"Инфозакон": Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг жадал ривожланиши ҳар икки томон учун ҳам янги имкониятлар очади
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Қозоғистоннинг оммабоп "Инфозакон" электрон нашрида "Тараққиёт стратегияси" маркази бош мутахассиси Бунёд Тиллахўжаевнинг "Ўзбeкистон Европа Иттифоқининг муҳим ҳамкорларидан бирига айланмоқда" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Унда қайд этилишича, Ўзбекистон Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар билан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, таълим, қонун устуворлигини таъминлаш, чегараларни бошқариш, жиноятчиликка қарши курашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби кўплаб соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали муҳим ҳамкор мақомига эга бўлмоқда.
"Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми GSP+ имтиёзлар тизими туфайли барқарор ўсиб бормоқда. 2023 йил якунига кўра, Ўзбекистон умумий савдо айланмасининг деярли ўндан бир қисми (9,2 фоиз) Европа Иттифоқи ҳиссасига тўғри келди, бу 5,8 миллиард долларга тенг", – дейилган мақолада.
Нашрда хабар қилинишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкорига айланиб бормоқда. Жорий йилнинг апрель ойида томонлар ўзаро англашув меморандумини имзолаган бўлиб, у Европа Иттифоқи иқтисодиёти учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган мис, литий, алюминий, титан, платина, графит, никель, кобальт каби муҳим хом ашёлар соҳасида барқарор қиймат занжирларини ривожлантириш бўйича стратегик ҳамкорликнинг бошланишини белгилади.
Таъкидланганидек, самарали минтақалараро ҳамкорликнинг намунаси сифатида "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" форматини келтириш мумкин. Мазкур формат доирасида ҳар йили вазирлар учрашувлари мунтазам ўтказилади. Бундай учрашувнинг сўнггиси 2023 йил октябрь ойида бўлиб ўтган.
"Умуман олганда, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг жадал ривожланиши ҳар икки томон учун ҳам янги имкониятлар очади", – деб якунланган "Инфозакон" тарқатган мақола.