ИТСВ: 8 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон-Австрия бизнес- форуми бўлиб ўтди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Австрия ҳукумати ва ишбилармон доиралари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давомида Тошкентда Ўзбекистон-Австрия бизнес-форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, тадбирда икки мамлакатдан 100 га яқин тадбиркор, савдо-саноат палаталари ва халқаро молия институтлари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Австриянинг Европа ва ташқи ишлар федерал вазири Михаэль Линхарт сўзга чиқди. Икки мамлакат делегациялари раҳбарлари инвестициявий, савдо-иқтисодий соҳаларда муносабатларнинг ишга солинмаган салоҳиятини қайд этиб, ўзбек ва австриялик тадбиркорлар ўртасида шерикликни йўлга қўйиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида ўзаро ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини таъкидлади.
Энергетика, нефть-кимё саноати, IT соҳаси, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва банк-молия йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг улкан истиқболлари қайд этилди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг сезиларли натижалари ҳамда уларнинг ортга қайтмаслиги таъкидланди. Миллий иқтисодиётни либераллаштириш ва мамлакатда инвестициявий муҳитни яхшилаш борасидаги изчил чора-тадбирлар туфайли Ўзбекистон билан Австрия ўртасида иқтисодий шерикликни кенгайтириш учун шарт-шароитлар шакллантирилгани маълум қилинди. Австрия компанияларининг Ўзбекистоннинг кимё, тоғ - кон саноати ва автомобилсозлик соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишдаги «муваффақият ҳикоялари» ҳам қайд этилди.
Форумда Австрия Федерал Иқтисодиёт палатаси, Австриянинг йирик компаниялари, Ўзбекистоннинг вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари иштирок этди. Устувор йўналишларда ҳамкорлик қилиш учун мавжуд имкониятлар атрофлича очиб берилди, турли тармоқларнинг инвестициявий ва савдо салоҳияти, шунингдек, Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган имтиёзлар тақдимоти ўтказилди.
Бизнес-форум давомида «B2B» шаклида учрашувлар ўтказилди. Уларда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш ва яқин келажакда аниқ келишувларга эришиш мақсадида ўзаро ҳамкорлик соҳаларини аниқлаш имкониятига эга бўлдилар.
/«Дунё» АА/.