Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Ўзбекистон БМТ минбаридан ҳаётбахш ташаббусларни илгари сурмоқда

2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили 2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O'zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovlari - 2021 O’zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovlari - 2021 Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Ўзбекистон БМТ минбаридан ҳаётбахш ташаббусларни илгари сурмоқда

2 март – Ўзбекистон БМТга тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинган кун

Ўзбекистон жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари ва йирик халқаро ташкилотлар билан турли соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиб келади. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан кўп томонлама шериклик жадал ривожланмоқда.

Мамлакатимиз ушбу нуфузли халқаро ташкилотга аъзо бўлганига 30 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида БМТ билан биргаликда амалга оширилган ишлар хусусида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

–- Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунёда кечаётган ҳар қандай сиёсий жараённи мувофиқлаштириш ва бошқариш, минтақавий можароларни бартараф этиш, табиий офатларнинг олдини олиш, қашшоқликка қарши курашиш каби кенг қамровли муаммоларни ҳал этиш йўлида фаолият юритади. БМТ аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатини қўллаб-қувватловчи ягона ва энг обрўли ташкилот ҳисобланади.

Маълумки, 1992 йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси БМТга янги суверен, жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида кирди. Давлатимизни ташкилотга қабул қилиш тўғрисидаги қарор БМТ Бош Ассамблеясининг 46-сессиясида овозга қўйилмаган ҳолда қабул қилинди.

Бугунги кунда БМТ доирасида эълон қилинаётган Ўзбекистон ташаббуслари ва ушбу таклифларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши мамлакатимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши аъзолиги доирасидаги ишлар амалга оширилишида, БМТ ва тузилманинг ихтисослашган муассасалари билан кенг миқёсда олиб борилаётган ҳамкорликда яққол намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон ўтган ўттиз йил мобайнида БМТнинг фаол аъзосига айлангани, мазкур нуфузли ташкилот минбари мамлакатимизнинг глобал ва минтақавий аҳамиятга эга ташаббусларини илгари суришда муҳим платформа вазифасини бажараётгани алоҳида эътирофга сазовор.

Энг муҳими, Ўзбекистон БМТ минбаридан илгари сураётган ҳаётбахш ташаббуслар амалда ўз ифодасини топмоқда. Масалан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёни барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айлантириш ғояси асосида 2018 йил 20 июнда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» номли резолюция қабул қилинди.

Мамлакатимиз раҳбарининг «Орол денгизи қуриши билан боғлиқ фожеавий оқибатларни бартараф этиш бўйича халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатни фаол бирлаштириш» юзасидан билдирган таклифи асосида эса 2018 йил 27 ноябрда Нью-Йоркда БМТ томонидан Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст фонди ташкил қилинди.

Яна бир мисол. Президентимиз таклифи асосида 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюцияси қабул қилинди. Эътиборга молик жиҳати, мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаган 50 дан ортиқ Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакати ҳужжатга ҳаммуаллифлик қилди.

БМТ минбаридан Ўзбекистон етакчисининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувларини мунтазам равишда йўлга қўйиш тўғрисидаги муҳим таклифи ҳам ҳаётга тўлиқ татбиқ этилди. Сўнгги 3 йил ичида узлуксиз ўтказиб келинаётган шундай мулоқотлар минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш йўлида улкан аҳамият касб этмоқда. Минтақадаги барча давлатлар раҳбарлари иштирок этаётган маслаҳат учрашувларида савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация соҳаларида ҳамкорлик, сув-энергетика таъминоти, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси каби минтақа ҳаётига оид долзарб масалалар очиқ муҳокама этилиб, муҳим келишувларга эришилмоқда.

Маълумки, БМТ томонидан эълон қилинган 2015-2030 йилларда Барқарор ривожланиш мақсадлари инсониятни ҳимоя қилишга, фаровонликни оширишга қаратилган. Ушбу мақсадларга мамлакатимиз миқёсида эришиш бўйича аниқ тактика ва стратегия белгилаб олинган. Чунончи, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида давлатимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти идоралари
ва институтлари, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятини кучайтириш (96-мақсад) вазифаси қўйилган. Бунда Ўзбекистонни БМТ тузилмалари орқали дунё ҳамжамиятига
кенг танитиш билан боғлиқ ибратли амалиётни изчил давом эттириш кўзда тутилган.

Ўзбекистоннинг БМТ билан ўзаро ҳамкорлигида инсон ҳуқуқи масаласи алоҳида ўрин тутади. Айниқса, 2020 йилда мамлакатимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангач, айни йўналишдаги шериклик юқори босқичга кўтарилди. Республикамиз ушбу нуфузли халқаро тузилмага сайланиши, шубҳасиз, диёримизда инсон ҳуқуқи ва эркинлиги ҳамда қонуний манфаатини изчил таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

Тан олиш керак, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида кўп иш қилинди. Биргина соҳанинг қонунчилик асосини такомиллаштириш бўйича 30 дан зиёд қонун қабул қилинди. Парламентимиз томонидан 10 дан ортиқ халқаро шартнома, чунончи, Халқаро меҳнат ташкилотининг муҳим Конвенциялари ратификация қилинди.

Бундан ташқари, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, гендер тенглигини таъминлаш, фуқаролиги йўқ шахсларга фуқаролик бериш, диний экстремизм билан боғлиқ жиноятларни содир этишда айбланган шахсларни озодликка чиқариш, кам таъминланган аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш йўналишларида қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Шак-шубҳасиз, бу ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши 46-сессиясидаги нутқи (2021 йил февраль)да инсон ҳуқуқи мавзуси бундан буён ҳам БМТ билан ўзаро ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналиши бўлиб қолиши алоҳида таъкидланди. Бу борада Ўзбекистоннинг асосий таклиф ва ташаббуслари эълон қилинди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу нутқи мамлакатимиз инсон манфаати, унинг ҳуқуқини муҳофаза қилиш йўлида танланган йўлдан ортга қайтмаслигини, халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилиши ва фаол илгари суришини яна бир бор намоён этди.

Бугунги кунда нафақат БМТ билан, балки тузилма таркибига кирувчи бир қатор ихтисослашган муассасалар билан ҳам ўзаро самарали ҳамкорлик тобора чуқурлашиб бормоқда.

Айниқса, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан жамоат саломатлигини сақлаш борасида биргаликда олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар, хусусан, пандемия шароитида коронавирус касаллиги тарқалишининг олдини олиш, ушбу касалликка чалинган беморларни даволаш ишларини самарали ташкил қилишда эришилган натижаларни эътироф этиш зарур. ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда болалар саломатлигини асраш, улар орасида турли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, эмлаш, мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда.

ЮНЕСКО билан ҳам таълим, илм-фан ва маданият соҳаларини ривожлантириш мақсадида изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Қадимий шаҳарларимиз ва буюк аждодларимиз юбилей тадбирлари ушбу халқаро ташкилот шафелигида кенг нишонланмоқда. Мамлакатимиз ҳудудида жойлашган, жаҳон маданияти намуналари дурдонаси бўлган маданий мерос объектларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига ва Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Умуман, мамлакатимиз БМТ билан узвий ҳамкорлик қилиб, дунёда ва минтақада тинчлик, барқарорликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Ўзбекистон бундан кейин ҳам мазкур нуфузли ташкилот ва БМТнинг ихтисослашган муассасалари билан изчил ҳамкорликни давом эттиради.
Бу, ўз навбатида, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтириш, юртимиз тинчлигини мустаҳкамлаш ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.

ЎзА