Наталья Герман: Ўзбекистон ташаббускорлигида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик изчиллик билан фаоллашмоқда
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева ўз миссиясини якунлаётган БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикасининг БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари, жумладан, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази билан ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашга қаратилган конструктив ғоя ва ташаббусларни илгари сурган эди. Бу ташаббуслар Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда яхлит дастур тарзида тақдим этилди. Бу Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувининг ташкил топишида асос бўлди.
Бугунги кунда минтақа давлатлари билан барча соҳаларда, хусусан, парламентлар ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Жорий йил 9-10 февраль кунлари Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форуми ҳам минтақа мамлакатлари ўртасида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ушбу жараёнда парламентларнинг ролини янада оширишга хизмат қилгани қайд этилди.
Учрашув давомида Сенат раиси Танзила Норбоева Наталья Германнинг миссияси давомида Ўзбекистоннинг минтақавий марказ билан ўзаро ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашганини, муносабатлар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади.
— 2017-2022 йилларда БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази билан яқин ҳамкорликда Ўзбекистонда бир қатор муҳим халқаро ташаббус ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди, - деди Сенат раиси. - Биз дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, минтақавий аҳамиятга молик қатор долзарб муаммоларни ҳал этишда марказ жамоаси билан яқин ва конструктив ҳамкорликни давом эттирамиз.
Ўз навбатида, Наталья Герман Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижаларини таъкидлар экан, айнан Ўзбекистоннинг етакчи ташаббускорлигида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик жиддий фаоллашаётганини юксак баҳолади. Минтақада ўзаро фаол ҳамкорлик ва конструктив муҳокама форматини илгари сураётган Ўзбекистон қардош мамлакатлар ўртасидаги турли масалаларнинг ҳал этилишида ва минтақавий шерикчилик ривожидаги асосий ролини алоҳида эътироф этди.
Дўстона ва амалий руҳда кечган мулоқотда хавфсизлик, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, шунингдек, тинчликни мустаҳкамлаш борасидаги глобал муаммоларни ҳал этишга қаратилган ҳамкорликни янада кучайтириш истиқболлари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
«Дунё» АА