Ўзбекистон Қуролли кучлари бўлинмаси Москвада ўтказилган Ғалаба парадида мамлакатимизни муносиб тақдим этди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Бугун Тошкент вақти билан соат 12.00 да Москва шаҳрининг Қизил майдонида Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тантанали ҳарбий парад бошланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Анъанага кўра ҳар йили 9 май куни Россия пойтахтида ўтказиб келинаётган ҳарбий парад янги коронавирус пандемияси сабабли кейинроқ муддатга қолдирилган эди. Эпидемиологик ҳолат яхшиланиши муносабати билан ушбу улуғ санага бағишланган байрам тадбири 24 июнь куни ўтказилиши эълон қилинди.
Қизил майдон минбарида парад меҳмонлари учун масофавий хавфсизлик таъминлаган ҳолда 2 минг 328 та ўриндиқ ҳозирланди. Москвадаги тантанали тадбирда иштирок этиш учун қатор давлатлар раҳбарлари ташриф буюрди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Фахрий меҳмонлар учун тайёрланган минбардан туриб, Ғалаба парадини кузатди.
Парадда саф тортган Шокир Хайиров бошчилигидаги Ўзбекистон Қуролли кучлари бўлинмаси Қизил майдон бўйлаб тантанавор шахдам қадам ташлаб ўтди. Бу ўзбекистонлик ҳарбийларнинг Ғалаба парадидаги биринчи иштироки бўлди.
Инсоният тарихида энг қонли қирғинбарот урушда жон олиб, жон берган ота-боболаримиз хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
Жорий йил 9 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда юртдошларимиз олдида нутқ сўзлар экан, биринчи марта ўша узоқ мудҳиш уруш йилларида фронтда ва фронт ортида Ўзбекистон халқи бошидан кечирган оғир синов ва қийинчиликлар ҳақида тўлиқ гувоҳлик берадиган факт ва рақамларни келтириб ўтди.
Ўша даврда республикада яшаган 6 миллион 551 минг кишидан 1 миллион 951 минг киши урушда қатнашган. Бу рақамлар ҳар учинчи ўзбекистонлик қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жангга кирганини англатади. Ушбу жангларда урушга кетган 538 минг юртдошимиз ҳалок бўлган. 158 мингдан ортиқ ўзбекистонлик бедарак йўқолган.
Энг сўнгги олиб борилган изланишлар ва тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистондан 200 мингдан зиёд аскар ва зобит турли орден ва медаллар билан тақдирланган. Илгариги маълумотларда қайд қилинганидек, 280 нафар эмас, балки 301 нафар ўзбекистонлик Қаҳрамонлик унвонига сазовор бўлгани, 70 киши “Слава” орденининг барча даражаси билан тақдирлангани ҳужжатларда ўз тасдиғини топди.
“Оловли уруш йилларида бутун Ўзбекистон халқи “Ҳамма нарса – фронт учун”, “Ҳамма нарса – Ғалаба учун!” деган ҳаётий эътиқод билан яшади”, - деди давлатимиз раҳбари ўз нутқида. - Мамлакатимиз фронт ортидаги мустаҳкам таъминот базасига айланди. Ўзбекистон халқи жанг майдонларига катта миқдорда қурол-яроғ, озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон ва бошқа зарур маҳсулотларни етказиб берди. Кўпмиллатли аҳолимизнинг фидокорона меҳнати билан республикамиздаги 300 га яқин корхонада ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Шу даврда фронт ҳудудларидан юртимизга 151 та завод кўчириб келтирилди ва ғоят қисқа фурсатда ишга туширилди. Минг-минглаб уруш қатнашчилари мамлакатимизда ташкил этилган ҳарбий госпиталларда даволаниб шифо топдилар”.
Аниқланган маълумотларга кўра, Ўзбекистонга уруш бўлаётган республикалардан 1,5 миллиондан ортиқ инсон, жумладан 250 минг бола кўчириб келинган. Улар юртимизда бошпана ва меҳр-мурувват топган. Ўзбекистонликлар юксак инсонпарварлик кўрсатиб, ўша оғир кунларда сўнгги бурда нонини ҳам эвакуация қилинганлар билан баҳам кўрган.
Бугун юксак жасорат кўрсатган ушбу жасур инсонларнинг авлодлари Москва шаҳридаги Қизил майдондан Ўзбекистон ҳарбий бўлинмаси сафида юксак ҳарбий маҳоратини кўрсатиб, параддан ўтди.
UzA