Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари «Риёз» сиёсий ва стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) ректори Содиқ Сафоев Саудия Арабистонига ташриф давомида «Риёз» сиёсий ва стратегик тадқиқотлар маркази бош директори Иброҳим аш-Шаммарий билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашув чоғида Ўзбекистон Президентининг 2022 йил август ойида Саудияга амалга оширган расмий ташрифидан сўнг икки томон ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда, шу жумладан, олий таълим, илмий тадқиқотлар, ахборот-таҳлил йўналишларида фаоллашиб бораётгани қайд этилди.
Томонлар туризм, маданият, илм-фан ва таълим соҳаларидаги ҳаморлик алоқаларини ривожлантириш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, долзарб муаммоларга бағишланган таҳлилий мақолаларни чоп этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Марказ бош директори Иброҳим аш-Шаммарий ЖИДУнинг илмий-академик салоҳияти, ташқи сиёсат, иқтисодий дипломатия ҳамда ахборот-таҳлил соҳаларида малакали кадрларни тайёрлашда Ўзбекистонда етакчи олий таълим муассасаси эканини эътироф этди. «Биз ЖИДУ таркибига кирувчи Истиқболли халқаро тадқиқотлар институтининг тегишли марказлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва муштарак лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдормиз», деди у.
Мулоқот чоғида ЖИДУ ва «Риёз» сиёсий ва стратегик тадқиқотлар маркази ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида амалий қадамларни бошлаш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар якунида томонлар «Янги Ўзбекистон» мавзусида ҳужжатли фильм яратиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, ЖИДУ мутахассислари томонидан саудиялик ишбилармон доира вакиллари учун Ўзбекистоннинг иқтисодий, сармоявий ва туризм салоҳиятига оид консалтинг хизматларини кўрсатиш ҳамда Англашув меморандуми лойиҳасини ишлаб чиқиш ва имзолаш юзасидан келишувга эришдилар.
«Риёз» сиёсий ва стратегик тадқиқотлар маркази Яқин Шарқ минтақасида энг йирик «ал-Йамама» матбуот ва нашриёт холдинг компанияси таркибида 2016 йилда ташкил этилган. Ушбу холдинг подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд оиласига тегишли. Муассасанинг мақсад ва вазифалари сифатида «Vision-2030» стратегиясида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш белгиланган. Марказ видеографика, ток-шоу, ҳужжатли фильмлар яратишга мўлжалланган замонавий студияга эга. «Риёз» номли ойлик журнал араб, хитой, инглиз, форс ва француз тилларида чоп этилади.
АР-РИЁЗ, 2 июнь. /«Дунё» АА/.