Давлат хизматчилари активларини декларациялашнинг замонавий ва халқаро механизмлари муҳокама этилди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида Бош прокуратура ва Прокуратура академияси томонидан халқаро ҳамкорлар кўмагида «Давлат хизматчилари активларини декларациялашнинг замонавий механизмлари» мавзусида халқаро онлайн конференция ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Бош прокуратура раҳбарияти, БМТ Тараққиёт дастури, БМТ Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Жаҳон банки, Европа Кенгаши вакиллари, Арманистон, Грузия, Украина, Жанубий Корея, Руминия давлатларидан мутахассислар, шунингдек, миллий экспертлар иштирок этди.
Конференция доирасида давлат хизматчилари даромадлари, мол-мулки ва манфаатлари тўқнашувини декларация қилиш тизимини жорий этишнинг концептуал асослари муҳокама этилди. Шунингдек, соҳага оид ижобий ва муваффақиятсиз хорижий тажрибалар, декларациялашнинг замонавий механизмлари ва тизимини жорий этиш босқичлари, ваколатли органлар компетентлиги, тегишли маълумотларни тақдим этмаганлик учун жавобгарлик чоралари каби муҳим масалалар бўйича фикр алмашилди.
Тадбирда сўзга чиққан Руминия Миллий ҳалоллик агентлиги бош котиби Силвиу Попа, БМТ Тараққиёт дастури Коррупцияга қарши курашиш глобал лойиҳасининг вакили Жунгох Сон, Арманистон Коррупцияни олдини олиш комиссияси директори Хайкухи Харутюнян, Украина Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори ўринбосари Иван Пресняков давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкларини декларация қилиш билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечимлари борасида фикр билдирди.
Халқаро экспертлар Ўзбекистонда ушбу соҳада энг илғор хорижий амалиётни татбиқ этишда амалий ёрдам кўрсатишга, шунингдек, мазкур соҳада халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Соҳа мутахассислари коррупцияга қарши кураш соҳасида хорижий тажриба ва халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда махсус ўқув дастурларини жорий этиш муҳимлигини таъкидлаб, келгусидаги режаларни келишиб олди.
UzA