Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Муҳаммад Абунайян: Ўзбекистонда "ACWA Power" лойиҳалари портфели тобора кенгайиб бораётгани мамлакат раҳбариятининг узоқни кўзлаб олиб бораётган ислоҳотларини яққол акс эттиради

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Муҳаммад Абунайян: Ўзбекистонда "ACWA Power" лойиҳалари портфели тобора кенгайиб бораётгани мамлакат раҳбариятининг узоқни кўзлаб олиб бораётган ислоҳотларини яққол акс эттиради

Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, "ACWA Power" компанияси асосчиси ва бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян "Дунё" ахборот агентлиги мухбирига интервью берди.

– Абунайян жаноблари, аввало, янги энергетика соҳасининг нуфузли вакили сифатида ушбу тармоқдаги мавжуд тенденцияларни қандай кўраётганингизни ва бу борада Ўзбекистон билан ҳамкорликда қандай истиқболларни очиш мумкинлиги ҳақидаги фикрларингизни билмоқчи эдик?

– Бугунги кунда энергетика соҳасида барқарор ривожланиш ва декарбонизацияга бўлган глобал интилиш туфайли сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Асосий тенденциялар қайта тикланадиган ва кам углеродли энергия манбаларига ўтишни ўз ичига олади. Мамлакатларимиз ҳукуматлари ўртасидаги мустаҳкам икки томонлама алоқалар туфайли Ўзбекистон "ACWA Power" компаниясининг энг тез ривожланаётган портфелларидан бири сифатида ажралиб туради ва Саудия Арабистонидан кейинги энг йирик бозоримиз ҳисобланади.

Мамлакатингизда Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари ташаббуси билан амалга оширилган энергетика соҳасини декарбонизация қилиш бўйича қайта тикланадиган ва кам углеродли лойиҳалар фаол ривожлантирилмоқда. Ҳукуматнинг аниқ стратегияси ва "яшил" энергияга ўтиш ислоҳотларини, жумладан, "яшил" водородни қўллаб-қувватлаш бўйича ислоҳотлар хорижий инвестициялар учун қулай муҳит яратмоқда.

Қулай инвестициявий муҳит, глобал иштирокчилар билан ҳамкорлик ва давом этаётган модернизация Ўзбекистонни энергетика инвестициялари учун жозибадор манзилга айлантиради. Мамлакатнинг "яшил" энергия ва барқарор ривожланишга содиқлиги барқарор энергияга ўтишда етакчи сифатида халқаро эътирофга сазовор бўлишига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистонда ўсиб бораётган лойиҳалар портфелимиз ана шундай истиқболли ислоҳотларни ўзида акс эттиради. "ACWA Power" ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик мамлакатнинг янги энергетикага ўтиши ва улкан мақсадларга эришишига ҳисса қўшади.

Умуман олганда, Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, қулай инвестициявий муҳит ҳамкорликнинг кенг истиқболларини очиб бермоқда. Бундан кейин ҳам Ўзбекистоннинг барқарор ва фаровон келажак йўлини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришга интиламиз.

– 2016 йилдан бошлаб мамлакатимиз барча соҳаларда – сиёсат ва иқтисоддан тортиб, диний-маърифий жабҳада туб ислоҳотлар билан ажралиб турадиган янги тараққиёт босқичига қадам қўйди. Ўзбекистон жадал ўзгармоқда, мамлакат ўз олдига улкан мақсадлар қўйган. Муҳим соҳа билан шуғулланаётган тадбиркор сифатида бу жараёнлар ва уларнинг натижалари ҳақида қандай фикрдасиз? Умуман олганда, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ва уларни амалга ошириш натижасида яратилган инвестициявий муҳитни қандай баҳолайсиз?

– Ўзбекистоннинг юксак мақсадлари тадбиркорлик шароитларини сезиларли даражада яхшилашга, мамлакатнинг хорижий капитал учун жозибадорлигини оширишга хизмат қилди. Шаффофлик ва инклюзивлик тамойилларига содиқлик инновациялар ва барқарор ўсишни рағбатлантирадиган қулай инвестиция муҳитини яратишга ёрдам берди.

Ислоҳотлар энергетика соҳасига алоҳида таъсир кўрсатди. Ўзбекистонда ўсиб бораётган портфелимиз бунинг яққол тасдиғидир. Ҳукуматнинг илғор ҳаракатлари билан қўллаб-қувватланган "яшил" энергияга ўтишнинг аниқ стратегияси қайта тикланадиган ва кам углеродли энергия лойиҳаларини ривожлантириш имконини берди. Ушбу ташаббуслар мамлакатни декарбонизация мақсадларига эришиш учун муҳим аҳамиятга эга ва иқлим муаммоларини ҳал қилишда истиқболли ёндашувни намойиш этади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги инвестиция муҳити тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун сезиларли даражада қулайдир. Ҳукуматнинг глобал шерикликни йўлга қўйиш ва инвестицияларни жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари барқарор ривожланиш учун муҳим бўлган экотизимни яратди.

Ривожланиш салоҳияти, бой табиий ва инсон ресурслари ҳамда тараққиётга интилиш Ўзбекистонни инвесторлар учун идеал манзилга айлантирмоқда. Ўзбекистоннинг "яшил" энергетикага ўтиш борасидаги саъй-ҳаракатларининг халқаро миқёсда эътироф этилиши унинг ушбу муҳим соҳадаги етакчилигини таъкидлайди.

2016 йилдан буён Ўзбекистонда амалга оширилаётган жадал ўзгаришлар ва улкан мақсадлар юксак натижаларни кўрсатмоқда. Ислоҳотлар самарадорлиги ва қулай инвестициявий муҳит Ўзбекистонни барқарор ривожланиш соҳасида етакчига айлантирди. Шунингдек, давом этаётган ўзгаришлар ва барқарор ривожланишга интилиш республиканинг фаровон келажаги учун йўл очмоқда.

– Жаноб Абунайян, Сизни Ўзбекистонда нафақат мамлакатимиз иқтисодиётига, биринчи навбатда, энергетика соҳасига энг йирик инвестор бўлган "ACWA Power" компанияси бошқаруви раиси сифатида, балки Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси сифатида ҳам яхши билишади. Шундан келиб чиқиб, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини ва истиқболларини қандай баҳолайсиз?

– Саудия Арабистони билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ниҳоятда истиқболлидир. "ACWA Power" компанияси бошқарув раиси ва Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси сифатида мен икки томонлама муносабатларимизнинг ўсиши ва ривожланишини бевосита кузатиш шарафига муяссар бўлдим.

Амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон хорижий инвестициялар учун қулай муҳит яратишда сезиларли ютуқларга эришди. Ушбу ислоҳотлар ишбилармонлик муҳитини сезиларли даражада яхшилаб, мамлакатни Саудия Арабистони ва бошқа давлатлар инвесторлари учун жозибадор манзилга айлантирди. Ўзбекистонга, айниқса, энергетика соҳасига киритаётган инвестицияларимиз мамлакат иқтисодий салоҳиятига, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида узоқни кўзлаб олиб борилаётган сиёсатга бўлган юксак ишончимизни намоён этади.

Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгаши мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. У бизнес раҳбарлари ва сиёсатчилар ўртасида мулоқот, ҳамкорлик ва фикр алмашиш учун платформа бўлиб хизмат қиляпти. Бу шериклик Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва барқарорлигига хизмат қилувчи қатор муҳим лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилишига замин яратди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган қулай инвестициявий муҳит ва стратегик ислоҳотлар глобал иштирокчиларни жалб этишда муҳим аҳамиятга эга. Бу саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонни барқарор энергетикага ўтиш, халқаро эътирофга эришиш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик учун эшикларини очиш бўйича етакчига айлантирди.

Ўзбекистон – Саудия Арабистони савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлигининг бугунги ҳолати мустаҳкам ва жадал ривожланиб бормоқда. Ушбу мустаҳкам пойдеворни ривожлантиришда давом этар эканмиз, келажак янада истиқболли бўлишига ишонамиз. Мамлакатларимизнинг барқарор ривожланиш ва иқтисодий ўсиш концепциялари ўртасидаги ҳамкорлигимиз бундан буён ҳам равнақ топиб, ҳар икки давлатга фаровонлик ва ўзаро манфаат келтиришини таъминлайди.

– "ACWA Power" компанияси мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Сиз раҳбарлик қилаётган компаниянинг истиқболдаги режаларида Ўзбекистонда янги қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қандай аниқ мақсадлар ўрин олган?

– Шубҳасиз, "ACWA Power" компанияси Ўзбекистондаги қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш ва кенгайтириш тарафдори. Мамлакатларимиз ўртасидаги шерикликни ривожлантиришга қўшган ҳиссамиз салмоқли бўлди ва биз келажакда ҳам ушбу жабҳада порлоқ келажакни кўряпмиз.

Ҳозирда Ўзбекистондаги умумий лойиҳалар портфелимиз 11,6 ГВт электр энергиясини ташкил этади, шундан 10,1 ГВт қайта тикланадиган манбалардир. Бунга 5 ГВт қувватга эга Марказий Осиёдаги энг йирик шамол электр станцияси "Арал Винд" киради, у қарийб 4,5 миллион хонадонни тоза энергия билан таъминлайди, шунингдек, мамлакатдаги биринчи "яшил" водород ишлаб чиқариш лойиҳаси қуввати йилига 3000 тоннани ташкил этади. Ушбу инновацион лойиҳанинг биринчи босқичи 2023 йил ноябрь ойида очилган.

Бугунги кунда мамлакатингизда жами 13,7 миллиард АҚШ долларига тенг инвестиция лойиҳаларининг 20 таси амалга оширилиш, қурилиш ёки ишлаб чиқиш босқичида бўлиб, бу Ўзбекистонни Саудия Арабистонидан ташқаридаги энг йирик ҳамкоримизга айлантирмоқда.

Ўзбекистондаги инвестицияларимиз ва фаолиятимиз 25 йиллик электр энергиясини сотиб олиш шартномалари ҳамда қуриш ва эксплуатация қилиш моделига асосланади. Бу бизнинг узоқ муддатли мажбуриятларимиз ва минтақавий фаолиятимизнинг барқарорлигини таъминлайди. Бундай ёндашув нафақат барқарор ва ишончли энергия таъминотини кафолатлайди, балки Ўзбекистон тараққиётида стратегик шерик бўлиш истагини ҳам тасдиқлайди.

Ўзбекистон – жадал ривожланаётган бозор ва биз унинг энергетика секторидаги энг йирик инвестори эканлигимиздан фахрланамиз. Биз, айниқса, қайта тикланадиган энергия ва "яшил" водород лойиҳалари соҳасида кейинги ўсиш ва инновациялар салоҳиятидан мамнунмиз.

"ACWA Power" Ўзбекистондаги инвестицияларини сақлаб қолиш ва кенгайтириш ниятида. Биз яқин ҳамкорлигимизни давом эттиришга ҳамда мамлакат энергетика тармоғининг барқарор ривожланишига ҳисса қўшишдан манфаатдормиз.

– Мамлакатдаги ислоҳотларнинг бевосита ташаббускори ва ҳаракатлантирувчи кучи Ўзбекистон раҳбариятидир. Шу билан бирга, фаол саъй-ҳаракатлар фақат ички ислоҳотлар билан чекланмайди. Бугунги кунда республикамиз глобал таҳдид ва муаммоларга бефарқ бўлмаган иштирокчи сифатида ўзини намоён қилмоқда. Жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланиб, аниқ самаралар берадиган йирик халқаро ташаббуслар илгари сурилмоқда. Давлатимизнинг бундай фаол ички ва ташқи сиёсати ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Ўзбекистоннинг фаол ички ва ташқи сиёсати юксак эътирофга лойиқ, мамлакатнинг ҳар томонлама ривожланиш ва халқаро ҳамкорликка интилишидан далолат беради. Ўзбекистонда турли соҳаларда, жумладан, иқтисодиёт, сиёсат ва ижтимоий жабҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Ушбу янгиланишлар ўсиш ва ривожланиш учун янада очиқ, инклюзив ва динамик муҳитни яратишга кўмак берди.

Ўзбекистон ташқи миқёсда глобал масалалар бўйича фаол позицияни эгаллаб, йирик халқаро ташаббусларда фаол иштирок этмоқда. Бундай ёндашув мамлакатнинг халқаро ҳамжамиятдаги масъулиятли ва истиқболли аъзо сифатидаги ролини таъкидлайди. Ўзбекистон ўзини тинчлик, фаровонлик ва барқарор тараққиётга кўмаклашиш, глобал муаммоларни ҳал этиш ва халқаро мулоқотга ҳисса қўшишда асосий иштирокчи сифатида намоён этмоқда.

Ўзбекистон ташаббусларининг халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётгани ва эътироф этилаётгани унинг ташқи сиёсати самарали эканлигидан далолат беради. Бу ташаббуслар Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги обрў ва нуфузини мустаҳкамлаб, аниқ натижалар бермоқда. Масалан, Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорлик ва мулоқотларни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари қўшни давлатлар ва ундан ташқаридаги мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамламоқда, минтақавий барқарорлик ва иқтисодий интеграцияга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистоннинг фаол ички ва ташқи сиёсати мамлакат раҳбариятининг ривожланиш ҳамда халқаро ҳамкорликка ҳар томонлама ва стратегик ёндашувини акс эттиради.

– Келажакка назар ташлайдиган бўлсак, "ACWA Power" Ўзбекистон энергетика сектори учун қандай имкониятларни кўрмоқда? Компаниянинг ушбу ўзгаришларга мослашиши ва ривожланишини қандай тасаввур қиласиз ва Сизнинг узоқ муддатли мақсадларингиз қандай?

– Келажакка назар ташлайдиган бўлсак, "ACWA Power" компанияси Ўзбекистон энергетика соҳасида, айниқса қайта тикланадиган энергия соҳасида катта имкониятларни кўрмоқда. Ҳукумат энергия таркибидаги қайта тикланадиган энергия манбаларининг улушини ошириш бўйича улкан мақсадларни қўйган ва "ACWA Power" уларга эришишда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш учун яхши позицияга эга.

Қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этишдаги асосий масалалардан бири энергия таъминотининг беқарорлигидир. Буни енгиб бўлмайдиган тўсиқ сифатида кўришнинг ўрнига, биз ўн йил олдин тасаввур қилиб бўлмайдиган замонавий технология ечимларидан фойдаланган ҳолда энергия сақлаш тизими (аккумулятор) — BESSни (Battery Energy Storage Solutions) амалга оширдик. BESSнинг қуёш фотоэлектр станциялари лойиҳаларга интеграциялашуви туфайли Ўзбекистон минтақадаги энг йирик энергиясини сақлаш объектларига эга бўлади. Бу эса республикада электр тармоқларини барқарорлаштириш ва қайта тикланадиган энергетикани ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Биз бу масалаларни йирик энергетика лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланишга билим ва тажрибамизни олиб кириш имконияти сифатида қараймиз.

Биз инвестициялардан тезда даромад олиш учун бозорларга чиқишга интилмаймиз. Жамиятга қайтариб бериш биз учун муҳим, шунинг учун республикада корпоратив ижтимоий масъулият дастурларини амалга ошириш мақсадида саъй-ҳаракатларни амалга оширамиз. Мазкур дастурлар қаторига Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидаги 100 минг аҳоли яшайдиган уйларни электр энергияси билан таъминлаш учун 40 минг дона интеграциялашган қуёш фотоэлектр панелларини ўрнатиш ҳамда Ширин энергетика коллежи билан ҳамкорлик ҳам киради. Ушбу касб-ҳунар билим юрти энергетика ва сув тармоқларида ишлайдиган қарийб 350 нафар маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш маркази ҳисобланади. Бу йил ёзда биринчи битирувчиларимиз ўқишни тамомлайди.

Бизнинг Ўзбекистондаги узоқ муддатли мақсадимиз – мамлакат аҳолисини барқарор ва арзон энергия билан таъминлаш, республиканинг янги энергетика соҳасига ўтишда ишончли ҳамкорга айланишдир. Биз лойиҳаларимиз муҳим ижтимоий ва иқтисодий фойда келтиришини таъминлаш учун маҳаллий аҳоли ва манфаатдор томонлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, инновациялар ва янги технологияларни ўрганишда давом этамиз.

– Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюрган инсон сифатида юртимизнинг бой маданий-маънавий мероси ва ўзбек халқи ҳақидаги фикрларингиз ҳам биз учун муҳим...

– Ўзбекистон ўзининг ажойиб гўзаллиги, бой маданий-маънавий мероси, меҳмондўстлиги билан ажралиб туради. Мамлакатингизга ҳар сафар келганимда унинг тарихи, анъаналари ва ўзбек халқининг самимиятидан ҳайратда қоламан.

Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг жорий йил бўлиб ўтган учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқи менда катта таассурот қолдирди. Давлатингиз раҳбарининг Янги Ўзбекистон ҳақидаги қарашлари, ҳақиқатан ҳам, етакчилик намунасига хосдир. Мамлакатингиз етакчиси Ўзбекистон ва ўзбек халқига бўлган садоқати муҳим ва долзарб нарсаларга алоҳида эътибор бераётганида яққол намоён бўлади. Президент жаноблари инвестицияларнинг ҳал қилувчи ролини таъкидлайди, лекин ундан ҳам муҳими, сифатли таълим, ривожланган инфратузилма ва Ўзбекистон фуқароларининг ҳаёт сифатини яхшилашга содиқлигидир. Бу одамларга куч беради ва улар учун янги имкониятлар яратади.

Бундай эътибор Ўзбекистонни халқаро инвесторлар ва ҳақиқий ҳамкорлар сифатида биз учун жозибадор қилади. Ўзбекистонни бизга ўрнак бўлаётган беқиёс етакчиси учун яхши кўрамиз. Сўнгги уч йил ичида мен давлат раҳбарининг кўплаб нутқларини бевосита тингладим ва унда айтилган барча жиҳатлар бажарилганига гувоҳ бўлдим. Кўп гапириб, лекин иш қилмайдиган раҳбарлардан фарқли ўлароқ, Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари берган ваъдаларини бажармоқда ва бунинг учун ундан чин дилдан миннатдормиз.

Айни пайтда Саудия Арабистони Ўзбекистоннинг муҳим инвестициявий ҳамкорларидан биридир. Бугунги кунда бу қараш энергетика секторига, жумладан, дунёдаги биринчи "яшил" маълумотлар марказига миллиардлаб инвестиция киритилиши билан ҳақиқатга айланди.

Ўзбекистон – ўз халқи, айниқса, аҳолининг 60 фоизини ташкил этувчи ёшлар учун муқаддас заминдир. Давлатингиз раҳбарининг ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари уларнинг ўз қарашлари ва орзуларини рўёбга чиқариш салоҳиятига ишончини оширади. Ўзбекистоннинг келажаги буюк ва у Марказий Осиёда етакчи намуна бўлиб, бошқаларга илҳом бахш этади.

Бизга ҳар соҳада етакчилик ва яхши намуна керак ва бу борада Ўзбекистон ўзини намоён этмоқда. Ўзбек халқига энг яхши тилакларимни йўллайман. Барқарор тараққиёт ва муваффақиятларга эришишда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин.

– Абунайян, жаноблари, самимий суҳбат ва саволларимизга батафсил жавобларингиз учун миннатдорлик билдирамиз.

–Раҳмат.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат