Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи раҳбарлари Самарқандда Орол маданият саммитига оид кўргазма билан танишди
"Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" форматидаги биринчи олий даражадаги расмий учрашув якунлангач, етакчилар биргаликда Орол маданият саммити экспозициясига ташриф буюрдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, кўргазмада Орол экотизимини тиклаш, ҳудуднинг маданий меросини асраб-авайлаш ва барқарор ривожланишига кўмаклашишга қаратилган ноёб ташаббуслар намойиш этилди. Бу ерда визуал, сенсор ва интерфаол воситалар орқали Оролбўйининг табиий ва маданий бойлиги билан танишиш мумкин.
Кўргазмадан меъморчилик ва ландшафт фотографиясига ихтисослашган машҳур фотосуратчи Иван Бааннинг асарлари, Қорақалпоғистон учун хос ўсимлик ҳисобланган қамишдан яратилган флористик композиция, шунингдек, Оролбўйининг анъанавий маҳсулотлари - саксовул уруғи, чиғаноқлар, табиий туз, қуритилган исириқ, нақшли намат ва бошқа кўплаб экспонатлар ўрин олган.