Деҳлида Ўзбекистон фармацевтика тармоғи салоҳияти тақдим этилди
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Ўзбекистоннинг Деҳли шаҳридаги элчихонасида мамлакатимиз фармацевтика тармоғининг салоҳияти тақдим этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
"Global India Business Forum" жамғармаси билан ҳамкорликда уюштирилган тадбирда Ҳиндистоннинг 30 дан ортиқ фармацевтика корхоналари вакиллари иштирок этди.
Элчи Сардор Рустамбоев Ўзбекистонда сўнгги йилларда ҳаётга тадбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижалари, турли соҳаларда, жумладан, фармацевтика йўналишида халқаро ҳамкорлик учун яратилган жозибадор муҳит, икки мамлакат тадбиркорларининг ушбу тармоқдаги муваффақиятли ҳамкорлик лойиҳалари ҳақида сўзлаб берди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳиндистонлик тадбиркорлар эътиборини мамлакатимиз фармацевтика соҳасининг салмоқли салоҳияти, қўшма лойиҳалар амалга оширишнинг истиқболли йўналишларига қаратди. Фармацевтика кластерлари ва эркин иқтисодий зоналарда тақдим этилаётган қулай имкониятлар, давлат томонидан замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш жараёнини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган саъй-ҳаракатлар ва бошқа муҳим жиҳатлар ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.
Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва фармацевтика соҳасида фаолиятни ташкил этиш бўйича яратилган шарт-шароитлар ҳақидаги видеолавҳалар тадбир иштирокчиларининг мамлакатимиз ҳақидаги тасаввур ва тушунчаларини янада бойитди.
Тақдимот маросими доирасида ўтказилган жонли мулоқот жараёнида ҳиндистонлик ишбилармонлар янги ишлаб-чиқариш корхоналарини ташкил қилиш, тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий ҳимояси, хорижлик сармоядорларга тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар, бошқа долзарб масалалар юзасидан саволларига жавоб олди.
– Бугунги тадбир натижасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланиш жараёнининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тушунчаларимиз янада бойиди, – деди "Global India Business Forum" жамғармасининг Деҳли шаҳридаги бўлинмаси раҳбари Деви Прасад Мишра. – Мамлакатнинг фармацевтика тармоғи мутасаддилари ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барча масалаларига атрофлича тўхталиб, сармоядорларни янада фаол бўлишга чақирди.
Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбарияти ва Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари вакиллари ўртасида бўлиб ўтган В2В шаклидаги музокаралар чоғида янги ҳамкорлик лойиҳалари, жумладан, сифатли ва арзон дори-дармон маҳсулотларини ишлаб чиқариш масалаларига эътибор қаратилди.
– Ўзбекистон делегацияси аъзолари билан самарали мулоқот қилдик, – дейди "Avantika Medex" компаниясининг маркетинг бўйича директори Одил Муҳаммад Хон. – Ўзбекистонга сармоя киритишда давом этишимиз бўйича кўплаб тушунчалар берилди. Биз тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхона сифатида Ўзбекистонга инвестициялар киритишдан манфаатдормиз.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари Ҳиндистон кимё саноати ва ўғитлар вазирининг ўринбосари, Фармацевтика департаменти раҳбари Аруниш Чавла билан музокаралар ўтказиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Томонлар ушбу йўналишдаги алоқаларни янада фаоллаштириш имкониятлари юзасидан фикр алмашди.