Пекинда Ўзбекистон-Хитой савдо-иқтисодий муносабатларининг 30 йиллигига бағишланган бизнес-форум ташкил этилди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Кеча мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Пекиндаги ваколатхонаси томонидан Ўзбекистон ва Хитой тадбиркорлари, давлат идоралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Хитой Технологиялар ва машинасозлик ускуналари импорти ва экспорти палатаси билан ўзаро ҳамкорликда гибрид шаклда уюштирилган ушбу тадбир Ўзбекистон-Хитой дипломатия муносабатлари ўрнатилганлигининг 30 йиллигига бағишланди. Бизнес-форумда Хитой томонидан 200 нафарга яқин етакчи савдо ва молия ташкилотлари, давлат идоралари, жамғармалар, хусусий сектор вакиллари, соҳаларга ихтисослашган уюшма ва кенгашлар аъзолари иштирок этди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда Экспортни рағбатлантириш агентликлари, Энергетика вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, «Ўзтўқимачиликсаноати», «Ўзчармсаноат» ва «Ўзкимёсаноат» уюшмалари, шунингдек, Олмалик тоғ-металлургия комбинати раҳбарияти томонидан мамлакатимизда халқаро савдони ривожлантириш, тегишли тармоқ ва ишлаб чиқариш йўналишларига хорижий сармояларни кенг жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, мазкур йўналишдаги жадал ислоҳотлар ва уларнинг дастлабки натижалари, хитойлик ҳамкорлар билан амалга ошириш учун янги лойиҳалар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди.
Ўзбекистон-Хитой савдо-иқтисодий муносабатларининг 30 йиллик тарихидаги ўзаро ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар, эришилган муваффақиятлар ва келгусидаги режалар тақдимоти ҳам ўтказилди.
Хитой Технологиялар ва машинасозлик ускуналари импорти ва экспорти палатаси вице-президенти Ши Юнхун ўз маърузасида хитойлик тадбиркорларни, давлат ва жамоатчилик ташкилотларини Ўзбекистондаги мавжуд имкониятлардан кенг фойдаланишга чақирар экан, мазкур йўналишда икки давлат раҳбарларининг сўнгги учрашувлари давомида эришилган келишувлар, илгари сурилган ташаббуслар дастуриламал бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Ши Юнхун, ўз навбатида, 17 январь куни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов томонидан Хитой-Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги Савдо-иқтисодий ҳамкорлик форумида олға сурилган таклифларни ҳам юқори баҳолади. «Ушбу таклифларнинг Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларда ҳаётга тадбиқ этилиши қисқа муддатларда мавжуд савдо айланмаси ва сармоялар хажмларини бир неча баробарга ошириш бўйича давлатларимиз раҳбарлари белгилаб берган вазифаларни тўлақонли амалга оширишга ёрдам беради», деди у.
Тадбирда, шунингдек, юртимизда фаолият олиб бораётган хитойлик сармоядорлар ўзларининг «муваффақиятли тарихлари» билан барча иштирокчиларни таништирди ва ўз ватандошларини Ўзбекистонда фаол тадбиркорлик билан шуғулланишга даъват этди.
Бизнес-форум якунида республикамиз идоралари вакиллари хитойлик тадбиркорларнинг мамлакатимизда бизнес қилиш имкониятлари, маҳаллий ва хорижий сармоядорларга яратилаётган шароитлар, турли соҳа ва йўналишлардаги салоҳиятли лойиҳалар юзасидан саволларига жавоб берди. Янги таклифларни муҳокама қилиш мақсадида алоҳида учрашувлар ўтказишга келишиб олинди.
«Дунё» АА