Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси 28 май куни бўлиб ўтади
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Кеча Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Кенгаши парламент юқори палатасининг йигирма олтинчи ялпи мажлисини 28 май куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Сенат Ахборот хизматининг маълумотига кўра, видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтадиган ялпи мажлисда қатор масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги, “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги, “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, сенаторлар томонидан иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам муҳокама этилади.
Шунингдек, енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини ҳам кўриб чиқиш назарда тутилган.
Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг 2021 йил ва 2022 йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини ҳам эшитиш режалаштирилган.
“Дунё” АА