Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Ижтимоий сафарбарлик ва фаол фуқаролик позицияси

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
 Ижтимоий сафарбарлик ва фаол фуқаролик позицияси

Ақлли инсон ҳеч қачон ўзининг бугунги ҳолатидан қониқмаслиги керак. Буюк алломаларимиз таъкидлашича, инсондаги ўзининг бугунги ҳолатидан қониқиш ҳисси бу дунёдаги барча ярамас иллатлар манбаидир.

Бугунги Ўзбекистон мамлакатимиздаги барча куч ва имкониятларни бирлаштирган ҳолда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасини эртага эмас, айнан бугун кўришга интилаётган, жонажон Ватанимизнинг албатта дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига киришига астойдил ишонган, халқимиз ҳаётини, бугуни ва эртасини эркин ва фаровон қилишни ўзининг энг улуғвор вазифасига айлантирган жаҳоннинг мустақил субъекти сифатида майдонга чиқмоқда.
Ҳа, биз бугун маррани жуда баланд олдик. Бошқа йўл бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Чунки, замоннинг шиддати, жаҳонда содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларнинг ривожланиш эволюцияси шуни тақозо этмоқда, халқаро ҳамжамиятнинг бугунги ҳолати шуни талаб қилмоқда. Бошқача сўз билан айтганда, инерция билан ишлаш бизнинг миллий манфаатларимизни амалга оширишга халақит қилиши мумкин. Ҳар бир соат, ҳар бир кундан самарали, унумли фойдаланиш биз учун сув ва ҳаво каби зарур.
Энг муҳими, ана шу ҳақиқатни халқимиз сезиб турибди. Мамлакат раҳбари томонидан таклиф этилаётган ривожланишнинг устувор йўналишлари рўёби йўлида қилинаётган барча саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлагани каби, бугун юртимизда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш, инсон қадрини юксалтириш орқали халқпарвар давлатни барпо этиш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш, миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасига олиб чиқиш, ҳеч шубҳасиз, ўзининг натижалари ва самарасини бермоқда.
Қолаверса, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, маърифатли жамиятни барпо этиш, бугунги кунда инсоният, шунингдек, халқимиз дуч келаётган умумбашарий муаммоларга ўз миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ечим топиш йўлидаги интилишларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Буларнинг бари аксиома. Эришилган ва эришилаётган ютуқларимизнинг бирортасини инкор этиш мумкин эмас. Бу адолатдан ҳам бўлмайди.
Аммо эришилган бу ютуқлару қўлга киритилган натижалар бугун бизни тўлиқ қониқтира оладими? Албатта йўқ. Маълумки, инсон табиати, унинг руҳияти доимо ўзгаришга, такомиллашувга мойил. Ақлли инсон ҳеч қачон ўзининг бугунги ҳолатидан қониқмаслиги керак. Буюк алломаларимиз таъкидлашича, инсондаги ўзининг бугунги ҳолатидан қониқиш ҳисси бу дунёдаги барча ярамас иллатлар манбаидир. Ана шу ҳолат барчамизни ҳаракат қилишга, яратишга, ўзимизни такомиллаштиришга ундайди, рағбат беради.
Келинг, яхшиси, ана шу масалалар бўйича ўзимизнинг айрим субъектив фикрларимизни баён этайлик. Барчамиз, бутун жамият юртимизда содир бўлаётган ислоҳотлардан қониқиш ҳосил қилиб турган бир пайтда, ҳали у, ҳали бу ҳудудда адолатсизликлар юз бераётгани, булар эса, халқимизнинг ҳақли норозиликларига сабаб бўлаётгани бор гапку.
Мамлакат раҳбари томонидан яхши ва эзгу ниятлар билан маҳаллаларда ҳоким маслаҳатчиси лавозими жорий этилишини халқимиз хурсандлик билан кутиб олди. Лекин бундай лавозимдаги айрим номуносиб шахсларнинг ўз манфаати йўлидаги ножўя ҳаракатларини қандай тушуниш мумкин? Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган — айрим “тасодифий” раҳбарлар томонидан содир этилаётган адолатсизликларчи? Жамиятда рўй бераётган турли жиноятлар, аҳолимизнинг турли қатламлари томонидан амалга оширилаётган ахлоқсизликлар, маънавий тубанликлар — буларнинг бари қандай сабаблар натижасида юз бермоқда?
Мамлакатимизда ижтимоий адолат тантанаси йўлида юрт раҳбари томонидан амалга оширилаётган ҳаётий ислоҳотларга қарамасдан, жамиятнинг бундай ярамас иллатларга қарши ижтимоий нафратига эътибор қилмасдан содир этилаётган салбий ҳолатлар сабабини аниқлаш, уларга нисбатан тўғри ташхис қўйишни бугунги энг муҳим вазифалардан бири сифатида эътироф этиш мумкин.
Шубҳасиз, бу саволларга жавоб бериш жуда қийин. Бу масалада ҳар кимнинг ўз фикри, мулоҳазаси бор. Шу жамиятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаган бир фуқаро сифатида айни шу масалаларга нисбатан менда ҳам баъзи мулоҳазалар етилди. Келинг, шулар ҳақида фикр юритсак.
Менинг назаримда бугунги Ўзбекистоннинг янада ривож топиши, ислоҳотларимизнинг самараси икки муҳим ижтимоий ҳодисанинг қай даражада амалга ошишига боғлиқ. Улардан бири фуқароларимиздаги ижтимоий сафарбарлик бўлса, иккинчиси ҳар биримизнинг юксак фуқаролик позициямизга дахлдордир. Хўш, ижтимоий сафарбарлик, деганда нимани тушуниш мумкин? Ижтимоий сафарбарлик жамиятнинг барча фуқаролари томонидан ўз миллати ва мамлакати тақдири учун масъул эканини онгли равишда англаган ҳолда, ўзидаги барча имкониятлар, билим, тажриба, малакаларни ягона мақсад йўлида жамлай олиш, уларни эзгу мақсадларга эришиш сари сафарбар этиш кўникмасидир.
Мамлакат ва миллат ривожланишида шахслар, алоҳида ижтимоий гуруҳлар, сиёсий партиялар, турли ташкилотларнинг ўрни жуда катта. Аммо том маънодаги ижтимоий тараққиётни ижтимоий сафарбарликсиз тасаввур қилиш қийин. Тарихда у ёки бу давлатда бутун жамиятнинг ижтимоий сафарбарлиги билан боғлиқ ҳодисалар жуда кўп. Масалан, Япония тарихидаги ижтимоий сафарбарлик С.Судзуки (1579–1655) ва Б.Исида (1685–1744)ларнинг таълимотлари асосида амалга оширилди. Собиқ самурай, ҳукумат амалдори бўлган Судзуки савдогар фақат даромад олиш учун тижорат билан шуғулланса муваффақият қозонмайди, у харидор ва давлат эҳтиёжидан келиб ишламаса иқбол кулиб боқмайди, меҳнат қилиш гўёки қушнинг қанотига тенгдир, дейди. У миллатнинг меҳнатга муносабати иймон ва эътиқодга айланишини таъкидлайди. Судзуки ўзига хос япон этикаси қоидаларини яратади. Бу этика аҳолини ижтимоий сафарбарликка ундовчи ҳодиса ҳисобланиб, унда барча жамиятлар учун кишиларнинг маънавий, диний, иқтисодий эҳтиёжини қондирадиган японча ахлоқ устуворлик қилар эди.
Ана шу ахлоқ япон халқини 1945 йилдаги мағлубиятдан сўнг ягона мақсад йўлида жипслаштирди, бирлаштирди. Халқ тушкунликка тушмади. Аксинча, турли босқинчиликлар, урушлар, зилзилалар, тўфонлар, атом бомбардимонлари япон миллатини, жамиятни жипслаштирган ҳолда модернизация қилишга сафарбар қилди.
Худди шунга ўхшаш сиёсат Дэн Сяопин раҳбарлигида Хитойда ҳам амалга оширилди. Унинг сиёсати асосини марказлашув, қонуннинг ҳақиқий маънодаги устуворлиги, қаттиқ тартиб-интизом ташкил этди. Дэн Сяопин асосий эътиборни демократияни бекорчи сафсаталарга, ультрадемократизм тарқалишига, жамиятда анархияга, сиёсий барқарорлик бузилишига, миллат яхлитлиги барбод бўлишига олиб келмасликка қаратди. Бу вазифаларни, шубҳасиз, ижтимоий сафарбарлик натижасидагина амалга ошириш мумкин эди. Ана шу ижтимоий сафарбарлик туфайли Хитой бугун дунёнинг энг тез ривожланиб бораётган давлатига айланди.
Бундай мисолларни Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Жанубий-Шарқий Осиёнинг бошқа давлатлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу мамлакатларнинг бугунги кундаги тараққиёти асл сабаби ҳам миллат жипслиги, улардаги ижтимоий сафарбарликнинг буюк кучида, аслида.
Юртимиз мисолида ҳам ана шундай мисолларни кўплаб келтирсак бўлади. Масалан, Тўмарис, Широқ, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, Дукчи Эшон, Мадаминбек, Иброҳимбек каби халқ озодлиги йўлида курашган қаҳрамонлар том маънода миллатни сафарбар этишнинг рамзи сифатида майдонга келди. Булар ҳақида гап кетганда Амир Темурни ёдга оламиз. Тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган бу мумтоз сиймо буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ўзидан жуда ноёб мерос қолдирди, илму фан, маданият, бунёдкорлик ривожига улкан ҳисса қўшди. Унинг “Темур тузуклари” бугун ҳам миллатга руҳий куч-қувват беради, беқиёс сафарбарликка ундайди.
Ижтимоий сафарбарлик ўз-ўзидан пайдо бўладиган ҳодиса эмас. Мазкур ҳодисанинг пайдо бўлиши ва шаклланиши учун давлат, жамият аъзолари олдида қатор вазифаларни ҳал этиш лозим бўлади. Уларнинг айримлари, бизнинг назаримизда қуйидагилардан иборат: одамлар жамиятда содир бўлаётган ислоҳотларга ўзининг дахлдорлик ҳиссини ошириши, турли хил таҳдидларнинг кишиларни ғоявий жиҳатдан қарам қилишга қаратилган ҳаракатларга қарши самарали кураш олиб бориш кўникмаси керак, жамият олдида турган мураккаб вазифаларни бажаришда фидойи, ватанпарвар ва ўз фикрига эга бўлиши талаб этилади.
Айни пайтда, жамиятда ижтимоий сафарбарликни амалга ошириш учун ҳар бир фуқаро ўзида эҳтиёж сезиши лозим. Бироқ бу эҳтиёж албатта жамият томонидан эътироф этилган ижтимоий эҳтиёжга ҳамоҳанг бўлиши шарт. Шунингдек, жамиятда ижтимоий сафарбарликка эришишнинг энг муҳим омилларидан яна бири —давлатнинг ўзи ана шу сафарбарликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши, бундай ҳаракатни рағбатлантириб туриши лозим.
Бугун янги Ўзбекистонда ана шундай уйғунлик муҳити пайдо бўлган. Дарҳақиқат, ижтимоий сафарбарлик ўз ўзидан пайдо бўладиган ҳодиса эмас. Унинг учун, бир томондан, юқорида таъкидлаганимиз каби, халқнинг ўзи тайёр бўлиши, бўлак тарафдан эса, бу ҳаракат давлат томонидан қўлланиб турилиши керак.
Яна бир нарсага эътибор бериш керак, деб ўйлаймиз: ҳар қандай сафарбарлик муайян ғоялар, аниқ мақсадлар натижасида содир бўлади. Агар бундай ғоялар реал кучларга суянган, илмий жиҳатдан асосланган бўлса, унинг натижасига аввалдан ишониш мумкин бўлади. Шу маънода, бугунги Ўзбекистонда том маънодаги ижтимоий сафарбарликка эришиш имкониятлари мавжуд. Бунга, назаримизда, мамлакат раҳбари томонидан илгари сурилган “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс сари” шиори ва “Халқ манфаати ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғоя мисол бўла олади.
Президентимиз “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида таъкидлагани каби, муайян халқ ёки давлат ҳаёти учун ғоят муҳим аҳамият касб этадиган бирор-бир феномен ёки у ҳақдаги тушунча ва тамойиллар ўз-ўзидан, осонгина пайдо бўлмайди ва тасодифан дунёга келиб қолмайди. Шу маънода, ҳар қандай ҳодиса, тушунча ёки атаманинг ўзига хос шаклланиш жараёни бор. Янги Ўзбекистон феномени ҳам бундан мустасно эмас. Ушбу тушунча мамлакатимизнинг замонавий маънавий қиёфасини шакллантириш, юртимизда демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасидаги ислоҳотларимизнинг таянч ғоясини ифода этади. Ана шу ғоя асосида юртимизда “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс сари” деган шиор илгари сурилаётгани ҳам бежиз эмас.
Бугун барчамизни юксак марралар сари ундайдиган, олдимизга қўйган олий мақсадларга етаклайдиган ана шу ғоя, шубҳасиз, бизни ижтимоий сафарбарликка чорлайди. Ижтимоий сафарбарлик лоқайд, ўзининг мустақил фикрига эга бўлмаган, беҳафсала кишиларни уйғотади, уларда мамлакат ва миллат тақдирига масъул экани билан боғлиқ туйғуни шакллантиради. Биз агар бугун орзу қилаётган янги Ўзбекистон, Учинчи Ренессанс ғояси мазмун-моҳиятини билмас, миллий тараққиётимизнинг янги даврига қадам қўйётганимизни англамас, тарих бизга ўз мақсад-муродимизга етишимиз учун улкан ва янги имкониятлар яратиб берганини эътиборга олмас эканмиз, ҳеч қандай сафарбарлик ҳақида ўйлашнинг ҳожати қолмайди.
Ижтимоий сафарбарлик аслида мудроқ қалбларни ҳаракатга келтириш, ухлаётганларни уйғотиш ҳамдир. Атрофимизда содир бўлаётган янгиликларни англамаслик, дунёнинг катта шиддат билан ўзгараётганини кўрмаслик аслида ухлаш эмасми? Шу ўринда Буюк Британия бош вазири Маргарет Тетчернинг қуйидаги сўзларини жуда ўринли, деб биламан: “Мен бошқарувга битта аниқ ўйлаб чиқилган мақсад билан киришдим: инглиз жамиятини тўлиқ давлат қарамоғидаги боқимандалик ҳолатидан ўз келажагига тўлиқ ишонган тадбиркор ҳолатигача, “ўтирамиз” ва “кутамиз” Англияси ўрнига “уйғон” ва “юр” Англияси ўрнатилиши учун анъанавий “марҳамат қилиб менга беринг”дан “ҳаммасини ўзимиз қиламиз” миллатигача ўзгартириш!”.
Бугун биз барчамиз янги Ўзбекистонни барпо этиш орзуси билан яшамоқдамиз. Аммо, ўзимизга савол бериб кўрайлик: фақат орзу қилиш билан кўзланган юксак марраларга эришиш мумкинми? Асло мумкин эмас. Абу Ҳурайра (р.а.) Пайғамбаримиздан (с.а.в.) ривоят қилади: Набий (с.а.в.) айтадилар: “Аллоҳ таола сизларнинг суратларингизга, молларингизга ва аҳволларингизга қарамайди. Балки амалларингизга ва қалбларингизга қарайди”. (Ал-Фақиҳ Абу Лайс Ас-Самарқандий. Танбеҳул ғофилин).
Дарҳақиқат, яхши яшаш, фаровон турмушни яратиш учун ният ва орзуларимизнинг жамият томонидан қабул қилинган, давлат томонидан илмий асосланган ижтимоий мўлжалларга мутаносиблигини таъминлашимиз муҳимдир. Қолаверса, бугунги янги Ўзбекистон орзусини реал кучга айлантиришимиз, олий мақсадларга эришиш йўлида ўзимизни сафарбар қилишимиз учун қатор вазифаларни адо этишимиз лозим.
Масалан, бугун бутун дунё жаҳоний, глобал муаммолар устида бош қотираётган, шу муаммоларни тезроқ ва сифатлироқ ҳал этишга уринаётган бир даврда айрим ватандошларимиз тафаккур тарзи бутун жамият “оёғини пастга тортиш”дан иборат бўлган маиший масалалар билан банд бўлаётганини қандай тушуниш мумкин? Тўйларимизда неча килограмм ош дамлаганимиз, нечта “гап”га аъзо эканимиз, бу маракага қайси санъаткорлар келгани каби майда нарсалар билан овора бўлган халқни жамият ва миллат олдида турган мураккаб масалаларни ҳал этишга сафарбар этиш, унинг ижтимоий аҳамиятини ошириш учун қандай тадбирларни амалга ошириш лозим?
Афсуски, бу саволларга ўтган асрнинг 20-йилларида жадид боболаримиз жавоб топиши қийин бўлгани каби, бугун ҳам унинг уддасидан чиқиш осон бўлмаяпти. Ижтимоий сафарбарлик одамлардан “майда” тафаккур тарзидан қутилишни, ўзини қийнашни талаб этади. Тўғри, мамлакат раҳбари одамларимизнинг ҳаёт даражаси, Ватан тақдирига масъулият ҳисси, эртанги кунга ишончи тобора ортиб бораётгани, жамиятимизда демократия тамойиллари, очиқлик ва эркинлик муҳити чуқур қарор топаётгани ҳақида адолатли фикрларни билдирмоқда. Бу ҳақда хорижий экспертларнинг ижобий хулосалари ҳам барчамизда ифтихор туйғуларини уйғотмоқда.
Бироқ ҳали бу борада барча муаммолар ҳал этилди, дейишга эрталигини сезиб турибмиз. Шунинг учун ҳам Президентимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари натижадорлигини янада ошириш, халқимиз онгу тафаккури ва дунёқарашини кенгайтириш мақсадида маърифатли жамиятни барпо этиш бўйича ташаббус билан чиқди.
Хўш, маърифатли жамиятнинг мазмун-моҳиятини нима ташкил этади? Қурилажак ана шундай жамият туфайли пировард натижада нимага эришамиз? Аслида, инсоният доимо маърифатли жамият барпо этиш йўлида заҳмат чеккан. Бироқ унинг уддасидан чиқиш жуда оғир кечган. Бугун мамлакатимизда маърифатли жамиятни барпо этиш имконияти бизга берилди. Биринчидан, бугунги Ўзбекистон шароитида маърифатли жамиятни яратиш ижтимоий заруратга айланди. Одамларимизда жамиятда баъзан учраб турган турли зарарли одатлар, анъанага айланиб қолаётган салбий ҳолатларга қарши муносабат шаклланмоқда. Иккинчидан, бугунги дунёда содир бўлаётган воқелик, халқаро муносабатлардаги зиддиятли ҳолатлар, манфаатлар тўқнашуви кучайиши жамиятнинг яхлит организмга айланишини тақозо қилмоқда. Энг муҳими, учинчидан, бугун давлатнинг ўзи маърифатли жамиятни шакллантиришдан манфаатдор бўлмоқда.
Гап шундан иборатки, тарихда сиёсий ҳокимиятлар ҳар доим ҳам маърифатли давлат ва жамиятни барпо этишдан манфаатдор бўлмаган. Чунки, маърифатли жамият инсонларнинг онгу тафаккурини кенгайтириш, эркин, очиқ сиёсат муҳитини яратиш, дунёвий дунёқарашини шакллантиришни тақозо этади. Бу эса, жамият аъзоларининг сиёсий ҳокимиятга нисбатан мухолифатлик кайфиятини оширади.
Бироқ янги Ўзбекистонда сиёсий раҳбарият ўз мақсад-муддаоларини халқдан яширгани йўқ. Аксинча, амалга оширмоқчи бўлган ҳар бир ҳаракат халқнинг бевосита иштирокида муҳокама қилинмоқда. Шу нуқтаи назардан, бугун Ўзбекистонда халқ ва давлат ижтимоий мўлжаллари уйғунлиги ҳолати яққол кўзга ташланмоқда. Бу эса, шубҳасиз, маърифатли жамиятни барпо этишни реал воқеликка айлантирмоқда.
Маърифатли жамият янги маънавий маконда юз беради. Ана шу маконнинг шаклланиши эса жамиятда ижтимоий сафарбарлик натижасида содир бўлади. Биз юқорида айтганимиз каби, ижтимоий сафарбарлик кўплаб омиллар натижасида содир бўлади. Бироқ ушбу феноменни том маънода ҳаракатга келтирувчи куч, бу — ҳар биримизнинг Ватан олдидаги масъуллигимиз, қалбимиз, юрагимиз, онгу шууримиздаги Ватанпарварлик туйғусидир.
Бу ҳақда ватан туйғусини ҳамма нарсадан ҳам баланд қўйган ҳассос шоиримиз Ҳамид Олимжон шундай деган: “Қадим ўзбек ботирлари узоқ сафарга кетганда бир ҳовуч Ватан тупроғини доимо ўз ёнида олиб юрганлар. Чунки, бу тупроқ уларга туғилган ерларини эслатиб турган, халқ олдида ичган қасамини ёдига солган. Ватанга бўлган муҳаббатини бир нафас ҳам унуттирмаган. Бу бир ҳовуч тупроқ унга ўз ота-онаси, қариндошлари, халқини эслатган, узоқ ўлкаларда бўлса ҳам, уни ўз Ватанида ҳис қилдирган ва қаерда бўлмасин, ўз халқи шаънига иснод келтирмасликка, ўз халқининг номусли ва содиқ ўғли бўлишга чақирган”.
1231 йили баланд тоғ устидаги курднинг кулбасида мудраб ўтирган сўнгги Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердини номард бир курд орқасидан илондек судралиб келиб шаҳид қилади. Шоҳона либосдаги бу кишининг катта бойдлиги бор, деган илинжда у шаҳидни тинтиб кўради. Қўйнидан чарм халтачани топиб олгач, унинг қонга тўлган кўзлари қувончдан порлайди. Хоин дарҳол очиб кўради-ю ҳафсаласи пир бўлади. Халтачада фақатгина бир сиқим тупроқ бор эди. Ҳа, бу Ватаннинг тупроғи, жасур Жалолиддин юртининг бир қисми эди. Султон Жалолиддин бу халтачани ҳамиша юраги устида асраб юрган. Оқибатда султон Жалолиддин шу тупроқ, шу Ватан учун жон фидо қилди. (Бердимуродов А. Ватан ҳақида муножот. -Тошкент, 2020.-18-бет).
Дарҳақиқат, ватанни оғизда эмас, бутун вужуди билан, тани-жони билан севган одамдан сотқин чиқмайди, Ватан равнақи, эл-юрт келажаги учун жон фидо қилади, ўзини улкан ишларга сафарбар этади. Бугун айрим ватандошларимизга ана шу сафарбарлик, аниқроғи, ижтимоий сафарбарлик етишмаётгани ҳам айни ҳақиқат. Бугун “Янги Ўзбекистон-маърифатли давлат”, деган шиор кун тартибига қўйилган. Бу дегани, маърифатли жамиятни барпо этиш оддий шиор эмас, у давлатнинг энг олий мақсадларидан бирига айланмоқда. Мамлакат раҳбари таъкидлагани каби, ушбу соҳада амалга оширган ишларимиз жамиятимизни янги босқичга кўтариш, юксак марраларни эгаллаш, Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга хизмат қилаётгани ҳозирнинг ўзида яққол намоён бўлмоқда.
Ижтимоий сафарбарлик, шубҳасиз, жамиятни ўзгартириб юборади. Аммо бу жараён, юқорида бот-бот таъкидлаганимиз каби, ўз-ўзидан бўладиган вазифа эмас. Бунинг учун яна бир муҳим масалани ҳал этиш лозим. Бу– жамиятимизнинг ҳар бир аъзосида фаол фуқаролик позициясини шакллантириш билан боғлиқ. Хўш, буни қандай тушуниш лозим? Кимни фаол фуқаро деб тан олиш мумкин? Биз кўпинча фаоллик деганда уни бирёқлама тушунамиз. Ўз тирикчилик дардида тинмай ҳаракат қилган, ўзини ўқдан чўққа урган инсонларни фаол инсонлар сифатида тан оламиз.
Шубҳасиз, бу гапда хато йўқ. Бироқ масалага фақат шу тахлитда ёндашув “фаол инсон” феноменини енгил тушунишга олиб келади. Назаримизда, фаол инсон фақат ўзининг шахсий манфаатлари йўлида тиниб-тинмай ҳаракат қилган эмас, айни пайтда, ўз мақсад-муддаоларини жамият ва давлат манфаатлари билан уйғунлаштира олган кишилардир. Ҳа, ўз манфаатларини ватан манфаатлари, шу жамиятнинг барча аъзолари тақдири билан боғлай олишдан ҳам қийин иш йўқ.
Бу йўлда ҳаммамизга кучли ирода, зўр ғайрат ва мустаҳкам иймон ёр бўлсин, дея биринчи мақоламизга нуқта қўямиз. Қолган гапларни иккинчи мақоламизда мухтасар қилсак, иншааллоҳ.
Абдухалил МАВРУЛОВ,
тарих фанлари доктори, профессор
/«Дунё» АА/.