Олий Мажлис Сенати Раиси « Тенглик авлоди » форуми иштирокчиларга видеомурожаат йўллади

Жорий йил 29-31 март кунлари Мехико шаҳрида видеоконференцалоқа шаклида « Тенглик авлоди » форуми бўлиб ўтди. Анжуманда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева видеомурожаат билан иштирок этди, деб хабар бермоқда « Дунё » АА мухбири.

Парламент юқори палатаси маълум қилишича, глобал форум иштирокчиларига Ўзбекистоннинг гендер тенглик, хотин-қизларнинг давлат ва жамоат ишларидаги ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, гендер тенгликни ва аёллар бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ютуқлари, шу жумладан пандемия даврида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот тақдим қилинди.

Гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мамлакатимиз давлат сиёсатининг устувор йўналишлари эканлиги таъкидланди.

Конференция доирасида ҳар бир мамлакатнинг Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасида белгиланган стратегик мақсад ва вазифаларни бажаришдаги саъй-ҳаракатларини янада кучайтириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Анжуманда COVID-19 пандемияси даврида гендер тенглик тўғрисида хабардорликни ошириш бўйича ялпи ва секцион мажлислар ташкил этилди. Хусусан, “XXI аср кун тартиби” ва Барқарор ривожланиш мақсадлари нуқтаи назаридан гендер тенгликка эришиш учун жамоатчилик иштироки ва кўп томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, Пекин ҳаракатлар платформаси тадбирларини амалга ошириш бўйича мавзулар кўриб чиқилди.

Форум барча мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистон учун гендер тенглик нуқтаи назаридан энг яхши тажриба ва фикр алмашиш учун ўзига хос майдон вазифасини ўтади.

« Дунё » АА