Нидерландия компанияси вакиллари билан ташқи меҳнат миграцияси масалалари муҳокама қилинди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 15 сентябрдаги «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида мамлакатимизнинг
Бенилюкс давлатларидаги элчихонасида «MMBS GROEP» (Нидерландия) қурилиш компанияси ижрочи директори Муҳаммад Мачуахи билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
«MMBS GROEP» Нидерландиянинг Утрехт шаҳрида 2000 йилда расмий рўйхатдан ўтган қурилиш, қайта таъмирлаш хизматларини кўрсатувчи компания. Ҳозирда 50 нафар доимий ишчи ва 30 нафар вақтинча ишчи мутахассис жалб қилинган.
Учрашувда Ўзбекистон фуқароларини уюшган ва тартибли ҳолда компаниянинг Нидерландиядаги қурилиш объектларига ишга жойлаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат масалалари агентлиги бошқарма бошлиғи Алишер Рўзиев тадбирда онлайн шаклда иштирок этди.
Суҳбатда Ўзбекистон меҳнат бозоридаги имкониятлар, меҳнат муҳожирларини ишга юборишдан олдин тайёрлаш, мономарказларнинг фаолияти, тил ўргатиш ва касбга йўналтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.
Муҳаммад Мачуахининг таъкидлашича, пандемия бўлишига қарамасдан, қурилиш бўйича буюртмалар мунтазам келиб тушмоқда. Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлардан Нидерландияга келиб ишлашда қулайликлар бўлганлиги боис бугунги кунда компанияда ишлаётган ишчиларнинг аксарияти Шарқий Европа мамлакатлари вакилларини ташкил қилади.
Ўзбекистон меҳнат бозорини ўрганган Муҳаммад Мачуахи «ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, меҳнаткашлиги, чин ва тўғри сўзлигига гувоҳ бўлдим ва бу таассуротлар ўзбек мутахассисларини Нидерландияга олиб келиш ва ҳамкорликда ишлаш учун катта истак уйғотди» деди.
У компания йилига 100 нафар қурувчини ишга жалб қилишини таъкидлади. Иш самарадорлиги, қурувчиларнинг ҳалол ва сифатли ишига қараб, йилига уларнинг сонини кўпайтириб бориш имконияти мавжуд.
Ишчилар турар-жой билан таъминланади, соғлиқ суғуртаси билан боғлиқ мажбуриятни иш берувчи ўз зиммасига олади. Дастлабки босқичда икки йилга ва кейинчалик узоқ муддатга шартнома тузилади.
Мулоқот якунида дастлабки босқичда йигирма нафардан юз нафаргача моҳир ғишт терувчи ва бошқа йўналишга ихтисослашган қурувчиларни ишга жойлаштириш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Учрашувдан сўнг компания иш фаолияти ва ишчиларнинг яшаш шароитлари билан танишилди, ишчилар билан мулоқот ўтказилди.
/“Дунё” АА/.