоновнинг ўз фикрини асосламоқчи бўлган иккинчи далилига диққат қилинг:
“Иккинчи далил — бошқа халқларнинг тарихий манбаларида қадимги туркий тил ҳақида сақланган маълумотлар, қадимги туркий тилга оид матн парчалари ҳам ўзбек тилининг тарихий илдизи ҳақида сўз юритишга хизмат қилади...”.
Мақола 2019 йилда эълон қилинганини эслатиб, шу миллатнинг фарзанди, мана шу тилнинг бир эгаси сифатида менда савол туғилади. Ушбу мантиқли фикр нима учун оммалашмади? Эҳтимол, бу борада қандайдир изланишлар олиб борилаётгандир-у, мен бехабардирман. Лекин биз, ёшлар учун асосий ўқув қўлланма бўлиб хизмат қилаётган дарслик китоблардаги маълумотлар истибдод давридан буён деярли ўзгаришсиз туриши ачинарли, жуда ачинарли...
Минг афсус билан ўзимнинг тил ва миллатимиз билан боғлиқ яна бир оғриғимни айтиб ўтишим керак, деб ҳисоблайман. Яқинда тил ўрганишда ёрдам бўлиши учун инглиз, рус, турк тилларида сўзлашадиган телеграм гуруҳларга қўшилдим. Қўшилганим зиёли қатлам эмас, ўқувчи, талаба ва ишчилардан иборат оммавий гуруҳ эди. Бунда дуч келган ҳолатим мени лол қилди. Чунки ҳар учала гуруҳда ҳам ҳамма ўз она тили грамматикасига қатъий амал қилар, вергул, сўроқ белгиларигача қўллар, имло хатолар деярли учрамас эди. Бизда ҳам шундаймикан? Бугун ижтимоий тармоқларда ўтирган айрим ёшларимизнинг саводсизликнинг олий намунаси бўлмиш хат-ёзишмаларини ўқиб тушуниш “алоҳида мутахассислик” талаб қилаётгани сир эмас-ку?! Бунга қачон эътибор қаратамиз, қачон қатъий чоралар кўрилади? Нега она тилимизга бунча эътиборсиз, бунча сусткашмиз? Нима учун ўзга миллатларда давлатнинг юқори мансабларига сайланиш учун давлат тилини мукаммал билиш асосий талаблардан бири ҳисобланади-ю, бизнинг қонунимизда бундай банд йўқ?.. 30 йилдан буён тил тарғиботи деганда кўча-кўйлардаги ажнабийча ёзув ва лавҳаларни ўзбекчалаштиришни тушунамиз. Ўзга давлатларда, масалан, француззабон мамлакатлар элчихоналари биргаликда ўтказадиган “Франкофон баҳори” ёки Европа бошида турган “Европа тиллари куни” каби фестиваль, катта-катта марафонлар ўтказиш, тилимизнинг мамлакатдан ташқаридаги тарғиботи учун ҳам кўпроқ сармоя ажратиш, керак бўлса, тилимизни кўнгилли бўлиб ўрганадиган гуруҳларни молиявий рағбатлантириш вақти етмадимикан? Япония ёки Хитойдан келиб Навоийни ўрганаётган, ўзбек тилида бийрон-бийрон гапираётган чет элликларни кўрганимизда ҳайратга тушганимиз бор гап. Лекин улар тилимизга муайян илмий доирадагина қизиқаётгани аниқ. Биз эса бугун тилимиз ва маданиятимизнинг дунё миқёсидаги ўрни, нуфузини ошириш учун унинг чет эллардаги тарғиботига кўпроқ муҳтожмиз.
Пойтахтдан меҳмон бўлиб келган бир дўстим қишлоғимиздаги кўпкари томошасини кўриб: “Мен ҳамма чапдаст, довюрак одамларимиз Иккинчи жаҳон уруши даврида ўлиб кетган, уларни фақат китобларда ўқиш мумкин, деб юрардим!..” деган эди ҳайрат билан.
Биз асли, дўстим айтмоқчи, Турон даштларида от сурган, дунёнинг тўрт ёнини фатҳ қилган боболарнинг авлодимиз! Биз асли, илму тафаккурга нарвон қўйган, Ғарбдан бир одим олдинда юрган аждодларнинг давомчисимиз! Шундай бўлиб қолиши учун, аввало, тилимиз ва маданиятимизни асрашимиз, наинки асрашимиз, балки ривожлантиришимиз зарур. Токи тил масаласида пала-партишлик давом этар экан, бошқа соҳалардаги камчиликлар барҳам топмайди.

Байрамали Қўлдошев,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

“Янги Ўзбекистон”