Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари ва Покистон Бош вазирининг маслаҳатчиси икки томонлама ҳамкорликнинг барча устувор йўналишларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Покистон Бош вазирининг савдо ва инвестициялар бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, музокаралар кун тартибига инвестициялар, ўзаро савдо, саноат кооперацияси ва транспорт-логистика каби соҳаларда икки томонлама ҳамкорликка оид кенг қамровли масалалар киритилди.
Покистон Бош вазирининг 2021 йил июлда Ўзбекистонга буюрган ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши атрофлича кўриб чиқилди. Қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш борасида эришилган муваффақиятлар муҳокама этилди, ҳар бир йўналишда мавжуд бўлган масалалар кўриб чиқилди ва ҳал қилинди. Келишилган лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида яқин ҳамкорликни давом эттиришга содиқлик билдирилди.
Савдо айланмасини оширишда ҳар икки давлат томонидан эришилган муваффақиятлар қайд этилди. Жумладан, 2021 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми ўтган йилга нисбатан 46 фоизга ошди. Шу нуқтаи назардан, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича олиб борилаётган ишлар ўрганилди. Томонлар ҳужжат юзасидан келишиш ҳамда жорий йил давомида унинг имзоланишини тезлаштириш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга қарор қилдилар.
Ўзбекистон томони Покистоннинг Транзит ва савдо тўғрисидаги битимни ратификация қилганини олқишлади. Келишувни ҳаётга тадбиқ этиш механизмларини мувофиқлаштириш мақсадида яқин вақт ичида икки мамлакат транспорт ва божхона идоралари раҳбарияти ва экспертлари ўртасида музокаралар ташкил этишга келишиб олинди.
Инвестиция ҳамкорлигини чуқурлаштириш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, банк соҳасида муносабатларни йўлга қўйиш борасидаги таклифлар алоҳида кўриб чиқилди. Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишни муҳокама қилиш мақсадида шу йилнинг февраль ойида Покистон компаниялари ва тижорат банклари раҳбарлари делегациясининг мамлакатимизга сафарини ташкил этишга келишиб олинди.
Транспорт ва логистика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, «Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўлини қуриш лойиҳасини ҳаётга тадбиқ этиш бўйича навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинди. Бундан ташқари, икки мамлакат ўртасида икки томонлама юк ва йўловчи ташишни янада фаоллаштиришнинг долзарблиги ҳам алоҳида қайд этилди.
Мулоқот, шунингдек, режалаштирилган бир қатор икки томонлама тадбирларни, жумладан, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ҳамда икки мамлакат хусусий сектори вакиллари иштирокида бизнес-форумга тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирларни муҳокама қилиш имконини берди.
Музокаралар якунида муштарак мақсадлар борасидаги вазифаларни бажариш ҳамда кўриб чиқилган ҳамкорлик йўналишларини илгари суриш доирасида қўшимча келишувларга эришилди.
«Дунё» АА