Сенат раиси Қатар Шўро Кенгаши раиси билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

БМТнинг кам ривожланган мамлакатлар бўйича юқори даражадаги 5-конференциясида иштирок этиш учун Қатарда амалий ташриф билан бўлиб турган Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ушбу давлат Шўро Кенгаши (Маслаҳатлашув кенгаши) Раиси Хасан бин Абдулла ал-Ғаним билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон – Қатар муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, жумладан парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда томонларнинг халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлиги муҳокама қилинди.
Суҳбат давомида айни пайтда парламентлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар икки мамлакат салоҳиятига жавоб бермаслиги, уни мустаҳкамлашда ҳали ишга солинмаган имкониятлар мавжудлиги таъкидлаб ўтилди. Шу нуқтаи-назардан келиб чиқиб, учрашув чоғида қатор таклифлар ўртага ташланди. Делегациялар алмашинуви орқали парламентлар, қўмиталар ва дўстлик гуруҳлари раҳбарлари даражасида мулоқотни фаоллаштириш, парламентлараро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳаракатларни мувофиқлаштириш хамда қўшма ташаббусларни илгари суриш шулар жумласидандир.
Шунингдек, турли соҳалардаги ҳамкорликни назарда тутувчи икки томонлама ҳужжатларни ратификация қилишни жадаллаштириш бўйича мулоқотлар изчиллигини таъминлаш ва уларнинг биргаликдаги мониторингини олиб бориш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
— Биз Қатар парламенти билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири деб, ҳисоблаймиз. Парламентлараро мулоқотимизни фаоллаштиришда «дўстлик гуруҳлари» муҳим ўрин эгаллайди. Қатар Маслаҳат Кенгашида 2022 йил март ойида «Қатар-Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи таъсис этилганини мамнуният билан қабул қилдик. Дўстлик гуруҳларимиз ўртасида мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш тарафдоримиз, — дея таъкидлади Сенат Раиси.
Ўз навбатида Хасан бин Абдулла ал-Ғаним Ўзбекистон тарихан ислом цивилизациясига ниҳоятда катта ҳисса қўшган буюк алломалар юрти эканлигини алоҳида эътироф этиб, Қатар учун Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Бу борада иккала давлатнинг муштарак саъи-ҳаракатларини бирлаштиришда парламентлараро алоқаларни янги даражада мустаҳкамлашга тайёр эканлигини билдирди.
Конструктив ва амалий руҳда ўтган мулоқот чоғида Ўзбекистон – Қатар ҳамкорлигининг бошқа йўналишлари, жумладан, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокамалар марказида бўлди. Қатар томони мамлакатларимиз ўртасида зиёрат туризмини ривожлантииш юзасидан ўз таклифларини билдирди. Маълумот ўрнида айтиш лозим, 2022 йил якунига кўра мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 4,8 млн долларни ташкил қилган.
Учрашув якунида Сенат Раиси Қатар давлати Шўро Кенгаши Раисини Ўзбекистонга ташриф қилишга таклиф қилди.
«Дунё» АА