Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари ва Япония элчиси икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов кеча Япониянинг мамлакатимиздаги элчиси Ёшинори Фуджияма билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, учрашув чоғида томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, мавжуд келишувларнинг амалга оширилиши ва устувор йўналишларда шерикликни чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қилди.
Япония дипломатик миссияси раҳбари халқаро бизнес ҳамжамиятида мамлакатимизнинг иқтисодий, инвестициявий ва савдо салоҳиятини илгари суриш нуқтаи назаридан жорий йил март ойида ўтказилган Тошкент халқаро инвестиция форумининг кўлами ва даражасини юқори баҳолади.
Тадбирда «Sojitz Corporation», «Kyuden International», «Nekkie», «Toyota Tsusho Corporation», «Mitsubishi Corporation» ва Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) каби йирик япон компаниялари ва тижорат банклари раҳбарлари иштирок этгани Япония бизнесининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши тобора ортиб бораётганидан далолат бериши таъкидланди. Томонлар Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш учун Япония корпорацияларини жалб қилиш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан муносабатларни чуқурлаштириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга оширишда эришилган катта ютуқларни олқишлади, шунингдек, JICA фаолиятини Ўзбекистонда кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди. Чорвачилик, ирригация ва сувни тежайдиган технологиялар соҳалари бу борада энг истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон-Япония муносабатларининг бошқа йўналишларини кўриб чиқиб, амалий ҳамкорлик, икки томонлама келишувларни илгари суриш ва келишилган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишни жадаллаштириш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб олди.
“Дунё” АА