Туркия компанияси Ўзбекистонда шамол генераторлари учун миноралар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда

Кеча Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Нозим Холмуродов Туркиянинг « Cimtas Steel » компанияси делегацияси билан учрашди, деб хабар бермоқда « Дунё » АА мухбири.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, ушбу компания қайта тикланадиган энергетика соҳасида фойдаланадиган электр стансиялари учун дунёдаги энг йирик ускуналар етказиб берувчилардан бири ва Туркиядаги шамол генераторлари учун миноралар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган биринчи компания ҳисобланади.

Музокаралар давомида компаниянинг Ўзбекистонда шамол электр станциялари учун миноралар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича таклифининг ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди.

« Cimtas Steel » вакиллари мамлакатимизда жорий қилинган инвестициявий муҳит, хорижий инвесторлар учун тақдим этилаётган имтиёз ва преференсиялар билан танишишгач, шамол турбиналари учун ускуналар етказиб бериш ва миноралар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни компаниянинг Озбекистондаги фаолиятининг энг мақбул ва самарали йўналишлари сифатида белгилаб олдилар.

Музокаралар якунида компания вакиллари кейинчалик маҳсулотларни Марказий Осиё мамлакатларига экспорт қилиш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда Тошкент вилоятида шамол турбиналари учун миноралар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишга қизиқиш билдирдилар. Ўз навбатида, Вазирлик раҳбарияти компаниянинг инвестиция лойиҳасини амалга оширишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

« Дунё » АА