Россиядаги ватандошлар Ўзбекистон Президенти сайловига катта қизиқиш билдирмоқда
Мамлакатимизнинг Владивостокдаги Бош косулхонаси томонидан Приморск ўлкаси Надежденский туманида жойлашган балиқ ва денгиз маҳсулотларини қайта ишлаб чиқаришга ихтисослашган « Русский минтай » компаниясида вақтинчалик меҳнат қилаётган ватандошлар ва корхона мутасаддилари билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда « Дунё » АА мухбири.
Учрашувда жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайлови кампанияси ҳақида маълумот берилди. Ушбу корхонада меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг сайловда иштирокини таъминлаш хусусида сўз юритилди.
Тадбир чоғида юртимизда Ўзбекистон Президенти сайлови кампаниясининг бориши, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялардан давлат раҳбарлигига кўрсатилган номзодлар ва уларнинг сайловолди дастурлари, миллий сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Корхона раҳбарлари билан ўтган мулоқот чоғида ватандошларимизнинг Президент сайловида иштирокини таъминлаш бўйича қулай шарт-шароитларни яратиш масалалари кўриб чиқилди. Суҳбат натижасида « Русский минтай » корхонаси бош идорасида муддатидан олдин овоз бериш нуқтасини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Корхона раҳбарлари, ўз навбатида, ташкилотда меҳнат қилаётган 200 нафардан зиёд ўзбекистонликларнинг сайловда фаол қатнашишини таъминлашга яқиндан ёрдам беришини таъкидлади.
/« Дунё » АА/.