Самарқандда Осиё хотин-қизлари форуми ўз ишини бошлади
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Бугун Самарқанд шаҳрида "Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув" мавзусида Осиё хотин-қизлари форуми ўз ишини бошлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Форумнинг мақсади минтақа мамлакатлари етакчи аёлларининг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг давлат ва жамият бошқаруви ҳамда иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш борасида тажриба алмашишдан иборат.
Мазкур анжуманни ўтказиш ташаббуси мамлакатимиз Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида илгари сурилган эди.
Форум ишида Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё мамлакатлари парламентларининг аёл аъзолари, ҳукуматлари раҳбарлари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ишбилармон аёллар, сиёсатшунослар, ижтимоий соҳа фаоллари, олимлар, иқтисодиёт тармоқлари ва турли соҳалар вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуман доирасида хотин-қизларнинг фан, таълим ва инновацион фаолиятдаги иштироки ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланиши, ҳозирги глобал иқтисодиётда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш орқали камбағалликни камайтириш, тадбиркорлик, етакчилик ва инновацияларга жалб этиш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда хотин-қизларнинг иштироки масаласи кўриб чиқилади. Хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, гендер тафовутни бартараф этиш, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Иштирокчилар, шунингдек, БМТнинг Хотин-қизлар мақоми бўйича комиссиясининг 68-сессияси қарорларининг амалий ижроси, аёлларнинг бизнес ва жамиятдаги иштироки учун иқтисодий имкониятларни рағбатлантиришда парламентларнинг роли, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг минтақа хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги ролини муҳокама қиладилар.