Транспорт вазирлиги: хусусий туроператор хориждаги фуқароларни ватанга қайтариш бўйича тижорий чартер қатновларни амалга оширмоқда
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги хориждаги фуқароларимизни ватанга қайтариш бўйича амалга оширилаётган иш бўйича расмий баёнот берди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«Хабарингиз бор, коронавирус пандемияси туфайли бугунги кунда давлатлар ўртасида транспортнинг барча турларида йўловчи ташиш жараёнини амалга ошириш чекланган. Эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда йўловчилар оқими энг кўп ҳаракатланадиган мунтазам темир йўл ва авиақатновларни амалга ошириш ҳам тўхтатилган. Мазкур вазиятда хориждаги фуқароларимизни ватанга қайтариш учун эса Pеспублика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ мунтазам равишда чартер репатриация рейслар ташкил этилмоқда.
Шунингдек, Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 7 июлдаги 33-сон баёнига мувофиқ карантин даврини меҳмонхоналарда ўтказиш шарти билан туроператорлар ёки авиакомпанияларнинг мурожаатига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахсларни санитария-эпидемиология талабларига қатъий риоя қилган ҳолда олдиндан фуқароларни меҳмонхонагача кузатув ва меҳмонхонада жойлаштириш хизматларини ташкил қилиш ҳисобига республиканинг барча халқаро аэропортлари орқали етказиб келиш бўйича тижорий чартер қатновларини ташкил қилишга рухсат берилган.
Бугунги кунда “Atlanta Air”, “Asia Lux”, “Oltin Vodiy”, “Anzur Travel”, “Real Avia Business”, “Don Avia Trans”, “Jalolquduq avia trans”,“Otpusk.uz” каби йигирмадан ортиқ хусусий туроператор томонидан қатор йўналишларда тижорий чартер қатновлари амалга ошириб келинмоқда. Туроператорлар томонидан ташкил этилган тижорий чартер қатновлар орқали шу бугунги кунга қадар 3 минг нафардан ортиқ фуқаро Ўзбекистонга олиб келинди.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда хориждаги фуқароларни Ўзбекистонга олиб келиш мақсадида ташкил этилаётган чартер репатриация рейслари чипталари жуда қиммат нархларда сотилаётгани юзасидан турли хабарлар тарқалмоқда. Мазкур масала таҳлил қилинганда, бу каби хабарларни қолдираётган фуқаролар аслида айнан туроператорлар томонидан амалга оширилаётган тижорий чартер қатновлар чипта нархлари хусусида фикр билдираётгани ойдинлашмоқда.
Шу ўринда Транспорт вазирлиги туроператор ва авиакомпаниялар томонидан ташкил этилаётган тижорий чартер қатновларининг Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ ташкил этилаётган чартер репатриация рейсларга алоқаси йўқ эканини яна бир бор эслатиб ўтади.
Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ, “Uzbekistan airways” авиакомпанияси томонидан амалга оширилаётган чартер репатриация рейсларининг чипта нархлари энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган йўналишлар Москва – Тошкент 397 АҚШ доллари, Истанбул – Тошкент 353 - 400 АҚШ доллари, Дубай – Тошкент 366 АҚШ доллари миқдорида бир томонга реализация қилинмоқда.
Шу ўринда йўловчилардан тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида авиачипталарни сотиб олишни тезлаштириш бўйича ўз хизматларини таклиф этаётган шубҳали шахслардан ёрдам сўрамаслигини сўраймиз.
Туроператор ва авиакомпаниялар томонидан ташкил этилаётган тижорий чартер рейсларининг нисбатан қимматлиги эса қуйидаги омиллар билан боғлиқ;
қатнов амалга оширилаётган давлатнинг талаби билан аксарият ҳолларда парвознинг бир томонга бўш (йўловчиларсиз)амалга оширилаётгани;
самолётларнинг ижара пули;
йўналиш масофаси ва нечта давлатлар ҳаво кенглиги ҳудудларидан учиб ўтиши;
аэронавигацион хизматлар;
аэропорт ер усти хизматлари ва йиғимлари;
олиб келинган йўловчиларни аэропорт ҳудудидан меҳмонхонага транспортда етказиб қўйиш;
меҳмонхонада карантин қоидаларига риоя этган ҳолда бўлишни назорат қилишни ташкил этиш;
тиббий ва санитария хизмати харажатлари;
ПЦР тестларини олиш қиймати ва бошқа молиявий харажатлар.
Транспорт вазирлиги туроператор ва авиакомпаниялар томонидан ташкил этилаётган тижорий чартер рейсларининг чипта нархларини шакллантириш ва белгилаш жараёнларида иштирок этмайди».
«Дунё» АА