Кимё саноатидаги асосий вазифалар кўрсатиб ўтилди
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни кимё саноатини ислоҳ қилиш бўйича истиқболли режалар ҳамда жорий йилда амалга ошириладиган асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Сўнгги йилларда соҳани модернизация қилиш, молиявий-иқтисодий соғломлаштириш ва юқори қўшилган қийматли кимёвий маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилди. Тармоқ корхоналарининг рентабеллигини кўтариш мақсадида бозор механизмлари жорий этилиб, нархни шакллантириш тартиби бутунлай қайта кўриб чиқилди. Натижада кимё тармоғи ўтган йилни 2018 йилга нисбатан 2,3 баробар кўп фойда билан якунлади.
“Навоийазот” акциядорлик жамиятида Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси ишга туширилди. Шўртан газ-кимё комплексида синтетик суюқ ёқилғи, “Навоийазот” акциядорлик жамиятида азот кислотаси, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш заводлари қурилмоқда.
Давлатимиз раҳбари шу йил январь ойида парламентга йўллаган Мурожаатномада ва Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида кимё соҳасига алоҳида эътибор қаратиб, ҳукумат олдига уни модернизация қилиш, илм-фан ва инновацияларни кенг жорий этиш бўйича қатор вазифалар қўйган эди.
Бу бежиз эмас. Чунки мазкур тармоқда муаммолар, ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар кўп. Жумладан, юртимизда ишлаб чиқариш мумкин бўлган, мураккаб таркибга эга бўлмаган кимё маҳсулотлари четдан олиб келинмоқда. Экспорт структураси диверсификация қилинмаган, бунда ҳанузгача минерал ўғитлар улуши жуда катта. Ишлатилаётган ускуналар 60 фоиз эскирган, энергия сарфи меъёрдан 2-3 баравар ортиқ.
Йиғилишда соҳани ислоҳ қилиш, корхоналар самарадорлиги ва салоҳиятини ошириш бўйича вазифалар белгиланди.
Тармоқдаги ҳар бир корхона фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, маҳсулотлар сифатини ошириш, энергия сарфини камайтириш ҳисобига таннархни пасайтириш бўйича топшириқлар берилди. “Рақамли технологиялар”ни қўллаш, инсон ҳаёти учун хавфли жараёнларда автоматизация даражасини кўтариш муҳимлиги қайд этилди.
Кимё соҳасида янги йўналишларини ривожлантириш, бунга хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.
Тўқимачилик, қурилиш материаллари, автомобилсозлик, истеъмол товарлари, озиқ-овқат ва фармацевтика учун зарур хомашё ишлаб чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
“Навоийазот” акциядорлик жамиятида поливинилхлорид ишлаб чиқаришни тез муддатда лойиҳа қувватига олиб чиқиш ҳамда иккинчи босқичини лойиҳалаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
“Фарғонаазот” акциядорлик жамияти, Қўнғирот сода заводи ва Деҳқонобод калийли ўғитлар заводида давлат улушини инвесторларга сотиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Кичик тоннажли кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, шу мақсадда “Навоийазот” акциядорлик жамиятида бўш турган майдонлар негизида ихтисослашган кичик саноат зонаси ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди.
Маълумки, жорий йил мамлакатимизда Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилиниб, ҳар йили илм-фаннинг бир нечта устувор йўналишини ривожлантириш белгилаб олинди. Тараққиётимизнинг ҳозирги босқичидаги муҳим йўналишлардан бири эса кимё соҳасидир.
Шу боис бугунги йиғилишда ушбу тармоқда таълим ва илм-фанни такомиллаштириш, замонавий кадрлар тайёрлаш жуда муҳимлиги таъкидланди. Илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш, бунинг учун тадқиқотларнинг соҳа корхоналари эҳтиёжига ҳамоҳанглигини таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Жанубий Корея билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот институти ташкил этиш, Тошкент кимё технология институтида мутахассисликлар ва ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Мутасаддилар йиғилишда муҳокама қилинган масалалар ва соҳадаги истиқболли режалар юзасидан ахборот берди.