Ўш шаҳрида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги давлат академик ўзбек мусиқали драма театрининг капитал таъмирланган биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

24 апрель куни Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театрининг капитал таъмирланган биносининг фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирга Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.
Икки қўшни халқ санъат, театр, ижод аҳли, олимлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тантанали тадбирда Қирғистон расмий вакиллари Қирғиз ҳукумати ва халқи номидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга театрни таъмирлашда кўрсатилган ёрдам учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, ушбу қўллаб-қувватлаш икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Хусусан, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдиль Байсалов ўз нутқида мазкур театр икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва узоқни кўра билиши туфайли эришилган тарихий яқинлашиш ва Қирғизистон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги муносабатларнинг алоҳида илиқлиги даврида очилганини таъкидлади.
«Рамзий аҳамияти шундаки, ушбу тадбир икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги тадбирлари доирасида бўлиб ўтмоқда, - деди у. - Халқларимизни дўстлик ва қардошлик ришталари боғлаб туради. Бугун икки давлат етакчилари жадал ривожланиш ва миллий юксалиш, ўзаро чуқур ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар интеграцияга киришдилар. Ушбу театр ҳам икки томонлама маданий алоқаларни ривожлантиришда кўприк бўлиб хизмат қилади».
Ўзбекистон делегацияси раҳбари, маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ўз чиқишида театр санъати ихлосмандларини янгиланган маданият гўшаси билан табриклади.
«Бугун улуғ ва тарихий кун, ҳар бир ўзбек ва қирғиз қалбида бир умр қоладиган дамлар. Чунки Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри 100 йилдан ошиқ вақтдан бери халқларимиз маданий алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда, - деди Ўзбекистон маданият ва туризм вазири.- Бугунги кун Ўзбекистон Президентининг сиёсий иродаси туфайли ўтган 5-6 йил мобайнида икки халқ манфаатлари йўлида қилинган жуда катта ислоҳотларнинг натижаси дейишимиз мумкин. Ижодкор сифатида мен учун ҳам бу театр жуда қадрли. Чунки бу ерда бир неча маротаба концерт берганман. Бундан кейин ҳам ушбу саҳнада ўзбек санъатини тарғиб этишда давом этамиз».
Тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан «Турксой» Бош котиби Султон Раев Қирғизистонда театр санъати ривожига қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон раҳбариятига ва халқимизга миннатдорлик билдирди. Шунингдек, ушбу театрнинг очилиши ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик рамзи бўлиб қолиши ҳамда икки қардош халқ манфаати учун узоқ вақт хизмат қилиши қайд этилди.
Очилиш тадбирида қурилиш-таъмирлаш ишларини сифатли ва белгиланган муддатларда якунлаган ўзбекистонлик қурувчиларнинг хизматлари алоҳида эътироф этилиб, уларга миннатдорчилик билдирилди, илғор қурувчиларга совға-саломлар топширилди.
Қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши билан Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри биноси бутунлай янгича қиёфага, замонавий, кўркам, муҳташам кўринишга эга бўлди. Ижодий жамоа ҳамда томошабинлар учун зарур барча шароитлар яратилди.
Тадбир қирғизистонлик санъат усталари, бадиий жамоалар томонидан катта концерт дастури ҳамда кирғиз ва ўзбек театр артистлари иштирокида саҳналаштирилган «Айрилиқ» спектакли намойиши билан якунланди.
БИШКЕК, 26 апрель. /«Дунё» АА/