Кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича Ўзбекистон-Туркия мувофиқлаштирувчи кенгаши ҳар чоракда кенгашади
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Кеча Тошкентда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашнинг фаолиятига старт берувчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, мазкур йиғилиш Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Туркия вице-президенти Фуат Октай раислигида бўлиб ўтди. Йиғилишда, шунингдек, Ўзбекистонда инвестиция фаолияти билан шуғулланувчи етакчи турк компаниялари, шунингдек, республиканинг вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди.
Учрашув чоғида олий даражадаги ташрифлар билан алмашиш натижасида сўнгги 4 йил мобайнида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига олиб чиқилгани ва ҳозирда юқори динамика билан ривожланаётгани таъкидланди.
Ҳукумат даражасида ҳам, хусусий сектор ўртасида ҳам тезкор алоқалар йўлга қўйилганлиги икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни сезиларли даражада кенгайтириш имконини берди. Шундай қилиб, ўтган тўрт йил давомида Ўзбекистонда Туркия капитали иштирокидаги корхоналар сони уч баробар кўпайиб, бугунги кунда у 1700 дан ортиқни ташкил этмоқда. Бу эса Туркияга жорий йилнинг январь-май ойларида очилган янги қўшма корхоналар сони бўйича хорижий давлатлар орасида етакчи ўринни эгаллаш имконини берди.
Мувофиқлаштирувчи Кенгаш йиғилишида таъкидланганидек, Ўзбекистон Президенти ва Ҳукумати томонидан иқтисодиётнинг бозор тамойилларини барқарор ривожлантириш ва хорижий инвесторлар учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Қулай географик жойлашуви, бой ресурс базаси, сиғимли ички ва ташқи бозорлар билан биргаликда бу Ўзбекистонни минтақада инвестициялар киритиш учун энг жозибадор мамлакатлардан бирига айлантирмоқда.
Учрашув иштирокчиларига мурожаат қилар экан, икки мамлакат делегациялари раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия иқтисодиётининг рақобат устунликлари ва бир-бирини тўлдириши асосида саноат кооперациясини ривожлантириш учун муҳим салоҳият мавжудлигини таъкидладилар. Улар турк бизнеси вакилларини янги кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш орқали Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқлари салоҳиятидан фаол фойдаланишга, ўзбек тадбиркорлари билан бизнес алоқаларини мустаҳкамлашга чақирди.
Тадбир давомида томонлар инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, юқори қўшимча қийматга эга экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган юқори технологик тармоқларни яратишга ҳам ўзаро қизиқиш билдирдилар.
Йиғилишда сўзга чиққан турк тадбиркорлари Ўзбекистонда бизнес юритиш тажрибаси, келажакдаги режалари билан ўртоқлашдилар, шунингдек, мавжуд масалаларни тилга олдилар.
Учрашув якунида солиқ ва божхона фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги инвестициявий муҳит ва қонунчиликни янада такомиллаштириш орқали Ўзбекистонда турк бизнесининг инвестициявий фаоллигини рағбатлантириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.
Мувофиқлаштирувчи Кенгаш савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда Ўзбекистон-Туркия муносабатларини илгари суриш ва турк инвесторларининг Ўзбекистондаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш платформаси сифатида яратилган. Унинг раиси Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковдир.
Кенгашнинг асосий вазифалари турк тадбиркорлари ва инвесторлари ҳамда Ўзбекистон давлат органлари ўртасида бевосита мулоқот ўрнатиш, инвестициявий таклифларни муҳокама қилиш, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўлларини ҳар томонлама таҳлил қилиш, шунингдек, мамлакатда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқишдан иборат. Кенгаш йиғилишлари ҳар чоракда ўтказилиши режалаштирилмоқда.
«Дунё» АА