Олий Мажлис Сенати қўмитасида Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигига оид қонун лойиҳаси дастлабки тарзда муҳокама қилинди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Кеча Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Парламент юқори палатаси маълум қилишича, мажлисда Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши назарда тутилган масалалар, хусусан, «Ўзбекистон Республикаси, бир томондан ва Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги, иккинчи томондан, ўртасида шерикчиликни таъсис этувчи шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2019 йил 31 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Мазкур Қонун 2019 йил 31 октябрда Тошкент шаҳрида имзоланган «Ўзбекистон Республикаси, бир томондан ва Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги, иккинчи томондан, ўртасида шерикчиликни таъсис этувчи шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги Битимни ратификация қилишни назарда тутади.
Муқаддима, 87 та модда, 4 та илова ва Божхона масалаларида маъмурий органлар ўртасида ўзаро ёрдам тўғрисидаги протоколдан иборат бўлган мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги амалдаги шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимнинг барча қоидаларини сақлаб қолган ҳолда Ўзбекистон-Британия ҳамкорлик форматига мослаштирилган.
Ушбу Қонуннинг ратификация қилиниши келгусида Ўзбекистон-Британия муносабатларининг ҳуқуқий асосини сақлаш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада узлуксиз давом эттириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий ва бошқа қатор соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича кенг имкониятларни тақдим этиши қайд этилди.
Мажлисда, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг жорий йил биринчи чораги ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи ҳам батафсил муҳокама қилинди.
Давлат дастурида белгиланган, Қўмита фаолияти йўланишларига тегишли топшириқларнинг 2021 йил биринчи чорагидаги ижро ҳолати ва 2020 йилги давлат дастуридаги қатор вазифаларнинг амалга оширилиши бўйича маълумотлар берилди.
2021 йилги Давлат дастурининг бешинчи йўналишида белгиланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош ассамблеяси 75-сессиясида сўзлаган нутқида илгари сурилган ташаббусларни парламентлараро даражада тарғиб қилиш, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳамда қўшни давлатлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги топшириқлар ўз вақтида амалга оширилгани таъкидланди.
Шу билан бирга, Дастурда назарда тутилган туризм соҳасидаги вазифалар, хусусан, зиёрат туризми ва ички туризмни ривожлантириш, Бухоро ва Хоразм вилоятларининг туризм салоҳиятини пандемия шароитидан сўнг тиклаш ва янада ривожлантириш сингари қатор вазифалар ижроси ҳам тўлиқ таъминланганлиги қайд этилди.
Мажлисда муҳокама этилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
/«Дунё» АА/.