Ўзбекистон « Бойсун баҳори » фестивалига тайёргарлик кўрмоқда
Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Бойсун туманидаги Паданг кенгликларида бўлиб, жорий йилнинг 7-8 май кунлари ўтказиладиган « Бойсун баҳори » халқаро фольклор фестивалига кўрилаётган тайёргарлик ишлари билан танишди, деб хабар бермоқда « Дунё » АА мухбири.
Эслатиб ўтамиз, фестиваль доирасида миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмалари, дроншоулар, этноспорт беллашувлари, улоқ-кўпкари, кураш мусобақалари ва бошқа миллий тадбирлар ўтказилади. Таниқли санъаткорлар ҳамда фольклор жамоалар иштирокида фестивалнинг очилиш маросими, шунингдек, кўрик-танлов ва спорт мусобақалари ғолибларини тантанали тақдирлаш маросимлари ташкил этилади.
Халқаро фестиваль бўлиб ўтадиган яшил адирликда юздан ортиқ ўтов ўрнатилиб, миллий урф-одат ва қадриятларимиз намойиш қилинади.
Тақдимот якунида мутасаддиларга миллий номоддий меросимиз кенг тараннум этиладиган халқаро фестивални юқори савияда ўтказиш юзасидан тегишли вазифалар топширилди.
« Дунё » АА