Ташқи ишлар вазирлигида Словакиянинг янги тайинланган элчиси билан учрашув бўлиб ўтди

Ташқи ишлар вазирлигида Словакия элчиси этиб тайинланган Виктор Борецкий билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда « Дунё » АА

Ўзбекистон-Словакия муносабатларини янада ривожлантириш масалалари ҳамда яқин келажакда режалаштирилган қўшма тадбирлар муҳокама қилинди.

Томонлар ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлигини қайд этдилар.

Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича идоралараро комиссиянинг биринчи мажлисини ўтказиш ҳамда икки мамлакат парламентлари вакилларининг ташрифларини алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунлари бўйича турли соҳаларда, хусусан, таълим, ташқи меҳнат миграцияси, автомобилсозлик ва бошқа соҳаларда ўзаро алоқаларни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.
« Дунё » АА