Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ва Сежонг институти фонди ўртасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги вакиллари ва Жанубий Кореянинг Қирол Сежонг институти фонди президенти Ли Хе Ёнг ўртасида видеоконференция шаклида мулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Онлайн-мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларнинг бугунги ҳолатига юқори баҳо берилиб, истиқболда ушбу соҳани янада ривожлантиришда ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин бўлган йўналишлар юзасидан фикр алмашилди.
Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи М.Тиллаева Ўзбекистонда хорижий тилларни ўрганишга бўлган эътибор ҳукумат даражасига кўтарилгани, аҳоли орасида чет тилини ўрганишни оммалаштириш ва уларни мукаммал ўзлаштириш учун зарур шароитлар яратилаётгани, бу борада Агентлик томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Хусусан, хорижий тилларни ўқитишнинг халқаро тан олинган дастурларини жорий этиш, ўқитувчиларда замонавий ўқитиш кўникмаларини ривожлантириш, ҳудудлар, тармоқлар ва таълим муассасаларида талаб юқори бўлган чет тилларини ўқитишни ташкиллаштириш Агентликнинг асосий вазифаларидан этиб белгилангани айтилди.
Бундан ташқари, Агентлик ташаббуси билан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимида аҳоли, айниқса, ёш авлод ўртасида чет тилларини ўрганишни оммалаштириш, талабаларга чет тилларини ўзлаштиришга ёрдам берадиган илмий-оммабоп, ҳужжатли, бадиий фильмлар намойиши, малакали мутахассисларни жонли тил дастурларига жалб қилиш, шунингдек, улар иштирокида кўрсатувлар, видеомаҳсулотлар, ўйинлар, кўнгилочар фильмлар яратиш ва эфирга узатиш билан шуғулланадиган «Foreign Languages» телеканали фаолияти йўлга қўйилгани таъкидланди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда аҳоли орасида хорижий тилларни, хусусан, корейс тилини ўрганишга бўлган қизиқишнинг ортиб бораётганини ҳисобга олиб, Қирол Сежонг институти фонди раҳбари билан истиқболда юртимиздаги таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган корейс тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш, уларни Жанубий Кореяга қисқа таълим курсларига юбориш, Жанубий кореялик тил мутахассисларини Ўзбекистонга жалб қилишни ташкил этиш, «Foreign Languages» телеканалида корейс тилидаги оммабоп мультфильм ва кинофильмларни эфирга узатиб бориш каби масалалар муҳокама қилинди.
Ли Хе Ёнгнинг билдиришича, Қирол Сежонг институти фонди чет элликлар учун корейс тили ва маданиятини тарғиб қилувчи Корея Республикасидаги асосий муассасалардан бири ҳисобланиб, хорижий университетлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан фаол ҳамкорлик қилади. Чет давлатларда фаолият юритаётган Сежонг тил марказлари учун корейс тили дарсликларини тайёрлаш, уларни етказиб бериш, мазкур марказларни малакали ўқитувчилар билан таъминлаш Фонднинг асосий вазифаларидан эканини таъкидлади.
Қирол Сежонг институти фонди раҳбарияти Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигини маълум қилиб, истиқболда ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Онлайн-мулоқот чоғида томонлар ўзаро алоқаларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолашга келишиб олди.
/«Дунё» АА/.