Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Ёшлар – жамият тараққиётининг ҳал қилувчи кучи

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Ёшлар – жамият тараққиётининг ҳал қилувчи кучи

«Биз учун жамиятда бегона бола йўқ ва бўлмаслиги керак». Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан айтилган ушбу сўзлар давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда илгари сурган ёшлар масаласи бўйича 20 дан ортиқ миллий, минтақавий ва халқаро ташаббусларнинг изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётгани мисолида ўзининг яққол амалий тасдиғини топмоқда.

Яқинда пойтахтимизда “Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари” мавзуида халқаро форум ўтказилгани давлатимиз раҳбарининг бу борадаги яна бир ташаббуси рўёбга чиққанидан далолат беради. Чунки Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена бутунжаҳон конференциясининг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилган ушбу халқаро анжуман Ўзбекистон Президентининг шу йил 12 майдаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастурида кўзда тутилган.
Форумни ўтказишдан асосий мақсад, аввало, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш учун халқаро ҳамда минтақавий восита ва механизмларнинг қўлланилиш соҳасини холис таҳлилдан ўтказишдан иборат бўлиб, бу борада ёшлар ҳуқуқлари ва имкониятларини ҳимоя қилиш механизмларининг самарадорлигини ошириш бўйича атрофлича ўзаро фикр алмашилгани айни муддао бўлди.
Жаҳон анжумани доирасида, шунингдек, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳимлиги борасида жамиятнинг хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Янада муҳими, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг мақбул амалиёти ва самарадор механизмлари муҳокама қилинди ҳамда бу йўналишдаги илғор тажрибалар ўрганилди.
Халқаро форумнинг асосий миллий ташкилотчиси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлиб, у бир қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ўтказилди. Анжуманни ташкил этишда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Олий комиссар бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси офиси, БМТТДнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Фридрих Эберт номидаги жамғарма каби халқаро шериклар билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилди.
Гибрид шаклида ўтказилган халқаро форумда Марказий Осиё мамлакатларидаги ёшлар ташкилотлари, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ёшлар, шунингдек, Ўзбекистонда аккредитация қилинган ўнлаб дипломатик ваколатхоналар намояндалари қатнашди.
Халқаро форумда замонавий жамият ҳаётининг муҳим жабҳаларида ёшларнинг ўрни ва таъсирига, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича амалдаги халқаро ҳамда минтақавий ҳужжатлар ва механизмларга оид кенг кўламли масалалар чуқур ҳамда синчиклаб муҳокама қилинди.
Фикримизча, ёшлар форуми қуйидаги асосларга кўра долзарб ва муҳим воқеа ҳисобланади:
— Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги ҳамда Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллигини нишонлаш доирасида бўлиб ўтди;
— аҳолисининг қарийб ярмини ёшлар ташкил этувчи Марказий Осиё минтақасида навқирон авлод ҳуқуқларини таъминлаш бўйича бирлашиш ва ҳамкорлик қилишнинг рамзий ифодаси бўлди;
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеясининг 78-сессиясида БМТ ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича Ишчи гуруҳни ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини амалга ошириш доирасида ўтказилди;
— шакли ҳамда мазмуни жиҳатдан ўзига хослиги билан ажралиб турди. Мазкур жаҳон анжумани Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан кўплаб ёшларни, шунингдек, мамлакатимизнинг 14 та ҳудудидан ўндан ортиқ олий таълим муассасалари талабаларини ўз таклифларини билдиришга ундаш мақсадида ягона мулоқот майдонида бирлаштирди;
— форум майдонида ёшлар билан ўтказилган маслаҳатлашувлар натижалари 2023 йил декабрь ойида Женевада ўтадиган юқори даражадаги тадбирда тақдим этилиши режалаштирилаётган “Инсон ҳуқуқлари — 75” ёшлар декларацияси лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилади.
Тошкент халқаро форумининг ўзига хослиги ушбу халқаро-ҳуқуқий анжуман доирасида ташкил этилган ранг-баранг маънавий-маърифий тадбирлар мисолида ҳам ёрқин намоён бўлди. Хусусан, унинг очилиши ноанъанавий тарзда бошланди. Муҳташам мажлислар зали узра Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Инсон қасидаси” иқтидорли ёшлар ижросида ўзбек, инглиз ва рус тилларида янгради.
Шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича адабиётлар, ўзбек шоир ва ёзувчиларининг сара асарлари кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмадан 100 та номдаги 200 дан ортиқ китоб ва илмий журналлар жой олди. Илмий-техник кашфиётлар ва ёш ихтирочиларнинг “стартап” лойиҳалари намойиши ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Халқаро форум доирасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари учун маҳорат дарси ташкил қилинди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институтида мамлакатимизнинг тўртта минтақасида жойлашган Наманган, Нукус, Самарқанд ҳамда Термиз давлат университетлари юридик факультетлари талабалари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Марказий Осиё ёшлар форумининг очилиш қисмида иштирокчиларни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи видеомурожаат орқали табриклади. Шунингдек, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси номидан — ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили в.б. Жофри Ижумба, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти амалдаги раисининг ёшлар масалалари бўйича махсус вакили Мемет Жаку ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси вакили Муҳаммад Лавал Сулаймоннинг қутлов сўзлари тингланди.
Халқаро форум иштирокчилари бир қатор жуда муҳим хулосаларни баён этдилар. Энг асосийси, жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ёшларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида олиб бораётган сиёсатни ҳамда бу борада илгари сураётган ташаббусларини юксак баҳолаши алоҳида таъкидланди.
Хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ёшлар анжуманини ташкил қилгани учун мамлакатимиз Ҳукуматига миннатдорлик билдириб, мазкур форум Ўзбекистоннинг бу борада қўйган кўплаб муҳим қадамларидан бири эканини эътироф этди.
Ф. Тюркнинг таъкидлашича, “Тошкент халқаро форуми Марказий Осиё ёшлари ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўрганишлари, энг муҳими, қарор қабул қилувчиларга ўз муаммолари ва ташвишларини билдиришлари учун эркин мулоқот майдонидир. Бу ерда ёшлар инсон ҳуқуқлари улар учун нимани англатишини ва инсон ҳуқуқлари учун қандай келажакни хоҳлашларини баралла билдириш имконига эга бўладилар. Бу халқаро анжуман инклюзив ва тинч жамиятларни барпо этишда ёшларнинг улкан ролини таъкидлаш учун қулай имконият ҳисобланади”.
Ўз навбатида, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили в.б. Жофри Ижумба қайд этганидек, ёшларнинг ўз салоҳиятларини тўлиқ рўёбга чиқаришлари учун имкониятларни кенгайтириш БМТнинг Тошкентдаги жамоаси учун асосий устувор йўналиш ҳисобланади. Ушбу стратегик мақсад БМТнинг 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган Барқарор ривожланиш бўйича ҳамкорлик дастурида ўз ифодасини топган. Ўзбекистон БМТнинг “Ёшлар — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича синов лойиҳасига жалб этилган дастлабки ҳамкор давлатдир.
Ж. Ижумбанинг сўзларига кўра, “Ўзбекистоннинг бўлажак етакчилари — моҳир дипломатлар, сиёсатчилар, парламент аъзолари, давлат хизматчилари, ҳуқуқшунослар бўлиб етишадиган бугунги ёшлар долзарб глобал муаммоларни миллий муаммолар билан уйғунликда таҳлил қилиш борасида тегишли кўникма ва билимга эга бўлишлари зарур. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда, айни жараёнда ҳеч ким ортда қолмаслигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда Ўзбекистонда инсон салоҳиятини юксалтиришга катта аҳамият берилмоқда. Ўзбекистон бугун ўзининг ёш кадрлари билан ҳар қачонгидан ҳам кучли эканига шубҳа йўқ”.
Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси вакили элчи Муҳаммад Лавал Сулаймон форум ташкилотчиларига ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ғамхўрликлари, шу жумладан, 2019 йили Тошкентда ИҲТнинг ёшлар ҳуқуқлари бўйича олтинчи йиллик семинари муваффақиятли ўтказилгани учун миннатдорлик изҳор қилди. У 2025 йилда дунё аҳолисининг салкам учдан бир қисми ёшлардан иборат бўлишига эътибор қаратиб, навқирон инсонлар жамиятни ҳаракатга келтирувчи таянч кучларга айланишлари учун етарли шижоат, салоҳият ва ташаббускорлик лаёқатига эгалигини таъкидлади. Шу маънода, ИҲТ вакили ёшларнинг ҳуқуқлари таъминланиши ва уларнинг раҳбарлик вазифаларида ишлашлари учун кенг йўл очилишида Тошкент халқаро форуми натижалари ўзига хос ўрин тутишига ишонч билдирди.
Яқинда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Aссамблеясининг 78-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёшлар соҳасида яна бир муҳим ташаббусни — БМТ ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этишни таклиф қилди. Ушбу ташаббус Марказий Осиё минтақасида ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш ва амалга оширишдан энг юқори даражада манфаатдорликнинг ўзига хос намунасидир. Чунки Марказий Осиёда аҳолининг қарийб ярмини ёшлар ташкил этиши назарда тутилса, ёш авлод, унинг салоҳиятини рўёбга чиқариш билан боғлиқ масалалар алоҳида аҳамият касб этиши янада яққол аён бўлади.
БМТТДнинг зўравон экстремизмнинг олдини олиш масалалари бўйича халқаро эксперти Жозеф Гайт ёшларни экстремистик оқимларга жалб этишга қаратилган сайтлар мавжудлиги сабабли жиддий хавф борлиги ва бу борада ёшларга танқидий фикрлаш, бундай мазмунни англаш ва ушбу маълумотларга қарши курашиш кўникмаларини ўргатиш зарурлиги ҳақида гапирди. Унинг фикрича, сўз эркинлиги ҳуқуқини бузмаган ҳолда, бундай сайтлар фаолиятини чеклаш масаласига ойдинлик киритиш зарур. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар таркибини ёшлар билан ишончли муҳитда мулоқот қилишга ўргатиш, бунда ўз фикрини эркин ифода этиш, бошқаларнинг турлича фикрларини баҳолаш ва ҳурмат қилиш масалаларида кўмаклашиш тавсия этилди.
Галлаудет университети битирувчиси Дамир Тузмуҳамедов ўз нутқида АҚШнинг инклюзив таълим соҳасидаги тажрибаси билан ўртоқлашди. Маърузачи Галлаудет университети мисолида имконияти чекланган ёшларнинг таълим олиш ҳуқуқлари қандай амалга оширилаётгани ҳақида гапирди. Бу дарслар америкача имо-ишора тилида ўтиладиган дунёдаги ягона университет бўлиб, унда аксарияти кар ва эшитиш қобилияти паст профессор-ўқитувчилар дарс ўтади.
Маърузачи ногиронлиги бўлган ва эшитиш қобилиятини йўқотган инсонларга ҳам кенг қамровли таълим олиш ҳуқуқини кафолатлайдиган АҚШ қонунларига иштирокчилар эътиборини қаратди. Америка Қўшма Штатлари таълим тизимидаги муваффақиятли дастур ва амалиётлар барча талабалар учун уларнинг жисмоний ёки психологик хусусиятларидан қатъи назар, фойдаланиш имконияти ва тенг имкониятларни таъминлашга қаратилганилганлиги билан аҳамиятлидир.
Иштирокчилар томонидан халқаро форумнинг якуний ҳужжати — Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Марказий Осиё декларацияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Форумнинг асосий натижалари ва амалий тавсиялари ўз мужассамини топган ушбу муҳим ҳужжат истиқболда ёшлар ҳуқуқлари соҳасидаги янги саъй-ҳаракатлар ва илғор ташаббуслар учун мустаҳкам замин вазифасини ўташига ишонч билдирилди.
Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Марказий Осиё декларацияси лойиҳасини муҳокама қилиш асносида бир қатор асосий тавсиялар илгари сурилди.
Биринчидан, 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ва ёшларнинг ижодий салоҳиятини рағбатлантириб бориш лозим. Бунда мунтазам равишда таълим кампаниялари ва рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда турли маърифий тадбирларни ўтказиш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, тинчлик ва бағрикенглик маданияти ҳақида хабардорликни оширишга урғу берилади.
Иккинчидан, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳужжатлар ва БМТ қарорларидан раҳбарий қўлланма сифатида фойдаланган ҳолда, ёшлар сиёсати соҳасида комплекс ва мақсадли миллий дастур ва стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишни амалиётга янада кенг татбиқ этиш керак.
Учинчидан, инклюзив таълимни таълим тизимининг барча босқичида жорий этиш зарур. Бу, ўз навбатида, ногиронлиги бўлган ёшларнинг жамиятга тўлиқ интеграциялашуви учун уларга сифатли таълим беришга хизмат қилади.
Тўртинчидан, ёшларнинг ОИВ/ОИТС касаллиги ва репродуктив саломатлик ҳақида хабардорлигини ошириш учун соғлом ҳаётга оид таълим кўламини кенгайтириш зарур.
Бешинчидан, барқарор ривожланиш соҳасидаги долзарб масалаларни ҳал этишда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Марказий Осиё давлатлари ўртасида ёшлар делегациялари алмашинувини қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқдир.
Ҳеч шубҳасиз, пойтахтимизда конструктив, ижодий ва ишчи муҳитда бўлиб ўтган “Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари” мавзуидаги халқаро форум якунлари барчамизга янги саъй-ҳаракатлар учун беқиёс рағбат бағишлади. Шу муносабат билан миллий ва халқаро ҳамкорларимизга форумни ўтказишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганлиги учун, оффлайн ва онлайн қатнашган жами иштирокчиларга эса ғоят фаолликлари учун яна бир бор миннатдорлик билдирамиз.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Президенти ҳар қандай жамиятнинг барқарор ривожланишида ёшларнинг муҳим ўрин тутишини англаган ҳолда халқаро майдонда мунтазам равишда муҳим ташаббуслар билан чиқаётгани бежиз эмас. Чунки давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз — ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир”.

Академик Aкмал Саидов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг биринчи ўринбосари,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори.
/«Дунё» АА/.