Муҳаммад Юсуф Наги: Саудиялик сармоядорлар ва йирик тадбиркорларда Ўзбекистонга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Мамлакатимиз Бош консуллиги вакилининг Жидда шаҳар Савдо-саноат палатаси бошқаруви кенгаши раиси Муҳаммад Юсуф Наги билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Ўзбекистондаги кенг иқтисодий имкониятлар ҳамда мамлакатимизга хориж сармояларини жалб этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ва янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилиш бўйича умумхалқ референдумининг ўтказилиши ҳақидаги маълумотлар ҳам тақдим этилди. Шу ўринда янги таҳрирда қабул қилиниши кутилаётган Асосий қонунда тадбиркорлик фаолияти кафолатларини кучайтириш, бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, адолатли солиқ тизимини йўлга қўйиш орқали том маънода эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш учун барқарор асос яратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Ўз навбатида, Муҳаммад Юсуф Нагининг фикр билдиришича, “янгиланаётган Конституция мамлакатнинг барқарор тараққиёти ва фаровон ҳаётида таянч ҳисобланган тадбиркор ва ишбилармонларнинг эркин фаолияти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ва кафолат яратади. Конституцияда Ўзбекистонда молиявий ресурсларнинг эркин ҳаракатланиши ҳамда ички ва халқаро савдони ривожлантиришга доир қоидаларнинг такомиллаштирилиши республикада тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароитлар яратиб берилаётганидан далолатдир. Бу билан тадбиркорларга ҳар қандай йўналишда бизнес юритиш, даромадларини қонуний кўпайтириш имконияти яратилади”.
Ўзбекистонда хорижий инвесторларга яратилаётган шароитлар ва имтиёзлар, мамлакатимизнинг инвестиция ва экспорт салоҳияти ҳамда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ижобий натижалари ҳақидаги маълумотларга муносабат билдирар экан, Муҳаммад Юсуф Наги Саудия Арабистонидаги “Acwa Power” компаниясининг Ўзбекистонда қатор инвестицион лойиҳаларни амалга ошираётганини юқори баҳолади. “Бу ҳолат саудиялик бошқа инвесторлар ва йирик тадбиркорларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини янада орттираётир”, деди у.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси делегациясининг Жиддага сафарини амалга ошириш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Муҳаммад Юсуф Наги бу ташрифни қутлашини маълум қилар экан, Жидда Савдо-саноат палатаси биносида Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этиш ҳамда саудиялик ва ўзбекистонлик бизнесменларнинг В2В-учрашувларини ташкил этишга тайёр эканлигини билдирди. Унинг айтишича, бўлажак тадбирларда нафақат Жидда, балки Макка ва Тоиф Савдо-саноат палаталари вакиллари ва ишбилармонларининг ҳам иштирокини таъминлаш имконияти мавжуд.
Муҳаммад Юсуф Нагининг фикрича, юқорида қайд этилган тадбирларнинг ўтказилиши келажакда икки давлат ишбилармонларининг ўзаро ташрифларини янада фаоллаштириш, икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда мавжуд инвестиция лойиҳаларини ўрганишга хизмат қилади.
«Дунё» АА