Birinchi slide Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Мева-сабзавотчилик кластерларини самарали ташкил қилиш бўйича вазифалар белгиланди

2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили 2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni Qonunchilik saylovi 2019 yil Qonunchilik saylovi 2019 yil O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori Uchrashuvlar Uchrashuvlar Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar O`zbеkistоning IHT TIVKga raisligi O`zbеkistоning IHT TIVKga raisligi XMT doirasidagi xamkorlik (ILO) XMT doirasidagi xamkorlik (ILO) "MAQOM" xalqaro festivali "MAQOM" xalqaro festivali Sayyohlik Sayyohlik O'zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovi - 2016 O’zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovi - 2016 O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Мева-сабзавотчилик кластерларини самарали ташкил қилиш бўйича вазифалар белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 февраль куни мева-сабзавотчилик кластерларини самарали ташкил қилиш, пахтачилик кластерлари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда давлат эҳтиёжлари учун пахта ва ғалла етиштириш тизимидан босқичма-босқич воз кечиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёт ривожи, аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлайдиган энг муҳим соҳалардан бири. Шу боис уни замон талаблари, стратегик ёндашувлар асосида тараққий эттириш чоралари кўрилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 октябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинди. Олий Мажлисга Мурожаатномада барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги бўйича ҳам аниқ йўналишлар кўрсатиб ўтилди.

2025 йилгача мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 100 миллиард доллар, йиллик экспортни 30 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бу кўрсаткичларга эришиш учун қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам жуда катта резерв ва имкониятлар бор.

Мева-сабзавот экспортини тизимли ташкил қилиш, маҳсулот ишлаб чиқарувчи билан экспортёр ўртасида ўзаро муносабатларни тўғри йўлга қўйиш мақсадида мева-сабзавотчилик ва узумчиликда ҳам кластер тизими жорий қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 11 декабрдаги қарори билан бу борадаги барча ташкилий-ҳуқуқий асослар яратиб берилди.

Видеоселектор йиғилишида мева-сабзавотчилик ва узумчилик кластерлари фаолиятини самарали ташкил қилишга қаратилган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Аввало, тизимдаги шартномавий муносабатларни тўғри шакллантириш, маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи ва экспортчининг манфаати, мажбурияти ҳамда жавобгарлигини аниқ белгилаш муҳимлиги таъкидланди.

Кластерлар таклифлари асосида экспортбоп экинларни жойлаштириб, зарур уруғлик, кўчат, минерал ўғит, ёқилғи масаласини ҳал қилиш ва уларнинг таъминотини тизимли йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Жойларда кластерлар фаолиятини самарали ташкил этишга вилоятлар ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари шахсан масъул этиб белгиланди.

Марказий банк ва тижорат банклари раҳбарларининг ўринбосарларидан бири мева-сабзавотчилик кластерларини айланма маблағлар билан таъминлаш ва улар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштиришга масъул қилинди.

– Кластерлар фаолиятини йўлга қўйишдан асосий мақсад – экспорт ҳажмини ошириш. Бунинг учун эса янги бозорларни топиш керак. Бозор бўлмаса, экспорт ҳам бўлмайди, кластер тизими ҳам юрмайди. Шунинг учун чет эллардаги талабни мунтазам ўрганиб, имкониятлардан самарали фойдаланиш, экспортда изчилликни таъминлаш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” компаниясига ташкил этилаётган ҳар бир кластер билан индивидуал ишлаб, экспорт шартномаларини чуқур таҳлил қилиш, айланма маблағлар ажратилишини ҳисобга олиб, қўшимча контрактлар тузишга кўмаклашиш вазифаси юклатилди.

Йиғилишда вилоятлар ҳокимлари мева-сабзавот кластерларини ташкил қилиш, бозорбоп маҳсулотлар етиштириш ва қайта ишлаш, экспорт ҳажми ва географиясини кенгайтириш борасидаги режалари юзасидан ахборот берди.

Пахтачилик кластерлари фаолиятини такомиллаштириш, давлат эҳтиёжлари учун пахта ва ғалла етиштириш тизимидан қадамма-қадам воз кечиш масалалари ҳам йиғилишда батафсил муҳокама қилинди.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Маълумки, бу борадаги биринчи қадам сифатида қолипли нон, ун, буғдой, чигит, пахта ёғи нархи эркинлаштирилган эди. Бунга пухта тайёргарлик кўрилгани натижасида нархларда кескин ўзгариш бўлмади.

Пахта ва ғаллага давлат буюртмасини бекор қилиш масаласида ҳам Жаҳон банки экспертлари иштирокида тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

– Бу йил қишлоқ хўжалигида катта ислоҳотларни бошлаяпмиз. Ҳокимлар бу масалани чуқур тушуниб, ичига киришлари шарт. Энди орқага йўл йўқ. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини эркинлаштирмасак, манфаатдорликни оширмасак, иқтисодий ўсиш ва самарадорликка эришиб бўлмайди, – деди Президентимиз.

Йиғилишда кластерлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва уларни молиявий қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам атрофлича таҳлил қилинди.

Адлия вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кластерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб, уларнинг фаолиятини тартибга солиш юзасидан кўрсатма берилди.

Пахта етиштиришнинг амалдаги тизими фермерлар ва кластерлар ўртасида молиявий жиҳатдан кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда. Бу бир тарафдан пахтани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга маблағ етишмаслигини келтириб чиқарса, иккинчидан, пахта етиштирган фермер хўжаликлари билан ҳисоб-китоб қилиш имкониятини чеклаб қўймоқда.

Шу боис кластерлар молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, уларда маҳсулот ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни алоҳида фаолият тури сифатида кредитлаш тизимини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.

Пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган жойларда пахта тозалаш заводлари негизида фермерлар кооперациялари йўлга қўйилиши белгиланди.

Бу тажриба Туркияда ўзини оқлаган. Ушбу тизимнинг энг муҳим жиҳати – фермерлар нафақат пахта хомашёсини, балки уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотларни (тола, чигит, шрот, шелуха) сотишдан ҳам манфаатдор бўлади.

Яна бир аҳамияти – пахта етиштиришда рақобат шаклланади. Кластерлар ва кооперативлар ўртасида рақобат бўлса, бундан фақатгина фермерлар, яъни ер эгалари бўлган деҳқонлар манфаатдор бўлади.

Пахта ва ғалла етиштиришда давлат буюртмаси бекор бўлса, илгаригидек режа ортидан қувиш барҳам топади. Эндиликда ҳокимлар халқ депутатлари кенгаши билан бирга экин ерларидан самарали фойдаланиш ва экин турларини тўғри жойлаштиришга масъул бўлади. Улар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини яхшилаш, ирригация тармоқларини таъмирлаш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, ушбу мақсадларда ажратилаётган маблағлар ва субсидиялардан самарали фойдаланиш ишларини ташкил этади. Деҳқонларга сервис хизматлари кўрсатиш, зараркунандаларга қарши қурашиш, пахта йиғим-теримида механизация даражасини ошириш чораларини ҳам кўради.

Видеселектор йиғилишида ғалла ҳосилини ғамлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, ғаллани давлат эҳтиёжи учун мажбурий сотиб олиш тизимидан давлат захиралари тизимига ўтилмоқда ва фермерларга ғаллани эркин сотиш ҳуқуқи берилмоқда. Бу масала озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ бўлганлиги боис давлатга мажбурий ғалла сотиш тизими икки босқичда бекор қилиниши режалаштирилган.

Бу йил етиштириладиган ғалла ҳосилидан давлат эҳтиёжлари учун сотиладиган ҳажми камайтирилади. Яъни, мамлакатимиз бўйича бу йил қўшимча 1 миллион тоннадан ортиқ ғалла фермерлар ихтиёрида қолади.

2021 йил ҳосилидан бошлаб эса давлатга ғалла сотиш режаси тўлиқ бекор қилиниб, маҳсулотни бозор нархларида сотиб олиш йўлга қўйилади.

Президентимиз бу ўзгаришларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Ер ажратиш борасидаги муаммолар кўриб чиқилди. Суғориладиган майдонлар талон-торожига чек қўйиш, ҳар бир қарич ердан халқ манфаати йўлида самарали фойдаланиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, жойлардаги мутасаддиларнинг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан соҳа мутасаддилари, ҳудудлар ва тармоқлар раҳбарлари ахборот берди.