Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Халқларимиз азалий дўстлик йўлидан ҳеч қачон оғишмайди

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Халқларимиз азалий дўстлик йўлидан ҳеч қачон оғишмайди

Марказий Осиёнинг тинчлиги ва барқарорлиги тараққиёт ва фаровонлик нуқтаи назаридан бирламчи масала. Шу заминда яшаётган халқларнинг аҳиллиги ва ҳамжиҳатлиги, том маънодаги сиёсий ва иқтисодий мустақиллигини таъминлашнинг бош гарови.

Бу ерда бўй кўрсатадиган учқун эртага аланга олмаслиги, ҳўлу қуруқ баробар ёнадиган оташга айланмаслиги, қулай вазиятни кутиб турган геосиёсий ўйинчилар эса минтақада барқарор ўрнашиш мақсадида панжасини ёймаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Тан олиш керак, Марказий Осиёда йиллар мобайнида давом этиб келган совуқ муносабатни яхшилашда Ўзбекистондаги ўзгаришлар, Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақа давлатлари ўртасидаги мулоқотларни яхшилаш, чегараларни очиш, виза тартибларини бекор қилиш, халқлар ўртасида борди-келдини йўлга қўйиш борасидаги ташаббуслари қўл келди. Ўртадаги музликлар, баланд-баланд айсберглар эриди.

Дўстлик кўприклари тикланди, ишонч мустаҳкамланди. Халқаро валюта жамғармаси директори вазифасида ишлаган, айни пайтда Европа Марказий банкига раҳбарлик қилаётган Кристина Лагард Шавкат Мирзиёев ташаббусидан кейин минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажми 50 фоизга ошганини эътироф этди. Аҳвол шу тарзда давом этса, минтақага киритиладиган инвестициялар оқими кескин ошиши башорат қилинди.

Афсуски, Сўхда – ўзбек ва қирғиз чегарадош ҳудудида икки халқ вакиллари ўртасида юз берган можаро, ўтган йил июлдан бери Қирғизистон билан Тожикистон чегара участкаларида давом этаётган айрим тўқнашувлар барчамизни бирдек ташвишга солди.

Бу можаролар кеча ёки ўтган куни тўсатдан содир бўлиб қолган эмас, илдизи чуқур. Аниқроғи, ўша вақтдаги совет ҳукумати давлатлар чегарасини шундай белгилаганки, вақт ўтиши билан “портлайдиган бомба” вазифасини ўташини хоҳлаган. Советларнинг миллий давлат чегаралаш сиёсати натижасида масалан, Қирғизистоннинг бир қисми Тожикистон ёки Ўзбекистон ичкарисида, Ўзбекистоннинг бир бўлаги эса Тожикистон ё Қирғизистон ҳудудида қолиб кетган. Бундай чигалликлар Марказий Осиё давлатларининг барчасида мавжуд.

Ўзбекистон қўшнилар учун доимо очиқ. Дунёнинг ҳар қандай мамлакати билан икки ва кўп томонлама алоқаларни ўзаро манфаатли асосда, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, юзага келган муаммоларни тинч, сиёсий ва дипломатик музокаралар йўли билан ҳал қилиш ташқи сиёсатимизнинг асосий тамойилларидан. Ўзбекистоннинг тинчликпарвар сиёсати, коронавирусдек офат тарқалган кезда ҳам ўз нонини қўшнилари билан бўлишиши йирик геосиёсий кучларга тинчлик бермаётгани аниқ. Боз устига, мустабид тузум давридан мерос миллий чегараланиш сиёсати ҳам уларга қўл келмоқда.

Минтақадаги барча мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ечими фақат дўстлик, ҳамжиҳатлик ва халқаро муаммоларга ягона позицияда ёндашувга боғлиқ эканини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шундай эътироф этганди: “Ҳамма қўшнилар билан биз дўст бўламиз. Бошқа ниятимиз ҳам йўқ. Албатта, кўп-кўп муаммолар бор, лекин одамзот шунинг учун, раҳбарият шунинг учун борки, бу муаммоларни ақл билан, ирода билан, вазминлик билан ечиш керак... Ҳар бир давлатнинг ўз нияти, ўз халқи, ўз истаклари бор. Шунинг учун биз дўстлик нуқтаи назаридан, самимийлик нуқтаи назаридан, биродарлик нуқтаи назаридан қўшниларимиз билан фақат дўст, дўст ва яна бир марта дўст бўламиз».

Ўзбекистон ўзи ҳам коронавирус эпидемиясини жиловлашга уринаётганига қарамай, Афғонистон, Қирғизистон, Эрон, Хитой каби кўплаб мамлакатларга тиббий ниқоблар, вирусдан ҳимояловчи кийимлар, тест тизимлари, озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат инсонпарварлик ёрдамларини жўнатди. Айни муносабат ўзаро ҳамкорлик, ҳамжиҳатликни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Марказий Осиëнинг коронавирусга қарши саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиëев муттасил равишда узоқ ва яқиндаги қўшнилар раҳбарлари билан мунтазам телефон орқали мулоқотлар ўтказмоқда.

Ўзбек ва қирғиз халқлари азалдан бир дарёнинг икки қирғоғида яқин қўшни сифатида яшаб келган. Тарихимиз умумий, маданий ва диний қадриятларимиз муштарак, анъана ва урф-одатларимиз ўхшаш. Машҳур адиб Чингиз Айтматов айтганидек, «Халқларимизнинг қони бир, тили бир».

Ҳеч иккиланмасдан айтиш жоиз, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Қирғизистон асосий йўналиш сифатида устуворлик касб этади. Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг сўнгги 3-4 йилдаги олий даражадаги учрашувлари туфайли давлатларимиз ва халқларимиз ўртасида сунъий тўсиқлар бартараф этилди, чинакам борди-келди тикланди.

2016 йил охирида Андижон ва Ўшда бўлиб ўтган расмий делегациялар учрашувларидан сўнг икки республика ҳукуматлари энг асосий муаммо – чегаралар демаркацияси ва делимитацияси борасида мураккаб ишни амалга оширишга киришди. Томонлар ўртасидаги сўнгги келишувлар бу масалада сезиларли равишда олға қадам ташланганидан гувоҳлик бериб турибди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов таъкидлаб ўтганидек, 2018 йил апрель ойидаёқ «Қирғизистон билан ҳамкорликнинг кўплаб йўналишлари бўйича олдинга қадам ташланди, хусусан, чегаралар демаркацияси ва делимитацияси каби қийин, нозик масалада ҳам. Бугунга келиб деярли минг километр чегара белгилаб бўлинди».

Дарҳақиқат, умумий узунлиги 1370 километрни ташкил этувчи Ўзбекистон – Қирғизистон чегарасининг бугунгача 92 фоиздан кўпроғи бўйича келишиб олинган. Тошкент ҳам, Бишкек ҳам муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳаракатларни дадил давом эттиряпти.

Муз ҳақиқатан жойидан кўчгани ойдинлашди. Нафақат чегараларни демаркация қилиш, балки фуқароларнинг чегараларни кесиб ўтиши борасида ҳам силжиш кузатилди. Яқин-яқинда чегара олди низолари сабаб тез-тез тўқнашувларга дуч келган давлатлар учун бу олдинга ташланган катта қадамдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистонга давлат ташрифи икки мамлакат раҳбарлари томонидан Самарқандда эришилган келишувларнинг мантиқий давоми бўлиб, Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари ривожида янги саҳифа очгани билан тарихий аҳамият касб этди. Буни нафақат расмий доиралар вакиллари, балки оддий қирғизистонликлар ҳам эътироф этди.

Ижтимоий тармоқларда қирғизистонлик фойдаланувчилар «Халқларимиз ўртасидаги дўстлик абадий бўлсин», «Ўзбекистон Президентининг ташрифи йилнинг энг яхши янгилигидир», «Ўзбекистон бизнинг стратегик шеригимиз ва Қирғизистон ҳукумати бу ҳамкорликни давом эттириш учун барча шароитни яратиши керак», деган фикрларни ёзди. Икки томонлама муносабатларни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистоннинг «Данакер» ордени билан мукофотланди.

Юксак давлат мукофотларидан бўлган ушбу орден халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга, миллатлараро тотувликни асраш, илм-фанни ривожлантириш, миллий маданиятларни яқинлаштириш ва бойитишга катта ҳисса қўшган инсонларга берилади. “Данакер” – яраштирувчи деган маънони англатади.

Тўғрисини айтиш керак, 1991 йилдан бу ёғига ўзбек-қирғиз муносабатлари бир текис кечмади. Ҳатто, 2010 йили айрим миллатчилар томонидан Қирғизистон жанубида тўполонлар уюштирилди. Мавжуд муаммоларга қарамай, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳар доим бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўтган йили Ўзбекистон Қирғизистонга 100 миллион долларлик кредит ажратди.

Яна бир масала. Осиёнинг етакчи давлатлари бозорларига чиқишда Қирғизистоннинг транзит имкониятлари биз учун жуда муҳим. Масалан, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Хитойга ушбу давлат орқали етказиш учун бор-йўғи 300 километрга яқин масофани босиб ўтиш керак, холос. Демак, Қирғизистон орқали Хитойга ўтадиган қисқа масофали темир йўл ишга тушса, нафақат Хитой, балки Яқин Шарқ, Европа ва Осиё давлатлари билан алоқаларимиз кескин ривожланади. Бу минтақадаги транспорт йўналишларини диверсификация қилишда яна бир муҳим омил бўлади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари икки-уч кун аввал телефон мулоқоти орқали “Чашма” чегара олди ҳудудида рўй берган ҳодиса билан боғлиқ масалаларни батафсил кўриб чиқиб, бундай вазият бошқа такрорланмаслиги учун мукаммал чоралар қабул қилиш муҳим эканини таъкидлади. Ҳукумат делегациялари ўтказган музокараларнинг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ва Қирғизистон Ҳукуматлараро қўшма комиссияси ҳамда Чегарадош вилоятлар маъмуриятлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисларини ўтказиш таклифи қўллаб-қувватланди. Боткен вилоятининг Қадамжой туманидаги Чечме (Чашма) чегара олди ҳудудида Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари биргаликда жамоат тартибини сақлаши ва чегарани қўриқлаши бўйича чоралар кўришга келишиб олинди.

Албатта, келишган, бирлашган яхши. Халқимизда яхши бир нақл бор: “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар”. Марказий Осиё халқлари унутмаслиги керак, мустамлакачилар ҳар доим “бўлиб ташла, ҳукмронлик қиласан”, шиорига амал қилади. Собиқ тузум Туркистон халқлари бошига не кунларни солмади?! Инсонийлик ва демократия тамойиллари топталиб, оёғости қилинди, ҳар қандай ўзгача фикр юритиш куч билан бўғилди, оммавий ўзбошимчалик ва зўрлик ўтказилиб, Ватанга содиқ неча ўн минглаб кишилар қириб ташланди.

Октябрь тўнтариши оқибатида Туркистонда зўрлик билан ўрнатилган мустамлакачи советлар тузуми биринчи кундан бошлаб халқларимиз бошига сон-саноқсиз қирғин, даҳшатли ва аламли кулфатларни олиб келди. Даҳшатли режимни ўлка халқлари ҳазм қилмади. Истиқлол учун, эрк ва миллий озодлик учун 16 йил мобайнида қуролли кураш олиб борилди.

Бу кураш давомида, хориждаги айрим тарихчилар ҳисобича, 1 миллион 900 минг ватандошимиз Туркистондан бош олиб, хорижий мамлакатларга чиқиб кетди. 1 миллион 700 минг киши Сибирга, Узоқ Шимол, Украина, Шимолий Кавказ, Урал, Қозоғистон, Узоқ Шарқ, Волга бўйига бадарға қилинди. Сталинча мустабид ҳокимият дастидан миллий республикалар мустақиллиги, суверенлиги барбод этилибгина қолмай, уларнинг диний эътиқоди, асрлар оша яшаб келган миллий қадриятлари, урф-одатлари, расм-русумлари ҳам топталди. Динни, диндорларни таъқиб қилиш халқларнинг маънавий маданиятига жиддий зарар етказди. Маъмурий ислоҳот тартиби ўрнатилиши билан динга илмий, миллий нуқтаи назардан ёндашиш инкор этила бошланди.

Унутмайлик, минтақа зиёлилари ва диндорларининг асосий қисми 1930 йилларда концентрацион лагерларга жўнатилди. Масжидлар беркитиб қўйилди, аксарияти отхона, омборхонага айлантирилди. Зулмга қарши адолат ўрнатилган бўлса-да, сталинизм вужудга келтирган тоталитар тузум бедодлиги ва бешафқатлиги халқларимиз орзу-умидларини чилпарчин қилди. Миллатнинг тил-забони кесилди, алифбоси ўзгартирилди, ўтмиши, тарихи кўздан йироқлаштирилди. Қатағон сиёсати собиқ мамлакат миқёсида 50 миллиондан ортиқ кишини ўз домига тортди.

Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиёдаги Ўзбекистон бошлаб берган интеграция ташаббуси, шу жумладан, Президентларнинг чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, турли жанжаллар ва адолатларга барҳам бериш борасидаги интилишлари халқларимизнинг азалий орзу-армонларини рўёбга чиқариш йўлида олиб борилаётган савобли юмушлардир.

Хулоса қилиб айтганда, азалий қардош, тинчликсевар халқларимиз доимо тинчлик, ўзаро ҳурмат, яхши қўшничилик каби инсоний фазилатларни қадрлаб келган. Ташқи сиёсатда, хусусан, биринчи навбатда, Марказий Осиё минтақасида икки ва кўп томонлама манфаатли шериклик тамойилини ёқлайдиган Ўзбекистон ва яқин ҳамкоримиз Қирғизистон ҳар қандай вазиятда бир-бирини қўллаб-қувватлаш, тараққиёт сари биргаликда одимлашда давом этаверади.

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ,

сиёсий шарҳловчи.

UzA