Такаси КАВАМУРА: Ўзбекистон нафақат бой ўтмиши, балки замонавий тараққиёти билан японларни ҳайратга солмоқда
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Ўзбекистон делегациясининг Японияга расмий ташрифи арафасида Нагоя шаҳри мэри Такаси Кавамура юртимизда бўлиб, Кунчиқар мамлакат билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича музокаралар ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.
16 декабрь куни Такаси Кавамура мамлакатимизга ташрифини якунлаб, Нагояга қайтиб келди. Тюбу халқаро аэропортида Нагоя шаҳри мэри сафар таассуротлари ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Ўзбекистонга ташрифим жуда самарали бўлди. Шахсан Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, Япония билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдик. Учрашувда қатор йўналишларда, жумладан, таълим, туризм, шаҳарсозлик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳақида атрофлича фикр алмашдик.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган музокараларда ўзбекистонлик талабаларни Японияда ўқитиш, юртингизга япониялик сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида чартер рейслар ташкил этиш, Нагоя ва Тошкент ўртасида ҳамкор шаҳарлар битимини имзолаш, Тошкентда Нагоя боғини очишга келишилди.
Нагоя саноат, индустрия маркази бўлгани боис бизнес, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, япон компанияларининг Ўзбекистон билан алоқаларини мустаҳкамлаш истиқболли саналади. Ўзбекистон раҳбарининг Японияга расмий ташрифи доирасида Нагояда ҳам бўлиши биз учун катта шараф. Ташриф давомида икки мамлакат илмий ва академик доиралари вакилларининг учрашувлари, Нагоя ва Тошкент ўртасида ҳамкор шаҳарлар битимини имзолаш, бошқа қатор тадбирлар кўзда тутилган. Булар мамлакатларимизнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигида муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистонга сафарим давомида Самарқанд ва Хива шаҳарларида ҳам бўлдим. Бу шаҳарлар қадимда савдо-сотиқ ва маданий мулоқот марказлари сифатида бутун Шарқни қизиқтириб келган. Мени ҳайратлантирган жиҳати, бу кентлар бугунги кунда ҳам жозибасини йўқотмаган. Ушбу шаҳарларга борган киши ўзини қадимги даврларга бориб қолгандай ҳис қилади.
Тўғри, Нагояда ҳам тарихий обидалар кўп. Аммо улар ёғочдан бунёд этилгани учун кўпи ёнғинлардан омон чиқмаган. Сизларда иморатлар тош ва лойдан қурилгани учун бир неча юз ва минг йиллик обидалар кўп. Бу ҳам халқингизнинг шаҳарсозликда бой анъаналарга эга эканидан далолат.
Машҳур япон рассоми Икуо Хираяманинг “Саҳродаги ой” номли картинаси бор. Ушбу асарга атаб қўшиқ ҳам басталанган. Унда қадимий Буюк ипак йўли марказидаги Ўзбекистон, сафар қилаётган туялар ҳақида куйланади. Мен ҳам юртингизга сафарим давомида жаннатмакон Ўзбекистонга берилган таърифлар бежиз эмаслигига гувоҳ бўлдим. Хивада очиқ осмон остида сақланаётган бетакрор музей шаҳар – Ичан қалъадаги обидаларни кўриб, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Хоразм вилояти ҳокимлиги кўмагида тайёрлаган маданий дастурларни томоша қилиб Ўзбекистон бугунги кунда ҳам Шарқ гавҳари, деган хулосага келдим.
Ўзбекистон нафақат бой ўтмиши, балки замонавий тараққиёти билан японларни ҳайратга солмоқда. Мамлакатларимизни кўп асрлик дўстлик ришталари боғлаб турибди. Президентингизнинг Японияга ташрифи ана шу дўстликни мустаҳкамлаб, янада юқори босқичга олиб чиқиши муқаррар.
UzA