Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро форумда Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳаси ва унинг концепцияси муҳокама қилинди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилишда парламентларнинг роли» мавзуида иккинчи халқаро онлайн-форум бўлиб ўтди.
Анжуман Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурган ташаббуси асосида тайёрланган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳаси ва унинг концепцияси муҳокамасига бағишланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Парламент қуйи палатаси манбасига кўра, анжуман Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси ва Буюк Британиянинг «Глобал шериклик бошқаруви жамғармаси» нодавлат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Буюк Британия парламенти Лордлар палатасининг аъзоси, «Глобал шериклик бошқаруви жамғармаси» нодавлат ташкилоти эксперти Баронесса Элисон Сатти, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот ва Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Саид Рустамов форум иштирокчиларини самимий қутлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, парламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Акмал Саидов, мамлакатимизда ёшлар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш Ўзбекистон Президенти олиб бораётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Қонунчилик палатаси Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси Абдулло Аслонов Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳаси тўғрисида ахборот берди.
Конвенция лойиҳаси тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилгач, кенг халқаро муҳокама учун тақдим этилгани таъкидланди.
Концепция лойиҳаси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 70 йиллиги доирасида 2018 йил 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми иштирокчилари кўриб чиқди.
Сўнгра лойиҳа 2019 йил 7-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар демократик жамиятлар ва барқарор ривожланишни барпо этишда ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг муҳимлиги” мавзусидаги олтинчи халқаро семинари иштирокчиларига муҳокама учун тақдим этилди. Мазкур семинарнинг якуний ҳужжати сифатида қабул қилинган Тошкент декларациясида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни қабул қилишнинг зарурати ва аҳамияти алоҳида таъкидланди.
2020 йил 23 сентябрь куни бўлиб ўтган БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида Шавкат Мирзиёев халқаро ҳамжамиятни БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилиш борасидаги Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Форумда иштирок этган Буюк Британия элчиси Тим Торлот янги Ўзбекистоннинг ёшлари дунёга янгича кўз билан боқаётганини эътироф этар экан, жумладан, ёшлар бошқа масалалар қатори атроф-муҳит ҳимоясига ҳам устувор даражада эътибор қаратиши зарурлигини қайд этди.
Лордлар палатаси аъзоси баронесса Элисон Сатти Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Ёшлар парламенти ташкил этилганини ижобий баҳолади. Унинг таъкидлашича, бу қадамлар қонун ижодкорлиги жараёнига кўпроқ ёшларни жалб қилиш имкониятини кенгайтиргани билан жуда муҳимдир.
Буюк британиялик экспертлар хорижий давлатларнинг ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги энг яхши амалиётлари ҳақида тўхталди. Хусусан, Буюк Британиянинг бу борадаги тажрибаси тадбир иштирокчилари эътиборини жалб этди.
Онлайн-анжуман якунида Ўзбекистон — Буюк Британия ҳамкорлигини янада кенгайтиришда парламентлараро алоқаларни чуқурлаштириш муҳимлиги яна бир бор қайд этилди.
/«Дунё» АА/.