“МАМЛАКАТ УСТУНИ, ДАВЛАТ ТАЯНЧИ”
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
“...(Алишернинг) унвонларини бундай деб ёзар эдилар: “Ҳидоят соҳиби, шараф ва ҳурматнинг олий нуқтаси, дин ва давлат арбобларининг сараси, юрт ва миллат пешволарининг қуввати, хайрли ишларнинг ташаббускори, хайру эҳсон муассасаларига равнақ берувчи, салтанат устуни, подшоҳларни қўлидан етакловчи, султон давлатининг умиди ва ишончи, султоннинг яқин дўсти, ҳақиқат ва дин низоми Амир Алишер”.
(Хондамирнинг “Равзат ус-сафо” асаридан).
Бу йил 9 февраль куни улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги кенг нишонланади. Ушбу муборак сана билан боғлиқ маданият ва маърифат тадбирларининг барчаси мантиқан бир-бирини тўлдириб, эл-юртимиз маънавиятини юксалтиришда улкан аҳамият касб этиши тайин.
Навоий ҳаёти ва фаолиятига оид янги асар
Алишер Навоий маърифатпарвар шахс сифатида ўзи яшаган даврда ҳам, кейинги даврларда ҳам тарихий манбаларда алоҳида қайд этилиб, шеърий асарларда кенг таъриф ва тавсиф қилинган. Беш асрдан зиёд муддат мобайнида буюк шоирнинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолияти ҳақида жуда кўп китоблар ёзилган.
Ҳазрат Алишер Навоий асарлари мағзига сингдирилган ҳаётий фалсафа замирида одамийлик ва бағрикенглик, эзгулик ва адолатпарварлик ғоялари ўз мужассамини топган. Янги Ўзбекистонни барпо этаётган ва учинчи Ренессанс пойдеворини тиклаётган замондошларимиз шундай эзгу фазилатларнинг соҳиблари бўлиши фарзу қарздир. Нега деганда, Ўзбекистон Президентининг “Маънавият бошқа соҳалардан олдинда юриши, янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак”, деган чорлови айнан шуни тақозо этади.
Биргина ХХ асрда юртимизнинг ўзида Иззат Султон, Воҳид Зоҳидов, Ойбек, Азиз Қаюмов, Ҳамид Сулаймонов, Натан Маллаев, Суйима Ғаниева каби забардаст олиму адиблар Алишер Навоий ижодиётининг турли қирраларига бағишланган илмий, тарихий ва адабий-бадиий асарларини чоп эттирган. Янги юз йилликда — мамлакатимизда навоийшунос олим ва адибларнинг изчил изланишлари янада юксак босқичларга кўтарилмоқда.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов айни соҳанинг изчил фидойи тадқиқотчиси ва пешақадам муаллифларидан бири ҳисобланади. Бу фикримизни олимнинг 2023 йилда нашрдан чиққан “Амир Алишер. Ҳаёти ва фаолияти” номли китоби ҳам яққол тасдиқлаб турибди.
Янги китоб қайси жиҳатлари билан бошқа асарлардан фарқ қилади? Мазкур нашрнинг илк варағидаги мухтасар изоҳ (резюме)да қайд этилганидек, асосий фарқли хусусиятлар шундаки:
биринчидан, Алишер Навоий ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ илк қўлёзма манбалар қайта кўриб чиқилган;
иккинчидан, ХХ асргача бўлган даврда битилган маълумотларнинг илк манбалардан фарқланиш даражаси аниқланган;
учинчидан, улуғ шоир ва давлат арбоби ҳаётининг баъзи номаълум томонлари ойдинлаштирилган;
тўртинчидан, бир қанча янги ахборотларни тақдим этиш орқали Навоий ҳазратларининг ҳаёти тафсилотларини тўлиқ тасаввур қилиш имконияти яратилган.
Шу маънода, янги китоб таниқли навоийшунос олимнинг узоқ йиллик изланишлари синтези ҳисобланади. Ушбу асар, таъбир жоиз бўлса, муайян мавзудаги чуқур илмий-ижодий тадқиқот жараёнларининг ўзига хос салмоқли сарҳисобидир.
Иккинчи Шарқ Ренессансининг буюк намояндаси
Ушбу китобда, муаллифнинг ўзи ҳам эътироф этганидек, “Алишер Навоийнинг таржимаи ҳоли энг қадимий, илк манбаларда берилган маълумотлар асосида” ёритилган. Бу илмий-тарихий нуқтаи назардан жуда муҳим.
Чунки Янги Ўзбекистон билан боғлиқ бугунги давр воқелиги Алишер Навоийнинг халқимиз ва жаҳон маданияти ҳамда илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссасини янада кенг тарғиб этишни кун тартибига қўймоқда. Бунда мустақиллик шарофати билан Навоий биобиблиографиясини тўлиқ ўрганиш ва ҳақиқий таржимаи ҳолини яратиш, ул зотнинг ижоди ва маънавий меросини аслича, моҳиятини теран тушунган ҳолда тадқиқ этиш борасида юзага келган имкониятлардан изчил ва самарали фойдаланиш талаб этилади.
Бундай янгича амалий қадамлар, аввало, маънавиятимиз юксалиши, кўҳна тарихимиз тикланиши учун керак. Айни чоғда, бундай замонавий ёндашув Алишер Навоий ҳамда ўз ҳаёти ва ижоди билан Шарқ халқлари маданиятини яқинлаштирган бошқа ўнлаб алломалар, шоир ва мутафаккирларнинг бой илмий-адабий меросини ўрганиш, улар қолдирган ноёб китоб ва қулёзма асарларни дунёнинг турли тилларига таржима қилиш, нашр этиш, оммалаштириш билан боғлиқ ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, бу оламшумул моддий-маънавий меросни халқлар дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилдириш мақсадларини рўёбга чиқаришда ниҳоятда аҳамиятлидир.
Бинобарин, буюк ўзбек шоири ва мутафаккири, атоқли давлат ва жамоат арбоби, таълим-тарбия ва илм-фан, маънавият ва маданият, она тилимиз ва адабиётимиз ҳомийси бўлган Навоий ҳазратлари — халқимиз маънавий дунёсининг шаклланишига ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсатган ёрқин сиймоларимиз сирасига киради. Алишер Навоий иккинчи Шарқ Уйғониш даврининг йирик намояндаси сифатида жаҳон цивилизацияси тарихида алоҳида ўрин тутади.
Улуғ аждодимизнинг адабий мероси беҳад улкан ва серқирра бўлиб, биргина шеърий асарларининг ўзи 100 минг сатрдан ортиқдир. Академик Ш. Сирожиддинов таъбири билан айтганда, “Бундай шоир жаҳон адабиётида саноқли десак, асло муболаға бўлмайди”.
Навоий бобомизнинг нафақат шоир, балки адабиётшунос мақомидаги тадқиқотлари ҳам ўта муҳим бўлиб, айни йўналишдаги самарали фаолияти туркий ва форсий адабиётни ривожлантиришда улкан аҳамият касб этди. Биз талқин қилаётган китоб муаллифи таъбири билан айтганда, “У “Мезон ул-авзон” асарида аруз тизимини тартибга солган бўлса, Шарқ шеъриятининг муаммо, қасида каби ХV асрга келиб деярли унутилаёзган жанрларини тиклашга алоҳида эътибор берди”.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, Алишер Навоий раҳнамолик қилган Ҳирот адабий муҳитининг ривожи учун султоннинг ўзи катта шароит ва қулайликлар яратиб берган. Шу тариқа буюк мутафаккир номи етти иқлим фозиллари ва санъаткорлари ҳомийси сифатида довруғ топган.
Ҳазрат Навоийнинг беминнат эзгуликлари борасида жуда кўп тазкиранавислар, тарихчилар, шоирлар, олимлар ўз асарларида шоҳидлик билдирган. Бунинг исботини улуғ аждодимизнинг замондошлари асарларида, унинг шаънига ҳатто кўплаб хаттот ва котиблар томонидан битилган турли мадҳияларда ҳам учратиш мумкин.
Туркий адабий тил асосчиси
Ўзбекистон Президенти бугунги мураккаб ва таҳликали ҳаёт олдимизга қўяётган вазифалардан келиб чиқиб, маънавият ва маърифат соҳасида қатор долзарб масалаларни ҳал этишга эътиборни қаратиб келмоқда. Шу устувор вазифалардан бири — ўзбек тилининг давлат тили мақомини амалда кучайтиришдир.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳам ўзбек тилини ўқитиш самарасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Миллий сертификатга эга бўлган “Ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчиларига янги ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланиши қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари, шунингдек, бошқа тилларда таълим олган ҳамюртларимизни давлат тилини ўрганишга рағбатлантириш чоралари кўрилишини қайд этди. Бошқа тилларга ихтисослаштирилган мактабларда давлат тилини ўқитиш соатлари кўпайтирилиши, ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ташкил этилиши таъкидланди.
Шу маънода, “Амир Алишер. Ҳаёти ва фаолияти” китобида буюк аждодимизнинг туркий адабий тил асосчиси эканига оид қизиқарли маълумотлар тақдим этилгани диққатга сазовор. Бу, бир томондан, мазкур асарнинг нечоғлик долзарблигини кўрсатса, иккинчи томондан, она тилимизнинг шаклланиши, ривожланиши, хусусан, олис тарихда давлат тили мақомига олиб чиқилиши йўлидаги мураккаб ва ғоятда аҳамиятли саъй-ҳаракатларга тааллуқли илмий маълумотлар замондошларимиз, айниқса, ёшларимиз билимини тубдан оширишга хизмат қилади.
Масалан, Алишер Навоийнинг туркий тил мавқеини кўтариш йўлидаги кураши ҳақида фикр юритганда, биринчи навбатда, “Муҳокамат ул-луғатайн” асарига тўхталиш айни муддаодир. Зеро, ушбу асар тимсолида унинг муаллифи тилимизнинг бой имкониятларини кўрсата олган ва араб ҳамда форс тилларидан ҳеч қайси жиҳатдан кам бўлмаган гўзал ва қудратли тил эканлигини исботлаб берган забардаст тилшунос олим сифатида ўзини ёрқин намоён этган.
Ҳазрат Навоий яшаган даврларда, академик Ш. Сирожиддинов қайд этганидек, форс тили — шеърият тили, араб тили — илмий тил деб қабул қилингани ҳолда, туркий тилга эса авом тили сифатида қараш мавжуд бўлган. Бу, албатта, мўғул босқинчилиги туфайли йўқ қилиб юборилган туркий халқларнинг кўп минг йиллик давлатчилик тажрибаси ва бой маънавий-адабий мероси, шонли тарихи ва инсонпарвар қадриятлари қатори фусункор тилини ҳам тиклаш қийин кечгани билан боғлиқ муаммоларнинг оқибатидир.
Шунинг учун, китоб муаллифи эътибор қаратганидек, “Ҳатто Темур саройида туркий тилнинг давлат тили даражасига олиб чиқиш ишлари охирига етказилмай қолган. Шундай бир шароитда Алишер Навоий ўз олдига турк-ўзбек тили мақомини тиклаш мақсадини қўйди”.
Шу маънода, бугунги кунда хорижда ва юртимизда ўзбек тилини ўрганиш бўйича замонавий технологияларни ишлаб чиқишда она тилига муҳаббат, уни улуғлаш, беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам онгу тафаккуримизга, юрагимизга, аввало, Алишер Навоий асарлари билан кириб келгани бизга ниҳоятда қўл келади. Зотан, улуғ аждодимиз ўзининг ўзбек тили мақомини тиклашдек эзгу мақсадига эришди — бутун мамлакатни якқалам, яъни бир тилли қилди.
Севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг машҳур “Ўзбекистон” қасидасида эътироф этилганидек:
“Темур тиғи етмаган жойни
Қалам билан олди Алишер”.
Шундай қилиб, Миллат Сардори сўзлари билан айтганда, “Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади".
Навоийшунослик: ҳали ўрганилмаган ёхуд баҳсли мавзулар
талқини
Мустақиллик йилларида навоийшунослик ҳам кўзга кўринарли ютуқларга эришди. Мустабид тузум даврида ман этилган мавзулар, жумладан, улуғ шоир ижодидаги қуръоний асослар, суфиёна дунёқараш масалаларида бир қанча тадқиқотлар яратилди.
Шу билан бирга, навоийшуносликда ҳали-ҳануз атрофлича кўриб чиқилмаган айрим муаммолар, қалтис ва “нозик” саналган муайян мавзулар борлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Академик Ш. Сирожиддинов айни шундай мавзулардан айримларини илмий-тарихий нуқтаи назардан чуқур таҳлил қилган.
Китоб муаллифи бу мураккаб изланишлар жараёнида Навоий бобомизнинг шаъни ва шавкати, қадри ва қиммати, обрў ва эътибори зиғирча зиён кўрмаслигини қатъий ҳисобга олган. Шунинг баробарида, ҳар қандай баҳсли масалалар турли бирламчи манбалар асосида ёритилгани, бунда тарихий ҳақиқат ва илмий холислик тамойилларига изчил риоя этилгани диққатга сазовор, деб ҳисоблаймиз.
Шуни ҳам айтиш керакки, навоийшунос олимнинг илгари эълон қилинган мавзуга доир тадқиқотларида, хусусан, 2011 йили чоп этилган “Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили” номли асарида навоийшуносликка шу кунгача маълум маълумотларнинг асл ҳолати ўрганилган. Бунда қиёсий типологик-текстологик таҳлилдан ўтказиш орқали ХХ асргача бўлган давр оралиғида яратилган манбалардаги маълумотларнинг илк маълумотлардан фарқ қилиш даражаси аниқлангани диққатга лойиқдир.
Мисол учун, академик Ш. Сирожиддинов тарихий манбаларни атрофлича ўрганиш асносида Навоий ҳазратларининг бобоси Абу Саъид Бек темурийзода Ҳусайн Бойқарога жуда ҳам яқин инсон бўлган, деган хулосага келади. Бу ўринда “Ҳатто тахминимизча, айни Абу Саъид Бойқаро Мирзога эмикдош-кўкалдош бўлган бўлиши мумкин ва шу жиҳатдан Бойқаро қаерда яшамасин, у билан бирга бўлган”, деб ёзади китоб муаллифи.
Шу негизда навоийшунос олим кутилмаган, лекин муайян тарихий ва илмий-назарий асосга эга бўлган шундай хулосага келади. Яъни, Мир Алишер Амир Темурнинг тўрт ўғлидан бири — Шоҳрух Мирзо ҳукмдорлиги даврида исёнкорлиги учун қаттиқ жазоланган ва нонкўрликда айбланган Ҳусайн Бойқарони тарихий асарларда оқлаш ва айни чоғда унинг яқин сафдоши бўлган ўз бобоси билан фахрланишнинг иложи йўқлигини теран англаб етган.
Академик Ш. Сирожиддинов асосли баҳо берганидек, Навоий бобомиз темурийлар тарихига соя туширмаслик тарафдори бўлган. Бинобарин, китобда: “Мир Алишернинг Бойқаро хонадони ва ўз ота-боболари исмларини тилга олмай ўтишининг сабаби шу билан изоҳланиши мумкин”, деб ёзилгани мантиққа тўғри келади.
Навоийшуносликда ноаниқ бўлиб келган яна бир чалкаш мавзу: Алишер Навоий Самарқандга сургун қилинганми? Китобда ушбу савол атрофидаги масалаларга дахлдор бир қанча манбаларни ўрганиш ва янгича негизда таҳлил этиш орқали энг мақбул жавобни илгари суриш йўлидан борилгани диққатимизни тортди.
Хусусан, В. Бартольд Мирзо Бобур сўзларига таяниб, Алишер Навоий Самарқандга Абу Саъид томонидан сургун этилган, деган фикрни маъқуллаган. Бунда Мир Алишернинг ўзи таҳсил учун борганлигини айтган бўлса-да, “У пайтларда таҳсил учун Ҳиротдан Самарқандга бормас эдилар” деган мулоҳазаси билан ушбу далилни инкор этган. Натижада аксарият навоийшунослар В. Бартольдга тегишли “Навоийнинг Ҳиротдан Самарқандга кетиши сургун сифатида қаралиши лозим”, деган баҳсталаб хулосага таянган ва уни ривожлантириш йўлидан борган.
Ўз навбатида, Е. Бертельс ҳам “Навоий” монографиясида буюк шоирнинг Самарқандга борганлигини сургун деб ҳисоблаган. У ўзининг ушбу хулосасини “бу пайтларда Самарқанд илм-фан маркази эмас эди”, деган фикри билан изоҳлаган.
Академик Ш. Сирожиддинов бу борадаги турли ёндашувларни танқидий таҳлил этар экан, аввало, Мирзо Бобурнинг фикри нотўғри талқин қилинганига эътиборни қаратгани аҳамиятли. Хусусан, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур аслида “Абу Саъид Навоийни Самарқандга нега сургун қилди?” деб эмас, балки “Билмайман, қайси гуноҳи учун Ҳиротдан чиқариб юборди?” деган мазмунда гапирган”, дея қайд этган олим.
Китобда ўзбек олимининг айни масалага ўз баҳоси ҳам тақдим этилган. Яъни, академик Ш. Сирожиддинов таъкидлаганидек, “Навоий ўзи эътироф этганча, Ҳиротни тарк этишига “чорасизлик, фалокат, тақдир ва хафагарчилик” сабаб бўлган бўлса, бу унинг ўзигагина маълум бўлган сабабларга кўра рўй берган. Навоий Абу Саъид Мирзо замонида сиёсат билан шуғулланмаган бир шоир эди”.
Бундан ташқари, Алишер Навоийнинг Астрободга ҳоким этиб юборилиши сабаблари ҳақида ҳам навоийшуносликда турли қарашлар мавжудлиги очиқ-ошкора тан олинган. Зеро, улуғ аждодимизнинг Астрободга жўнатилишига ҳозирги навоийшунослигимиз сургун сифатида қараши ҳеч кимга сир эмас.
Китоб муаллифи ушбу муаммога ҳам ҳақиқатга имкон қадар яқин фикрларни илгари сурган. Хусусан, у А. Семёнов сингари бир қатор навоийшунос олимлар хулосаларига таянган ҳолда, “Астробод Султон Ҳусайннинг энг бой ва муҳим вилояти эканлигини, унда, асосан, шаҳзодалар ёки султоннинг ўта ишончли кишилари ҳокимлик қилиб келганликлари ва Алишернинг Астрободга ҳоким этиб тайинланишини “узоқ вилоят”га “фахрий сургун” сифатида тушуниш мумкин эмас”, деб ҳисоблайди.
Адолатли давлат арбоби
Алишер Навоий ҳаёти ва фаолиятига қизиқиш ўз замонасидан бугунги кунга қадар сўнмай келмоқда, айниқса, кейинги йилларда тубдан кучайиб бормоқда. Табиийки, ижтимоий-тарихий тараққиёт илгарилагани сари инсон тафаккури муайян воқеа-ҳодисага нисбатан турли қарашларни намоён этади.
Бундай қарашлар, ҳар бир даврда пайдо бўлган ғоявий-эстетик йўналишлар негизида туғилишини назарда тутсак, тарихий шахслар фаолияти ана шу ғоявий-бадиий ҳодисанинг мураккаб тафаккур мевасидир. Академик Ш. Сирожиддинов қаламига мансуб янги китобнинг “Амир Алишер ва сарой” деб номланган иккинчи қисми тўлалигича Навоий бобомизнинг 35 йилдан ортиқ сарой хизматида бўлган даври тафсилотларига бағишланганини худди шу омил билан изҳолаш жоиз.
Темурийлар давлати тарихи ҳақида сўз борганда, Алишер Навоий номи машҳур давлат арбоби сифатида алоҳида тилга олинишини фахр ва ифтихор билан эътироф этамиз. Бу эътирофимизни султон Ҳусайн Бойқаро ул зотни “Мамлакат устуни, давлат таянчи”, деб таърифлагани баралла тасдиқлайди.
Шу маънода, ўзбек олимининг фикрича, Алишер Навоий номи тарих зарварақларида мангу нақшланишининг сабаблари қуйидаги учта асосга боғлиқ:
биринчи асос — беназир, демак, тенгсиз ва ўхшаши йўқ истеъдодидан дарак берувчи асарлар ёзгани;
иккинчи асос — машҳур давлат арбоби бўлгани;
учинчи асос — уни улуғ пир мақомига юксалтирган муносиб хулқ-атвор соҳиби даражасига етганидир.
Аслида ҳам, Алишер Навоий ҳамиша шариат қонун-қоидалари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатига мувофиқ ҳолда, давлат ва халқ манфаатларини кўзлаб иш тутган. Ҳар бир ҳолатда зўравонликка учраган мазлумларнинг муаммоларини адолат нуқтаи назаридан ҳал қилган.
Алишер Навоий Амири кабир — Бош вазир сифатида узоқ йиллар давлат бошқарувининг энг муҳим ва нозик бўғинларида, суд-адлия, ички ишлар, солиқ тизими, ташқи дипломатик алоқалар, ички низолар, чегара муаммолари, умумхалқ йиғинлари ва тадбирларида давлат билан халқ манфаатларини доим уйғунлаштирган ва қатъий ҳимоя қилган. Ўз навбатида, китоб муаллифи ёзганидек, “Навоийдаги бағрикенглик, адолатлилик, донолик, сиёсатдонлик ва фуқаролар ғамини ейиш фазилатлари Султонга давлатни адолатли бошқаришда яқиндан ёрдам берган”.
Академик Ш. Сирожиддинов айни шу масалалар юзасидан мутлақо янги, халқ ибораси билан айтганда, теша тегмаган фикрларни илгари сургани жуда муҳим. Унинг ишонч билан таъкидлашича, “Олимларимизнинг тарихий воқеликдан анча четга чиқиб кетишларига, ўз фикрларини айтишдан кўра бир-бирларига суяниб фикр юритишлари сабаб бўлган. Илк навоийшуносларнинг совет тузуми мафкурасидан келиб чиқиб, Навоий “ҳақиқатни айтишдан қўрқмаган шоир” бўлгани учун Султон “унинг заҳарли сўзларидан қутулиш учун бадарға қилди” тарзидаги талқинлари ҳақиқатга тўғри келмайди”.
“Макорим ул-ахлоқ” (“Гўзал хулқлар”) асарига кўра, Алишер Навоий подшога бирор қарор ёки масала юзасидан ўз фикрини ҳимоя қилиш мақсадида тўққиз мартагача мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган. Лекин, замондош навоийшунос олим ҳақли равишда қайд этганидек, “Алишер Навоий Султонга тобе киши сифатида ҳеч қачон ҳақиқатни баралла айта олмаган, балки мавриди билан тушунтиришга уринган”.
Академик Ш. Сирожиддинов асосли таъкидлаганидек, “Алишер Навоий ҳаёти ва фаолияти ҳақида махсус ёзилган икки муҳим манба бизга етиб келган. Бу Ғиёсиддин Хондамир ва Зайниддин Восифий қаламига мансуб хотиралар тўпламидир”.
Хусусан, Хондамир ўзининг “Макорим ул-ахлоқ” асарида ҳазрат Навоийнинг маънавий қиёфасини тўла акс эттира олган. Улуғ мутафаккирнинг таҳсинга сазовор фазилатлари ҳақида тўхталганда, машҳур тарихнавис бир ўринда Амир Алишерни “болаликдан Аллоҳ назар солган шахс” деб таърифлаган бўлса, бошқа бир саҳифада валийларга хос сийратини кўрсатишга алоҳида эътибор қаратгани каби далиллар ҳам айни фикрнинг ҳаққонийлигини исботлайди, назаримизда.
Шу билан бирга, таниқли навоийшунос олим “Макорим ул-ахлоқ” асари муаллифининг камчилигини ҳам топиб бера олган. Гап шундаки, “муаллифда аниқ маълумотлар бериш имконияти бўла туриб, биринчидан, кўп ҳолларда, воқеа-ҳодисаларнинг санасини зикр этмаган ва иккинчидан, Навоий ҳаётини санавий изчилликда очиб бермаган”, деб ёзади академик Ш. Сирожиддинов.
Айни шу нуқтаи назардан, олимнинг “Амир Алишер. Ҳаёти ва фаолияти” номли китобида Амир Низомиддин Алишернинг шахсияти ва давлат арбоби сифатидаги фаолияти аниқ хронология асосида ёритилгани таҳсинга сазовор.
Ушбу китоб муаллифнинг 2011 йилда нашр этилган “Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили” монографиясининг маниқий давомидир. Чунки Навоий ҳазратларига бағишланган янги асарда олдинги китобда таҳлилга тортилмаган нодир тарихий асарлар ва тазкиралардаги маълумотлар атрофлича таҳлил этилгани эътибор ва эътирофга муносибдир.
Акмал Саидов,
академик, юридик фанлар доктори,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси