Карачи шаҳрида "Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси" сайёҳлик фестивали ва бизнес-форум бўлиб ўтди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Покистоннинг Карачи шаҳрида "Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси" сайёҳлик фестивали ва Ўзбекистон-Покистон туризм бизнес-форуми ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мамлакатимиз элчихонаси ва Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан ўтказилган тадбир юртимизнинг бой тарихий ва маданий мероси, сайёҳлик, жумладан зиёрат туризми йўналишидаги салоҳияти, миллий анъаналарини кенг тарғиб қилиш, икки мамлакат ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, сайёҳлар алмашинувини кучайтириш ва халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Туризм қўмитаси делегацияси, Синд вилояти ҳукумати, Вилоят туризмни ривожлантириш корпорацияси, Покистон Сайёҳлик агентлари уюшмаси, Карачи Савдо-саноат палатаси раҳбарлари, ҳудуднинг йирик туроператорлари ва агентликлари, меҳмонхона соҳаси ва ОАВ вакиллари ҳамда ватандошлар қатнашди.
Синд вилояти ҳукумати вакиллари ўз чиқишларида, икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни жадаллаштириш, ижтимоий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш мақсадида Покистонга нуфузли делегация юборгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
Покистон томони Карачи шаҳри ва Ўзбекистон ҳудудлари, жумладан Тошкент, Самарқанд ва Бухоро ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, биргаликда туристик ва маданий тарғибот тадбирларини ўтказиш, қўшма турпакетларни ишлаб чиқиш, ишбилармон доира вакиллари ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, "бизнес+туризм" форматида сайёҳлик ташрифлари дастурларини йўлга қўйишдан манфаатдорлигини маълум қилди.
Ўзбекистон вакиллари мамлакатимиз туризм салоҳиятини намоён этувчи тақдимот ўтказди. Унда юртимиздаги маданий мерос объектлари, замонавий туризм инфратузилмаси, меҳмонхоналар, ҳунармандчилик марказлари ҳамда сайёҳлар учун яратилаётган қулайликлар ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, махсус тайёрланган видеороликлар иштирокчилар эътиборига тақдим этилди.
Фестиваль доирасида ташкил этилган бизнес-форум ва "B2B" шаклидаги музокаралар давомида икки мамлакатнинг туризм компаниялари, меҳмонхона соҳасидаги тадбиркорлари ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилдилар.
Фестивалнинг иккинчи қисмида ўзбек санъат усталари иштирокида концерт дастури намойиш этилди ва миллий ҳунармандчилик буюмлари, либослар, кулолчилик ва заргарлик намуналари кўргазмаси ташкил қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Карачи шаҳрида бўлиб ўтган мазкур фестиваль ва бизнес-форум икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, маданий ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим қадамлардан бири бўлди.