Россия ва Озарбайжон билан иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 март куни Россия Федерацияси ва Озарбайжон Республикаси билан икки томонлама инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Кейинги йилларда ушбу мамлакатлар билан ўзаро савдо ва инвестиция кўрсаткичлари муттасил ортиб бораётгани қайд этилди. Хусусан, 2019 йил якунларига кўра Россия билан товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилгига нисбатан 17 фоизга ортиб, 6,6 миллиард долларни ташкил этди, Озарбайжон билан икки томонлама савдо ҳажми эса 55,7 фоизга ошди.
Инвестициявий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Ўтган йили Ўзбекистонда Россия сармояси иштирокида 484 та янги корхона ташкил этилди, шунда уларнинг сони умумий ҳисобда 1828 тага етди. Бугунги кунда мамлакатимизда Озарбайжон капитали иштирокида ташкил этилган 178 та корхона фаолият юритмоқда.
Йиғилишда ушбу мамлакатлар билан қўшма лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш ҳамда инвестиция, савдо ва транспорт-логистика соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича янги таклифлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Россия Федерацияси билан бўлажак икки томонлама тадбирлар муҳокама қилинди. Хусусан, россиялик шериклар билан 3,5 мингта иш ўрни яратиш имконини берадиган қиймати 7,3 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Озарбайжонлик ҳамкорлар билан саноат кооперациясини йўлга қўйиш доирасида умумий қиймати 355 миллион доллардан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилаётгани таъкидланди. Жумладан, енгил автомобиль ва автобуслар йиғишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Нефть-газ соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик кенгаймоқда.
Ушбу тадбирларни мазмунан бойитиш зарурлиги алоҳида қайд этилди, ишни самарали ташкил қилиш бўйича устувор вазифалар белгиланди.
Жорий ойда Озарбайжон ва Россия билан қатор икки томонлама тадбирлар режалаштирилган. Хусусан, 16-17 март кунлари Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилиши, март ойининг учинчи ўн кунлигида эса Россия Федерацияси билан шундай тадбир ўтказиш мўлжалланган.
Президент Шавкат Мирзиёев Россия ва Озарбайжоннинг етакчи компания ва ташкилотлари билан савдо ва инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш, шерикликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берди.
Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, саноат, шу жумладан агросаноат, транспорт ва логистика, таълим ва инновациялар Россия билан ҳамкорликнинг янги устувор йўналишлари сифатида белгиланди.
Озарбайжон билан аграр саноат, узумчилик ва виночилик, заргарлик, нефть ва газ, транспорт ва логистика, таълим соҳаларида қўшимча янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан алоқадор вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди, вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар белгиланди.