Бухоро биринчи Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалига ҳозирлик кўрмоқда

Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 19 апрелдаги « Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалини ўтказиш тўғрисида »ги қарорига биноан, жорий йил 21-25 май кунлари Бухорода биринчи Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали ўтказилади, деб хабар бермоқда « Дунё » АА мухбири.

Фестиваль ташкилий қўмитасидан олинган маълумотларга кўра, мазкур анжуманда 50 мамлакатдан 150 нафардан ортиқ зардўзлик ва заргарлик санъати вакилларининг иштирок этиши кутилмоқда.

Анжуман доирасида қадимий шаҳарда « Анъанавий зардўзлик ва заргарлик санъатини ривожлантириш истиқболлари » мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилади.

Шунингдек, фестиваль доирасида турли спектакллар, тақдимотлар, кўргазма, театрлаштирилган томошалар, концертлар ва бошқа кўнгилчар, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.

Халқаро форумда иштирок этиш учун www.zarfestival.uz веб-сайти орқали рўйхатдан ўтиш мумкин.

« Дунё » АА