Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари ва Латвия ташқи ишлар вазири икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Латвия ҳукумати вакиллари ва ишбилармонлари делегациясининг ташрифи доирасида
Ўзбекистонда бўлиб турган Латвия ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичс билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, учрашув чоғида инвестициялар, савдо, транспорт ва логистика ҳамда бошқа устувор йўналишлардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Латвия корхоналарининг Ўзбекистонда бизнесни ривожлантиришга қизиқиши ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Масалан, сўнгги беш йил ичида мамлакатда Латвия капитали иштирокидаги корхоналар сони 2 баравар кўпайди. Латвия ишбилармон доираларининг Ўзбекистондаги лойиҳаларни амалга оширишдаги инвестициявий фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича фаол ҳамкорлик қилишга ўзаро тайёрлик билдирилди.
Савдо ҳамкорлигини кенгайтиришнинг муҳим истиқболлари қайд этилди – Латвия Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорларининг қаторига киради. Сўнгги беш йил ичида икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси деярли икки баравар кўпайди. Томонлар 2021 йил сентябрь ойида Рига шаҳрида Ўзбекистон савдо уйининг очилишини олқишладилар. Бу қадам икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларининг чуқурлашишига қўшимча туртки беришига умид билдирилди. Шу нуқтаи назардан, яқин келажакда икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ҳамда инвестициявий ва савдо соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини ўрганиш мақсадида Латвияда қўшма тармоқ кўргазмаси ва бизнес-форум ўтказишга келишиб олинди.
Алоҳида тартибда транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Транспорт бўйича Ўзбекистон-Латвия Ишчи гуруҳининг 1-йиғилиши жорий йилнинг 7 февралида ўтказилгани қайд этилди. Тадбир натижалари бўйича икки мамлакат Транспорт вазирликлари ўртасида ўзаро англашув Протоколи ҳамда Ўзбекистон ва Латвия ўртасида транспорт ва логистика соҳасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» имзоланди. Шу нуқтаи назардан, Латвия портларининг логистика инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотларини Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилиш ҳажмини кенгайтириш имкониятлари қайд этилди.
Учрашув иштирокчилари икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли йўналишларини белгилаб, иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Латвия Ҳукуматлараро комиссияси доирасида мулоқотни ривожлантириш долзарблигини таъкидладилар ва жорий йилнинг иккинчи ярмида навбатдаги йиғилишини ўтказиш масаласини муҳокама қилди.
Шунингдек, рақамли технологиялар, инновация ва стартаплар, ўрмончилик ва экотуризм каби томонларни қизиқтирган бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг жиҳатларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Учрашув якунида муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишларини илгари суриш ҳамда қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда фаол ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувга эришилди.
/«Дунё» АА/.