Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Самарқанднинг тарихий шуҳратига мос замонавий қиёфасини яратиш – асосий мақсадимиз

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Самарқанднинг тарихий шуҳратига мос замонавий қиёфасини яратиш – асосий мақсадимиз

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги ўзгаришлар, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларини белгилаш мақсадида 15 апрель куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбарининг ҳудудга бундан олдинги ташрифи 2019 йилнинг январь ва июль ойларига тўғри келган эди.

Ташрифлар чоғида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, туман ва шаҳарларда бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш ҳамда аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганди. Шу асосда дастурлар ва уларни амалга ошириш “йўл харита”лари тасдиқланиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Ўтган йил пандемия айрим лойиҳаларни амалга ошириш, қурилиш ишлари суръатига салбий таъсир кўрсатган бўлса-да, давлатимиз томонидан яратиб берилган имконият ва имтиёзлар туфайли белгиланган режа ва дастурлар ўз вақтида бажарилди.

Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда қиймати 580,3 миллиард сўмлик 100 та лойиҳани ишга тушириш белгиланган бўлса, амалда 832,1 миллиард сўмлик 248 та лойиҳа амалга оширилиб, 1 минг 800 дан ортиқ иш ўрни яратилди. Жумладан, саноатда 55 та, хизматлар соҳасида 114 та, қишлоқ хўжалигида 79 та лойиҳа татбиқ этилди.

Президентимизнинг вилоятдаги бунёдкорлик ишлари билан танишуви Самарқанд халқаро аэропортидан бошланди.

Давлатимиз раҳбари вилоятга аввалги ташрифи чоғида 1967 йилда қурилган ушбу “ҳаво бандаргоҳи”ни модернизация қилиш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Лойиҳа доирасида янги терминал, учиш-қўниш йўлаги, тураргоҳ ва бошқа объектлар барпо этилиши белгиланган. Бугунги кунда узунлиги 3 минг 105 ва эни 60 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги қурилиши тугалланиб, ёритиш-сигнал чироқлари ва аэронавигация ускуналари ўрнатилмоқда.

Президент дастлаб халқаро авиация стандартлари асосида қурилган учиш-қўниш йўлагини кўздан кечирди.

Янги терминал замонавий дизайнга, бир соатда 1000 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Илгари бу кўрсаткич 400 нафар эди.

– Одамларга қулайлик яратиш асосий мақсад бўлиши керак. Бунинг учун “ақлли технологиялар”ни қўллаш, хизматларни арзон, сифатли, тезкор қилиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Турли ҳажмдаги самолётлар учун 24 та тураргоҳ барпо этилмоқда. Шундан учтаси “ҳаво кемалари”га музлашга қарши ишлов бериш учун мўлжалланган бўлади.

Аэропортда карго хизмати ҳам йўлга қўйилади. Давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида тўхталиб, юк ташиш рақобатбардошлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

– Карго барқарор ва манфаатли бўлиши учун доимий юк керак. Бунинг учун самолётларга хизмат кўрсатиш, юкларни ортиш ва етказиб беришни арзон ва тез йўлга қўйиб, бошқа авиакомпанияларни жалб этиш зарур. Бундан ташқари, вилоятда экспортбоп мева-сабзавотларни кўпайтириб, уларни шу карго орқали жаҳон бозорига чиқариш мумкин, – деди Президент.

Янги аэропортни жорий йил сентябрда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Шундан сўнг, у “очиқ осмон” режимида тўлиқ ишлай бошлайди. 1000 киши иш билан таъминланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йили Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган эди.

– Бу жой Имом Бухорий бобомизнинг илмига, ислом оламидаги мақомига муносиб бўлиши керак. Мамлакатимизда зиёрат туризмининг асоси аслида шу ер. Бу масканга қанча зиёратчилар келса ҳам, қулай шароит бўлиши зарур, – деган эди Шавкат Мирзиёев ўшанда.

Шунга мувофиқ, мажмуанинг янги лойиҳаси ишлаб чиқилди. Президент ҳузурида бир неча бор тақдимот қилиниб, такомиллаштирилди. Жаҳон тажрибаси ҳам ўрганилди.

2021 йил муборак Рамазон кунларида ушбу зиёратгоҳнинг қурилиши бошланди. Шу муносабат билан бу ерда нуронийлар ва зиёлилар билан учрашув бўлди.

Шавкат Мирзиёев мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни муборак Рамазон ойи билан муборакбод этди.

– Рамазон ойи – эзгу ниятлар ижобат бўладиган муқаддас ой. Бу қурилишни шу ойда бошлаётганимиз ҳам хайрли, хосиятли бўлади, қалбимизга таскин беради. Бу соҳада қилаётган ишларимиздан мақсад – исломга эътиқодимизни, аллома боболаримизга ҳурматимизни илм билан билдириш. Аждодларимизга муносиб бўлиш биз учун жуда катта бурч, – деди Президент.

Ўтган йили пандемия туфайли Рамазон ойида диний амалларни уйда бажаришга тўғри келгани ёдга олинди. Бу йил эса масжидларимиз очиқ, мўмин-мусулмонлар карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, ибодатларини адо этмоқда. Кексалар, ногирон ва ёрдамга муҳтож инсонлар, кам таъминлаган оилаларга беғараз кўмак кўрсатилмоқда. Айниқса, бутун дунё оғир инқирозни бошидан кечираётган ҳозирги мураккаб вазиятда бу жуда муҳимлиги таъкидланди.

– Муқаддас динимиз бизни инсонпарварликни, тинчлик ва осойишталикни қадрлаб яшашга, меҳр-оқибатли бўлишга даъват этади. Мана шундай тушунча ва қараш билан ҳар бир оила ва маҳаллада, бутун жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга эриша оламиз. Такрор айтаман, тинчлик ва соғлик бўлса, қолган ҳамма нарса бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Иш ўринларини кўпайтириб, аҳоли фаровонлигини ошириш, турмуш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида сўз юритилди.

– Тўрт йиллик изланиш, янгиланиш ва синовлардан ўтиб, катта тажриба орттирдик. Халқимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган ишларимиз бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади. Рамазон ойининг олижаноб ғоялари, муқаддас амаллари ҳам ана шундай эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришда мустаҳкам замин бўлади, – деди Президент.

Қуръон оятларидан ўқилиб, дуо қилинди.

Давлатимиз раҳбари мажмуада амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.

Бу ерда катта масжид, тўртта симметрик минора, баланд айвонлар, йўлдан кириб келишда хиёбон бўлади. Кўп сонли зиёратчиларга замонавий қулайликлар яратиш учун 7 та меҳмонхона, 3 та автотураргоҳ ва автобекат, супермаркет, бозорча барпо этилади. Шунингдек, ошхоналар, ҳунармандчилик буюмлари растаси, ҳаммом, таҳоратхона, кушхона қурилиши белгиланган.

Маълумки, Президент ташаббуси билан 2019 йилда бу ерда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактаби ташкил этилган эди. Қурилажак янги мажмуа улар билан мутаносибликда улкан маскан ҳосил қилади. Энди бу ерда зиёратчилар учун ҳамма шароитлар бўлади.

Давлатимиз раҳбари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди.

Марҳумнинг ҳақига Қуръон тиловат этилди.

Ўтганларни яхши амаллари билан эслаш, руҳларини шод этиш муқаддас қадриятларимиздандир. Уламолар билан суҳбатда Ислом Каримовнинг ана шундай инсоний фазилатлари ёдга олинди.

– Ислом Абдуғаниевич камтар инсон эдилар. Бу мақбара ҳам ўзларига муносиб бўлган. Бу ерга меҳр берганмиз. Биринчи Президентимиз бошлаган ишларни давом эттираяпмиз. Руҳлари шод бўлсин, илоҳим, – деди Шавкат Мирзиёев.

Аллоҳдан юртимизга тинчлик-фаровонлик, халқимизга саломатлик тилаб дуо қилинди.

Самарқанд – қадимий шаҳар. Унинг тарихий қиёфасини сақлаш муҳим бўлганидек, аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжи учун шароит яратиш ҳам керак. Шу боис шаҳар чеккасидаги Қорасув мавзесида кўп қаватли замонавий уй-жойлар бунёд этилмоқда.

Ҳозир шаҳарнинг учта ҳудудида шундай аҳоли турар жойлари ташкил этиш белгиланган бўлиб, Қорасув уларнинг дастлабкисидир. Шу вақтга қадар Самарқанд шаҳрида 12 қаватдан юқори бинолар қурилмаган. 2018 йилдан мазкур массивда замонавий шаҳарсозлик андозалари асосида кўп қаватли уйлар қурилишига киришилганди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилда вилоятга ташрифи чоғида бу ердаги дастлабки уйларни кўздан кечириб, янги лойиҳалар тақдимоти билан танишган эди. Ўтган даврда бу лойиҳалар ҳаётга кўчди. “Agromir Buildings” масъулияти чекланган жамияти томонидан мавзеда 16, 15, 14 ва 12 қаватли жами 47 та турар жой қурилди. Уларда 3 минг 588 та хонадон бор.

Турар жойларнинг фасади уч қаватли қопламадан иборат бўлиб, бу хонадонлар қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди. Биноларга видеокузатув тизими, юқори технологияли ёнғин хавфсизлиги ускуналари ўрнатилган. Ҳар бир хонадон алоҳида иситиш қозони билан жиҳозланган. Уйлар эгаларига тайёр ҳолда топширилмоқда.

Умуман, Қорасув мавзесида қурилган кўп қаватли уйлар сони бугунга келиб 116 тага етди. Шунингдек, бу ерда 1 минг 600 ўринли мактаб, 120 ўринли болалар боғчаси, маҳалла фуқаролар йиғини биноси, савдо дўконлари, ўйин ва спорт майдончалари барпо этилган.

Жорий йилда яна 7 та 16 қаватли, 2 та 25 қаватли уйлар қурилмоқда.

Мутахассислар кўп қаватли турар жойлар қурилиши бўйича концепция ишлаб чиққан бўлиб, бунда сейсмик устуворлик юқори ҳисобланади. Қорасув массиви 8 балли сейсмик ҳудудга киради. Янги биноларни қуришда бу каби техник талаблар ҳисобга олинган ҳолда, 9 балли зилзилага чидамли қилиб бунёд этиляпти.

Давлатимиз раҳбари уй-жойлар ва инфратузилма тармоқларининг сифатига алоҳида эътибор қаратди. Қурувчи ташкилотнинг сифат учун масъулияти ва жавобгарлигини янада кучайтирадиган механизм ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

– Ривожланган давлатлардагидек уйлар қуришни ўзлаштирдик, энди хизмат кўрсатишни ҳам шунга яраша яхшилаш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Чет эл тажрибаси асосида сервис турларини кенгайтириш, кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи корхона ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус пункт ташкил этиш юзасидан тавсиялар берилди.

Шу ерда Самарқанд шаҳри Бош режаси ва шаҳар ҳудудини кенгайтириш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Хусусан, Ширин маҳалласида 90 минг аҳоли учун янги шаҳарча лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳозир бу ерда 1 минг 788 та якка тартибдаги уй-жой бор. Янги лойиҳа бўйича турли ижтимоий соҳа объектлари, замонавий кўп қаватли уйлар бунёд этилиб, ҳудуд қиёфаси тубдан ўзгаради.

Шунингдек, шаҳарнинг темир йўл орти ҳудудида жойлашган, етти мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган “Меҳнат”, “Матонат” ва “Майсазор” маҳалла фуқаролар йиғинларида кўп қаватли турар жойлар, дам олиш масканлари, ижтимоий соҳа объектлари қурилиши лойиҳалари ҳам ўзига хос архитектура талаблари, янгича дизайн ва қулайликларни ўзида жамлаган. Бу ишларнинг амалга ошиши билан ҳудудда 13 мингдан ортиқ аҳоли учун 208 та кўп қаватли уй-жойлар ва бошқа объектлар қад ростлайди. Мақсад аҳоли учун қулайлик яратиш, инфратузилмасини яхшилаш ва Самарқандни миллионли шаҳарга айлантиришдир.

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд туманида барпо этилаётган туризм маркази қурилишини кўздан кечирди.

Ушбу мажмуа Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида, 212 гектар майдонда қурилмоқда. Лойиҳага кўра, бу ерда 10 та иншоот, жумладан, конгресс холл, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари бўлади.

Айни пайтда конгресс холл, “Абадий шаҳар” карвон саройи ва 8 та меҳмонхона бунёд этилмоқда. Меҳмонхоналарнинг иккитаси 22 қаватли, беш юлдузли, қолганлари тўрт юлдузли бўлади.

Маълумки, Самарқандда меҳмонхоналар кўп бўлишига қарамай, сайёҳлар оқими кўпайганда ўринлар етишмай қолади. Масалан, 2019 йилда шаҳардаги барча отеллар банд бўлган. Давлатимиз томонидан туризм ривожига катта имкониятлар яратилаётгани, 90 га яқин мамлакат фуқароларига визасиз режим жорий қилингани сайёҳларни янада кўпроқ жалб этмоқда.

Қурилаётган марказ туристик хабга айланади. Бу ерда халқаро анжуманлар ўтказиш учун ҳам кенг шароит бўлади. Уни 2022 йилда фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Президентимизга мазкур янги сайёҳлик маркази имкониятлари, сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар ҳақида маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари марказ бошқарувини самарали ташкил этиш, туризм соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича топшириқлар берди.

Шу ерда Самарқанднинг туризм инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари тақдимот қилинди.

Самарқанд шаҳрида илк бор гастрономик кўча, Самарқанд тумани “Конигил” маҳалла фуқаролар йиғинида юртимиздаги биринчи туризм қишлоғи ташкил этилди. Бундай масканлар сайёҳларнинг вилоятда қолиш вақтини узайтириш билан бирга, ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолига даромад манбаи яратишда муҳим омил бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари мазкур туристик марказни шаҳар билан боғлайдиган йўл ўтказгични бориб кўрди, Уста Умар Жўрақулов ва Афросиёб кўчаларида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги фармонига асосан ташкил этилган мазкур иқтисодий зона мавжуд хомашё ва инфратузилмадан самарали фойдаланиб, қишлоқ жойларда саноатни ривожлантириш, иш ўринлари очишда муҳим ўрин тутмоқда.

Бугунги кунда “Ургут” эркин иқтисодий зонасида қиймати 402 миллион доллардан зиёд 84 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. 313 миллион долларлик 55 та лойиҳа бўйича ишлаб чиқариш бошланган, уларда 4 минг 328 та киши меҳнат қилмоқда. Ушбу корхоналар томонидан газ плиталари, енгил саноат ва чарм-пойабзал товарлари, гиламлар, гигиена воситалари, электр техникаси буюмлари каби 220 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 2020 йилда 1,2 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 30 миллион долларлик экспорт қилинган.

Президентимиз иқтисодий зона ҳудудидаги “Kamalak Tekstil” корхонаси фаолияти билан танишди. Ургут туманининг Мерганча массивида жойлашган ушбу ширкатда гилам ва тафтинг, ковролин маҳсулотлари, синтетик ип ва сунъий чим ишлаб чиқарилмоқда.

Корхонага Бельгия, Швейцария, Австрия, Франция ва Германия давлатларининг замонавий, энергия тежовчи ускуна ва жиҳозлари ўрнатилган. 328 та иш ўрни яратилган. Ўтган йили бу ерда тайёрланган 170 миллиард сўмлик маҳсулотнинг 59 фоизи ички бозорга, 41 фоизи хорижга сотилган. Жорий йилда 7,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган.

Маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, бошқа туманларда ҳам шундай корхоналар ташкил этиб, иш ўринларини кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди.

Президент “Сам электро сервис” масъулияти чекланган жамияти маҳсулотларини ҳам кўздан кечирди.

Корхона “Идеал” бренди остида йилига 260 минг дона электр духовка, 150 минг дона газ плиталари ва улар учун қўшимча буюмлар ишлаб чиқариш қувватига эга. Унга Германия, Туркия ва Хитойдан замонавий, энергия тежовчи ускуна ва жиҳозлар келтириб ўрнатилган.

2020 йилда умумий қиймати 58 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, унинг 32 фоизи хорижга экспорт қилинган. Жорий йилда 2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш кўзда тутилган.

Маҳсулот турларини кенгайтириш, замонавий электр техникалари ишлаб чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича мутахассислар тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.

“Ургут” эркин иқтисодий зонасида айни пайтда қиймати 90 миллион долларлик 29 та лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳалар ишга туширилиши натижасида яна 2 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.

Бундан ташқари, қиймати 144 миллион долларлик 21 та қўшимча лойиҳа шакллантирилган, 206 миллион долларлик 33 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари иқтисодий зона имкониятларидан самарали фойдаланиш, янги ва истиқболли лойиҳаларни кўпайтириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

Шу ерда самарқандлик нуронийлар билан мулоқот бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги “Sag Agro” масъулияти чекланган жамиятининг “In vitro” лабораториясини бориб кўрди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш мақсадида лабораториялар ташкил этилмоқда. “Sag Agro” масъулияти чекланган жамиятининг лабораторияси ана шундай замонавий мажмуалардан бири.

Умумий қиймати 2,6 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур лойиҳа 2019 йил ишга туширилган. Натижада илгари хориждан олиб келинган мевали ва манзарали дарахт кўчатларини маҳаллий шароитда тайёрлаш йўлга қўйилган.

Бу усул икки жиҳатдан жуда муҳим. Биринчиси, четдан келтирилаётган кўчатлардаги турли касалликларнинг юртимизга кириб келиши ва тарқалишининг олди олинади. Иккинчиси, маҳаллий лабораторияда етиштирилган кўчатлар хорижникига нисбатан бир неча баробар арзон бўлади. Масалан, шу пайтгача чет элдан олиб келинган ёнғоқ кўчатининг бир донаси 5 доллардан 20 долларгача бўлган бўлса, бу ерда етиштирилаётгани 3-3,5 долларни ташкил этади.

Агрокимё ва тупроқшунослик лабораторияси ҳам ишга туширилган бўлиб, тупроқ, сув ва барг намуналарини ўрганиш йўлга қўйилган. Бунинг самарадорлиги шундаки, боғдорчилик хўжаликларининг тупроқ шароити ўрганилиб, унга мос кўчатлар тавсия қилинади. Натижада кўчатлар хатосиз униб, мўл ҳосил етиштирилади.

“In vitro” учун 24 гектар ер ажратилган бўлиб, 2 гектарда замонавий иссиқхона барпо этилган. Яна 3 гектар майдонда янги иссиқхона қуриш режалаштирилган. Қолган майдонда эса мамлакатимизда учрамайдиган 65 хил мевали дарахтлар кўчати олиб келиниб, парвариш қилинади.

Лабораториянинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 15 миллиондан 20 миллион донагача пайвандтаг ҳамда пайвандланган кўчатлар етиштириш имконини беради. Айни пайтда бу ерда ёнғоқ, бодом, шафтоли, гилос, ўрик, нок, олма каби экспортбоп меваларнинг касалликдан холи, иқлим шароитимизга мос кўчатлари етиштирилмоқда.

– Бу қўшилган қиймат яратишда инқилобий усул. Биз ўттиз йил шунга интилдик. Илмий ёндашув билан самарадорликни ошириш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Жорий йил 2 миллион дона турли мевали ва манзарали кўчат етиштириш режалаштирилган. Йил якунига қадар, шунингдек, 500 минг дона ёнғоқ ва бодом кўчатларининг истиқболли мева пайвандтаглари қилинади.

Лаборатория 2024 йилда тўлиқ қувват билан ишлаши ҳисобига бу ерда йилига 20 миллион дона кўчат етиштириш йўлга қўйилади. 2023 йилдан кўчатлар экспортга чиқарилиши режалаштирилган. Ушбу лаборатория ва иссиқхонада 140 та янги иш ўрни яратилган.

Давлатимиз раҳбари ёш мутахассислар билан суҳбатлашди.

– Келажагимиз – сизларнинг илмингиз. Ҳозирги давр талабини кўраяпсизлар. Мен ёшлар форумида айтганимдек, илм ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик. Шундай экан, кўпроқ ўқинглар. Бугун қайси ёш ўзини қийнаб, билим олиб, тажриба орттирса, келажакда албатта натижаси бўлади, – деди Президент.

Шу ерда вилоят қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Ўзбекистонда пистанинг янги серҳосил 12 нави яратилиб, давлат рўйхатидан ўтказилди. Ўрмон хўжалиги тизимида павлония етиштириш ҳажми кенгайтирилиб, ундан мамлакатимизда биринчи марта мебель ишлаб чиқарилди. Павлониянинг лаванда, годжи каби маҳаллий иқлим шароитида мос 8 та турини етиштириш йўлга қўйилди.

Давлатимиз раҳбари павлония дарахти етиштиришни кўпайтириш, бу борада Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш, зарур маблағ ажратиш бўйича топшириқ берди.

Ўрмон хўжалиги ерларини келгусида узоқ муддатли ижарага бериш орқали маҳсулот етиштиришни кўпайтириш, янги иш ўринларини яратиш зарурлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Матназар Элмуродов,

Зиёдулла Жонибеков,

Абдулазиз Мусаев,

Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,

Ғолиб ҲАСАНОВ,

ЎзА мухбирлари