Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Теҳронда Эрон Президенти билан учрашди
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Ўзбекистон ҳукумати ва ишбилармон доиралари делегациясининг Эронга ташрифи доирасида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Теҳрон шаҳрида Эрон Президенти Сайид Иброҳим Раисий билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, суҳбат давомида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика ҳамда маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликка қаратилган Ўзбекистон-Эрон муносабатларининг кенг кўламли йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув чоғида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтиришнинг шарт-шароитларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробарга ошириш учун имконият ва зарур ресурслар мавжудлигига ишонч билдириб, бу борада аниқ амалий чора-тадбирларни амалга оширишга ўзаро тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Томонларнинг фикрига кўра, инвестициявий ҳамкорлик йўналишида ҳам кенг истиқболлар мавжуд. Буни эронлик сармоядорлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар сони тобора ошиб бораётгани, шунингдек, Эрон ишбилармон доираларининг Ўзбекистон бозори ва иқтисодий ресурсларига қизиқиши ортиб бораётгани ҳам тасдиқлайди. Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Эрон Ҳукуматлараро комиссиясининг бўлажак 14-йиғилиши доирасида бир қатор янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича битимлар имзоланиши режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Ўзбекистон ва Эрон тадбиркорлари ўртасида саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича вазифалар белгиланди. Агросаноат, сув ресурсларини бошқариш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қора металлургия, машинасозлик, енгил саноат ва тиббиёт соҳаси бу борадаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди. Шунингдек, махсус иқтисодий зоналар, хусусан, «Чабаҳор», «Арас» (Эрон) ҳамда «Навоий» ва «Ангрен» (Ўзбекистон) ЭИЗ субъектлари ўртасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш истиқболлари алоҳида таъкидланди. Юқорида қайд этилган тармоқларда аниқ инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва тасдиқлаш ҳамда икки мамлакатнинг манфаатдор тадбиркорлари орасидан лойиҳалар ташаббускорларини аниқлаш бўйича биргаликда иш олиб бориш тўғрисида келишувга эришилди.
Томонлар икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ҳамда идоралари ўртасида транспорт ва логистика соҳасида ўтказилган икки томонлама музокараларда эришилган муваффақиятларни олқишладилар. Жумладан, Ўзбекистон идоралараро делегациясининг жорий йил январь ойида Эронга ташрифи чоғида транспорт йўлакларини ривожлантириш ҳамда икки давлат ҳудудлари орқали товарлар транзити ҳажмини ошириш йўналишида келишувларга эришилди ва ҳамкорлик тўғрисидаги бир қатор муҳим битимлар имзоланди.
Томонлар икки мамлакат ва минтақа давлатларини бир-бири билан боғлайдиган янги, кам ҳаражатли савдо йўналишларини шакллантириш, шунингдек, ҳар икки мамлакатнинг транспорт ва транзит салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида биргаликдаги ишларни изчил давом эттириш устувор аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, музокаралар кун тартибига икки мамлакатнинг халқаро ташкилотлардаги иштироки доирасида биргаликда амалга ошириладиган чоралар, минтақавий хавфсизликни, минтақа мамлакатлари ўртасида иқтисодий ривожланишни таъминлаш ва транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, минтақавий аҳамиятга эга бўлган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар киритилди.
Учрашув якунида томонлар эришилган келишувларни амалга оширишга ва икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган фаол мулоқотга ўзаро содиқлигини билдирдилар.
«Дунё» АА