СМТИ директори Элдор Aрипов: Ўзбек ва италян халқлари ўртасидаги муносабатлар кўп асрлик дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларга эга
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистоннинг етакчи тадқиқот ва таҳлилий марказлари раҳбарлари ва ходимларидан иборат мамлакатимиз делегациясининг Римга ташрифи доирасида Италиянинг Осиё ва Aфрика Ўрта ер денгизи институтида (ISMAA) учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Осиё ва Aфрика Ўртаер денгизи институти 2017 йилда ташкил этилган нотижорат таҳлил маркази ҳисобланади. Институтнинг мақсади Италия, Осиё ва Aфрика мамлакатлари ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш, иқтисодиёт ва маданият, фан ва тадқиқот соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдан иборат.
Тадбирда Италиянинг Ташқи ишлар вазирлиги, етакчи компаниялари, илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, шунингдек, ISMAA экспертлари иштирок этди.
Учрашув иштирокчиларининг вакиллик таркиби Ўзбекистон-Италия муносабатларини чуқурлаштириш масалалари, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, Брюссел ва Римнинг минтақа барқарор ривожланишини таъминлашдаги ролини атрофлича муҳокама қилиш имконини берди.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Aрипов таъкидлаганидек, халқларимиз ўртасидаги муносабатлар кўп асрлик дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларга эга. Бугунги кунда мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорлиги янги мазмун билан тўлдирилиб, вазирлик ва идоралар, ҳудудлар даражасида, шунингдек, Ўзбекистон ва Италия ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорлик изчил кенгаймоқда.
СМТИ директори минтақавий ҳамкорлик ҳақида гапирар экан, бугунги кунда Марказий Осиё тобора мустаҳкамланиб, ички ва ташқи таҳдидларга чидамли бўлиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Элдор Aрипов Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолатига алоҳида баҳо берар экан, икки минтақа ўртасидаги кўп томонлама мулоқот сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.
Бугунги кунда ЕИ минтақанинг асосий савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан бири ҳисобланади. Марказий Осиёдаги умумий ташқи савдо ҳажмининг учдан бир қисмидан ортиғи, шунингдек, барча жалб қилинган инвестицияларнинг 40 фоизга яқини Европа Иттифоқи ҳиссасига тўғри келади.
Ўз навбатида, Италия томони сўнгги йилларда Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёда рўй бераётган ижобий ўзгаришларга расмий Рим томонидан катта қизиқиш борлигини тасдиқлади.
Италиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Рикардо Манар таъкидлаганидек, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бутун минтақага сезиларли таъсир кўрсатмоқда. «Барқарорлик ва аниқлик» Ўзбекистон шарофати билан бутун Марказий Осиё минтақасининг ўзига хос белгисига айланиб бормоқда. Италия уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва минтақанинг барқарор ривожланиши учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр.
Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Осиё ва Aфрика Ўрта ер денгизи институти ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.
Ҳужжат доирасида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, уларнинг натижаларини нашр этиш, икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалаларига бағишланган конференция ва давра суҳбатлари ўтказиш режалаштирилган.
ТОШКЕНТ, 2 июнь. /«Дунё» АА/.